Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш йўлида 2025 йилда нималарга эришди?
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва эришилган келишувлар ҳақида қисқача пост қолдирди.
Уруновнинг таъкидлашича, 2025 йил Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида ҳал қилувчи ва аниқ натижаларга бой йил сифатида тарихга кирди. Йил давомида музокаралар жадаллашди, қонунчилик ЖСТ талабларига чуқур мослаштирилди ва энг юқори сиёсий даражада фаол иштирок таъминланди.
Шунингдек, йилнинг асосий натижалари қуйидагилардан иборат:
Музокаралар жараёни
2025 йил якунига келиб, Ўзбекистон ЖСТга аъзо давлатларнинг 34 тасидан 33 таси билан бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Жами 40 дан ортиқ музокара раундлари ҳамда Ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилиб, 200 дан зиёд ёзма саволларга жавоб берилди. Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Буюк Британия, Швейцария, Канада, Австралия каби йирик савдо ҳамкорлари билан келишувларга эришилди. Ҳозирча фақат битта икки томонлама музокара очиқ қолмоқда.
Халқаро ва юқори даражадаги мулоқот
Йил давомида ЖСТ Бош директори билан юқори даражадаги учрашувлар ўтказилди, Нью-Йорк ва Женевадаги муҳим халқаро тадбирларда иштирок этилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга бағишланган учта халқаро анжуман ташкил этилди. Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Женевага расмий ташрифи эса ЖСТга қўшилиш жараёнига кучли сиёсий иродани яна бир бор намоён этди.
Қонунчиликни мослаштириш ва институционал ислоҳотлар
2025 йилда ЖСТ талабларига мувофиқ 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Улар қаторида Ўзбекистон Республикасининг 4 та қонуни, 8 та Президент фармони ва қарори, 12 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳамда 6 та идоравий ҳужжат мавжуд. Шу билан бирга, яна 29 та қонун ҳужжати лойиҳаси тайёрланди. Божхона тартибга солиш, экспорт божлари, савдо ҳимоя воситалари, интеллектуал мулк, техник регламентлар, санитария ва фитосанитар ҳамда техник тўсиқлар соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Салоҳиятни ошириш ва техник ишлар
Йил давомида 30 та ихтисослаштирилган ўқув семинари ўтказилиб, 60 нафардан ортиқ давлат хизматчилари ЖСТ битимлари бўйича тайёргарликдан ўтди. 1200 дан зиёд норматив ҳужжатлар экспертлар томонидан кўриб чиқилди ва ЖСТ котибиятига 65 та расмий билдиришнома ҳамда ҳужжат тақдим этилди.
Бозорга кириш ва соҳавий мажбуриятлар
Товарлар ва хизматлар бўйича мажбуриятлар жадваллари юзасидан сезиларли илгарилаш қайд этилди ва уларни якуний мустаҳкамлаш босқичига ўтилди. Экспорт божлари, транзит эркинлиги ва савдони енгиллаштириш масалалари бўйича ЖСТ қоидаларига мувофиқ якуний муҳокамалар бошланди. Шунингдек, соҳавий ЖСТ келишувларида фаол иштирок таъминланди.
2026 йилга режалар
Келгуси йилда асосий эътибор қуйидаги вазифаларга қаратилади:
- қолган ягона икки томонлама музокарани якунлаш;
- кўп томонлама музокаралар ва Ишчи гуруҳ ҳисоботини тугатиш;
- қонунчиликни тўлиқ мослаштириш ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қатъий якунга етказиш.
«2025 йил Ўзбекистоннинг қоидаларга асосланган савдо тизимига, очиқликка ва жаҳон иқтисодиётига интеграцияга бўлган қатъий интилишини яққол намоён этди. Қўлга киритилган натижалар изчил институционал ҳамкорлик, кучли сиёсий қўллаб-қувватлаш ва ЖСТ аъзолари билан конструктив мулоқот самараси бўлди», – деб ёзади Азизбек Урунов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter