Ўзбекистонда аҳолини онлайн рўйхатга олишда рекорд қайд этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги 173-сон фармонига мувофиқ, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари икки босқичда ўтказилмоқда.
Рўйхатга олишнинг биринчи — онлайн босқичи 2026 йилнинг 15–31 январь кунлари census.stat.uz портали орқали амалга оширилди. Ушбу босқичда аҳолининг фаол иштироки ва рақамли хизматларга бўлган юқори ишончи натижасида кутилганидан анча юқори қамровга эришилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 17 кун ичида мамлакатдаги жами хонадонларнинг 82,3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ аҳоли онлайн тарзда саволномани тўлдириб, рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида рекорд сифатида қайд этилди. Таққослаш учун, Қозоғистонда 60 кунда аҳолининг 40 фоизи, Беларусьда 25 кунда 22 фоизи, Россияда эса 31 кунда 16 фоизи онлайн рўйхатдан ўтган.
Қисқа муддатда бундай натижага эришилгани аҳолининг рақамли саводхонлиги, электрон хизматлардан фойдаланиш маданияти ва рақамли платформаларга бўлган ишончи ошиб бораётганини кўрсатади.
Рўйхатга олиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида махсус ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, у жисмоний шахсларни идентификация рақами асосида аниқлайди, такрорий маълумотларни автоматик равишда саралайди ҳамда хатоликлар билан тўлдирилган саволномаларни ажратиб олади.
Онлайн босқичда иштирок этмаган ёки маълумотларни нотўғри киритган фуқаролар учун рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи 4–28 февраль кунлари ўтказилади. Бу даврда “маҳалла еттилиги” вакиллари уйма-уй юриб, маълумотларни планшетлар орқали census.stat.uz платформасига киритадилар.
Тайёргарлик жараёнида 2025 йил декабрь ойида республика бўйича 7,6 миллиондан ортиқ турар жой объектларининг GPS-координаталари аниқлаштирилди. Бу эса рўйхатга олиш жараёнларини реал вақт режимида кузатиш ва маълумотлар сифатини назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, “маҳалла еттилиги” тизимидаги 55 мингдан ортиқ ходим уч босқичли махсус тренинглар орқали тайёрланди. Натижаларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида 10–15 фоиз ҳажмда қайта текширув ишлари амалга оширилади.
Ахборот тизимининг барқарор ишлаши учун етарли сервер қувватлари ажратилган, ахборот ва киберхавфсизлик чоралари кўрилган. Фуқаролар томонидан тақдим этилган маълумотлар қонунчиликка мувофиқ муҳофаза қилинади, махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда фойдаланилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter