Аҳолини рўйхатга олиш якунланди: натижалар қачон эълон қилинади?
Кеча, 2 март куни Миллий статистика қўмитаси Ахборот, коммуникациялар ва медиа марказида мамлакатимизда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Маълум қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги 173-сон Фармонига мувофиқ, ушбу кенг кўламли тадбир икки босқичда амалга оширилди ва мамлакат тарихида илк бор тўлиқ рақамлаштирилган форматда ташкил этилди.
Онлайн босқич: 30 миллиондан ортиқ аҳоли қамраб олинди
2026 йил 15–31 январь кунлари census.stat.uz портали орқали онлайн рўйхатга олиш ўтказилди. 17 кун ичида жами хонадонларнинг 82,3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ фуқаро мустақил равишда саволномани тўлдириб, онлайн рўйхатдан ўтди.
Таъкидланишича, бу кўрсаткич аҳолининг фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини, шунингдек, рақамли хизматлардан фойдаланиш маданияти изчил ўсиб бораётганини намоён этди. Юқори натижага эришишда оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилган кенг тушунтириш ишлари, маҳалла тизими ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг уюшқоқ фаолияти муҳим омил бўлгани қайд этилди.
Уйма-уй босқич ва тўлиқ қамров
Онлайн босқичда иштирок этмаган ёки маълумотларни хатолик билан киритган фуқаролар 4–28 февраль кунлари ўтказилган иккинчи босқичда қамраб олинди. Бу жараёнда маҳалла еттилиги вакиллари уйма-уй юриб, планшетлар орқали маълумотларни бевосита электрон платформага киритдилар.
Дастлабки маълумотларга кўра, республика бўйича жами 8,3 миллионта хонадонларда яшовчи аҳоли тўлиқ қамраб олинган. Шунингдек, қўшимча турар жой объектлари, жумладан янги қурилган уй-жойлар ҳам аниқланган.
Қайд этилишича, хонадон аъзоларининг вақтинча хорижда бўлиши ёки бошқа объектив сабаблар туфайли уйда бўлмаслиги натижасида кам сонли фуқаролар рўйхатга олиш жараёнида иштирок эта олмаган.Бундай ҳолатларда 1851 қисқа рақамли колл-марказига мурожаат қилиш сўралган.
Автоматик назорат ва маълумотлар сифатини таъминлаш
Рўйхатга олиш жараёни тўлиқ рақамли тизим асосида амалга оширилди. Ҳар бир шахснинг маълумоти ЖШШИР орқали текширилди. Агар маълумотлар такрор киритилган бўлса, тизим автоматик равишда бундай ҳолатларни аниқлаб, фақат битта ёзувни қабул қилди.
Инсон омилини камайтиришга қаратилган автоматик назорат механизмлари маълумотлар сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Халқаро тавсияларга мувофиқ, натижаларнинг аниқлигини баҳолаш мақсадида тасодифий танлаб олинган хонадонларда қайта ўрганиш ишлари ҳам ўтказилади. Умумий қамровнинг 10 фоизигача бўлган қисмида қайта текширувлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Натижалар қачон эълон қилинади?
Маълум қилинишича, рўйхатга олиш жараёни якунлангани билан якуний рақамлар дарҳол эълон қилинмайди. Ҳозирда барча маълумотлар ягона базада жамланиб, техник ва мантиқий текширувдан ўтказилмоқда, номувофиқликлар бўйича қўшимча таҳлиллар амалга оширилмоқда.
Дастлабки натижалар 2026 йил 1 июлига қадар, якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган маълумотлар эса 2027 йил 1 июлига қадар эълон қилиниши режалаштирилган.
Қайд этилишича, эълон қилинадиган рақамлар бир неча босқичли текширувдан ўтган, расмий тасдиқланган ва ишончли маълумотлар бўлади.
Маълумотлар махфийлиги таъминланади
Фуқаролар тақдим этган барча маълумотлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади. Шахсий маълумотлар махфий сақланади ва фақат умумлаштирилган статистик кўринишда ишлатилади.
Ахборот тизими юқори ишончли маълумотларни қайта ишлаш марказида жойлаштирилган бўлиб, миллий сертификатга эга криптомодул орқали маълумотлар шифрланган ҳолда сақланади. Шунингдек, статистик қайта ишлашдан олдин маълумотлар шахссизлантирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter