Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда Миллий мониторинг тизими яратилади

Ўзбекистонда Миллий мониторинг тизими яратилади

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Қарор матни «ЎзА»да эълон қилинди.

Қайд этилишича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий обрўсини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини холис ва ҳаққоний баҳолашни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, кўрилаётган чораларга қарамасдан, мамлакатда тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларни юритишга ёрдам берадиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолашнинг яхлит тизими мавжуд эмас.

Мазкур ҳолат халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар билан тизимли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, масъул вазирлик ва идораларда баҳоланаётган йўналишлар бўйича тавсиялар ва бошқа давлатларнинг ижобий тажрибасини ўз ичига олган тегишли маълумотлар базасини, ходимларда эса халқаро рейтинглар методологиясини қўллаш бўйича дунёқарашни шакллантириш имконини бермаяпти.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолашнинг яхлит ва мустақил тизимини шакллантириш, шунингдек, республиканинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизимини яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Бошқарув сифати ва сиёсатнинг самарадорлигини ўлчаш, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар жараёнини баҳолаш, тадқиқотлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишга ёрдам берувчи устувор халқаро рейтингларнинг мезонлари ва индикаторлари Миллий мониторинг тизимининг таркибий қисми этиб белгиланди.

Миллий мониторинг тизими фаолиятини ташкил этишнинг дастлабки босқичи сифатида республикадаги тадқиқот институтларига алоҳида халқаро рейтинглар бириктирилди ва уларга қуйидаги вазифалар юкланди:

  • халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини аниқлаш, уларни амалдаги қонунчиликка имплементация қилиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги паст кўрсаткичларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш;
  • ўзини ўзи баҳолаш учун устувор халқаро рейтингларнинг мезонлари ва индикаторлари асосида миллий индексларни ишлаб чиқиш;
  • лойиҳалар ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга тўсқинлик қилаётган нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан эксперт таҳлил қилиш ҳамда таҳлил натижаларига кўра тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг тегишли рейтинглардаги ривожланиш жараёни тўғрисидаги ахборотларни, шунингдек, баҳоланаётган йўналишлар бўйича тавсиялар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўз ичига олган ахборот-маълумотлар базасини яратиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд ҳақиқий муаммоларнинг тизимли таҳлилини олиб бориш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • халқаро ташкилотлар, рейтинг агентликлари ва илмий муассасаларнинг экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва конструктив мулоқотни йўлга қўйиш;
  • тегишли тармоқлардаги муаммоларни аниқлаш ва аҳволни ўрганиш учун ижтимоий сўровлар ўтказиш, шунингдек, мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш доирасида турли соҳаларда юз бераётган туб ўзгаришлар тўғрисида жамоатчилик ва халқаро рейтинг агентликларини хабардор қилиш.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг