Ўзбекистонда оилалар қанчалик бахтли?
«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти жорий йилнинг март-апрел ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳрида 12 697 нафар респондент орасида оилаларнинг бахтлилик даражасини ўрганиш мақсадида социологик сўровлар ўтказди.
Оилаларнинг бахтлилик даражаси 8 та асосий индикатор ва 21 та субиндикатордан иборат интеграл индекс асосида баҳоланди. Сўровларда оилаларнинг иқтисодий фаровонлиги даражаси, демографик барқарорлиги, соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги, таълим олиш имкониятлари, иш билан таъминланганлиги, оилавий ҳаётдан қониқиш ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиш даражаси, оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятлилиги, давлат органлари фаолияти ҳамда давлат хизматларидан қониқиш даражаси ўрганилди.
Оилаларнинг бахтлилик индекси –1 дан +1 гача бўлган оралиқда баҳоланади. Методикага мувофиқ, бахтлилик индекси +0,5 дан +1 гача бўлган ҳолат «юқори», 0 дан +0,49 гача бўлган кўрсаткич «ўрта», 0 дан паст натижалар эса «паст» даража сифатида баҳоланади.
Тадқиқот натижаларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди. Баҳолаш мезонларига мувофиқ, мазкур кўрсаткич бахтлилик даражаси «юқори» эканлигини намоён этмоқда. Мазкур индикатор олдинги йилларга нисбатан барқарор ижобий ўсиш динамикасини қайд этди, дейилади хабарда.
Таққослаш учун, ушбу индекс 2023 йилда 0,560 баллни, 2025 йилда эса 0,611 баллни ташкил этган. Сўнгги тўрт йил давомида оилаларнинг бахтлилик индекси ўртача +0,058 баллга ошган.
Оилаларнинг иқтисодий фаровонлиги индикатори 2025 йилдаги 0,414 баллдан 2026 йилда 0,439 баллга ошган.
Иш билан таъминланганлик индикатори 2023 йилда 0,337 баллни ташкил этган бўлса, 2026 йилда 0,489 баллгача ошган.
Давлат органлари фаолияти ва давлат хизматларидан қониқиш индикатори 2023 йилдаги 0,372 баллдан 2025 йилда 0,505 баллга ва 2026 йилда 0,514 баллга етган.
Таълим олиш имконияти индикатори сўнгги йилларда барқарор ўсишни намоён этди. Хусусан, мазкур кўрсаткич 2023 йилда 0,399 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 0,502 баллга, 2026 йилга келиб эса 0,522 баллга етган.
Соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги индикатори 2023 йилда 0,596 баллни ташкил этган, 2026 йилда эса 0,605 баллга етган.
Оилавий ҳаётдан қониқиш ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиш индикатори 2023 йилда 0,667 баллни ташкил этган, 2025 йилда 0,734 баллга, 2026 йилда эса 0,750 баллга етган.
Оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятлилик даражаси бўйича кўрсаткич юқори даражада сақланиб қолмоқда. Хусусан, мазкур индикатор 2023 йилда 0,720 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 0,791 баллга, 2026 йилда эса 0,793 баллга етган.
Оилаларнинг демографик барқарорлиги индикатори 2023 йилда 0,828 баллни ва 2026 йилда 0,831 баллни ташкил этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter