Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири йилига ўртача 2-4 минг АҚШ доллари жўнатяпти – Марказий банк
Марказий банк халқаро миграция, пул ўтказмалари ва жисмоний шахсларнинг валюта айирбошлаш операциялари бўйича навбатдаги таҳлилий шарҳни тақдим этди.
Қайд этилишича, глобал миграция ва пул ўтказмалари кўплаб мамлакатлар учун барқарор ташқи молиялаштириш манбаи бўлиб, уй хўжаликлари даромадларини қўллаб-қувватлаш орқали ички бозорларга ижобий таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон ҳам ҳозирги кунда халқаро меҳнат миграцияси глобал йўналишларига интеграциялашиб, меҳнат муҳожирлари анъанавий давлатлар (Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия) билан бир қаторда Европа ва Осиё давлатларига йўналмоқда. Шунга мутаносиб равишда, 2024-2025 йилларда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмаларининг асосий қисми ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган.
2025 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига, меҳнат муҳожирлари ишлайдиган мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан барқарор даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда улардаги иқтисодий фаолликнинг ошиши ҳамда миллий валюта курслари мустаҳкамланиши ҳам таъсир қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси географиясида диверсификация жараёнлари давом этиб, бу ривожланган мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмлари ўсишида намоён бўлди.
Хусусан, трансфертлар ҳажми:
- Буюк Британиядан 39 фоизга;
- Европа Иттифоқи мамлакатларидан 37 фоизга (Ирландия 2,6 баробар, Хорватия 2,5 баробар, Словакия 67 фоиз, Литва 57 фоиз, Нидерландия 49 фоиз, Полша 9 фоиз);
- АҚШдан 15 фоизга;
- Жанубий Кореядан 15 фоизга ошиши меҳнат миграциясининг янги йўналишлар бўйича кенгайиб бораётганини англатади.
Регулятор пресс-релизига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 2024 йилга нисбатан 28 фоизга (4,1 млрд долл) кўпайиб 18,9 млрд долларни ташкил этди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда анъанавий ва банк ўтказмалари кесимида бир қабул қилувчига тўғри келадиган ўртача йиллик ўтказма суммаси 2-4 минг доллар эквивалентини ташкил этади.
Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми эса 2024 йилга нисбатан 5 фоизга (138,4 млн долл) қисқариб, 2,7 млрд долларни ташкил қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter