Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

«Ўзбекона конспект» ёхуд ўзбек талабаларининг ҳавога совурилган (совурилаётган) умрлари ҳақида

«Ўзбекона конспект» ёхуд ўзбек талабаларининг ҳавога совурилган (совурилаётган) умрлари ҳақида

Фото: «Asiaplus.tj»

Мақтаниш эмас, саноқли «4» баҳоларимни ҳисобга олмаса, ҳар доим «5» баҳога ўқиганман. Шундан келиб чиқиб, назарий жиҳатдан, Жаҳон тиллари университетини «Қизил диплом»га тугатган пайтимда мен француз тилини камида французлардай билишим керак эди. Лекин Франциянинг Сиёсий фанлар институтига ўқишга кириб, у ерга ўқишга боргачгина мен ўзимнинг асл даражамни англаб етганман...

Франциянинг олий таълим муассасалари орасида Сиёсий фанлар институти алоҳида ўрин тутади. «Бойлар»ни, «буржуйлар» ва «мансабдорлар»ни ёқтирмайдиган айрим французлар бу олийгоҳни «фақат элита учун кадрлар тайёрловчи» олийгоҳ деб «камситиб» атайдилар, аммо мен ишонч билан айтишим мумкинки, бу олийгоҳ сифат ва савия жиҳатидан нафақат Франциядаги, балки дунёдаги кўплаб олийгоҳларга ўрнак бўла олади.

У ерда мен (шахсий кузатувим) иккита «қоида»нинг гувоҳи бўлдим : 1. Сен чет элликмисан ёки французмисан, бунинг аҳамияти йўқ. Ҳужжат топшириб, ўқишга кирдингми, энди ўқийсан. Масалан, тилни яхши билмаслигинг бу сенинг шахсий муаммойинг. 2. Сен билимлимисан ёки билимсизмисан, бунинг аҳамияти йўқ. Ўқишни эплайман, деб ишонтириб кирдингми, энди ўқийсан. Масалан, ўтилаётган фанларни олдин ўтмаганлигинг бу сенинг муаммойинг. Ўқий олмасанг, Хайр!...

... Ўзбекистонда олийгоҳда ўқиган пайтларимизда мен битта нарсани, яъни «конспект»ни ёмон кўрар эдим. Чунки бизлар (талабалар) биринчи курсдан тўртинчи курсгача (баъзан ундан кейин магистратурада ҳам) биринчи парадан охирги парагача деярли ҳар доим конспект ёзишга мажбур эдик. Конспект ёзмаган талабалар дарсга киритилмаслиги ёки уларга «НБ» (дарсада қатнашмаган) қўйилиши мумкин эди. Конспект дафтари семестр охирида — «Сессия» пайтида сўралиши мумкин эди ва конспект ёзмаган талабалар ёмон баҳолар олишлари мумкин эди.

Ўзи «конспект» нима? «Конспект» сўзи аслида бирон мавзунинг қисқача мазмуни, баёни деган маънони билдиради. Шундан келиб чиқиб, конспект ёзиш ёмон эмас, аксинча ижобий амалдай туюлади.

Аммо конспектнинг ўзбекча варианти мавзунинг қисқача мазмуни ёки баёнини эмас, балки дарс парасининг бошидан охиригача домла китобдан ўқиб, «диктант» қилиб ёздирадиган ва талабалар ёзиб олишлари мажбурий бўлган матнни билдиради. Конспект ёзиб келиш (китобдан кўчириб келиш) уйга ҳам вазифа қилиб бериб юборилиши мумкин. Яъни «карикатура» қилиб айтиладиган бўлса, ўзбек талабалари билим олиш ва савод чиқаришнинг ўрнига, биринчи курсдан охирги курсгача ўқишни 5-синф ўқувчисига ўхшаб «диктант» ёзиб ўтказадилар. Энг ёмони, у «диктантлар» ёзиладими ёки ёзилмайдими, ўқиладими ёки ўқилмайдими, асосийси, улар доим мажбурийдир. Шу тарзда ДОМЛАлар (барчаси эмас) ортиқча меҳнат қилмасдан ойлигини олаверадилар, ТАЛАБАларнинг умрлари эса диктант ёзиш даражасида қолиб кетаверади.

Шунинг учун мен «ўзбекча конспект»нинг ғоясига ҳар доим принципиал қарши бўлиб келганман. Дарсларда домлаларимизга «Конспект ёзмайман, лекин истаган пайтингизда савол берсангиз мавзуни гапириб бераман» деб шарт қўяр эдим. Айрим домлаларимиз менинг «ноҳақлигим»ни исботлаш учун роса уринган пайтлари ҳам бўлган. Худога шукурки, уларнинг ҳеч бирларига мени «мот» қилиш насиб этмаган…

… Париж Сиёсий фанлар институтида ўқишлар бошлангач, мен ўзимни ўзга дунёга тушиб қолгандай ҳис қилганман. У ердаги ҳеч нарсани билмайман ва тушунмайман. Дарсларимиз икки хилда бўларди: катта залда умумий ўтиладиган (биздаги «лекция») ва синфларда алоҳида ўтиладиган дарслар. Синфларда ўтиладиган дарсларда домлаларимиз фақатгина биринчи дарсдагина дарс ўтганлар. Ўша дарсда улар бизга бир семестрга оид мавзуларни бўлиб бериб, қўлимизга икки варақ адабиётлар рўйхатини тутқазганларда, «кейинги дарсдан бошлаб энди сизлар гапирасизлар» деганлар.

Мен уларни ҳазиллашяпти деб ўйласам, улар рост айтган эканлар. Шу билан семестрнинг охиригача, бизлар (талабалар) адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиб, интернетдан ва бошқа жойлардан маълумотлар топиб, ҳар бир дарсга тайёрланиб келар эдик ва мавзуни навбатма-навбат ўзимиз гапиришимиз керак бўлар эди. Домлаларимиз эса фақат бизни эшитар ва баҳолаб борар эдилар, холос. Ўшанда, меҳнат қилиб ўқийдиган ўқишдан чарчаган пайтларимда менга «диктант ёзиб ўқийдиган» ўқишнинг қадрлари билиниб кетар эди.

Катта залдаги умумий дарсларда эса, домла олдидаги микрофонга тўхтамасдан гапириб кетаверарди, бизлар ҳоҳласак ўзимизга «конспект ёзиб олишмиз» (ёки ёзиб олмаслигимиз) мумкин эди. Мана бундай конспект ёзишни конспект ёзиш деса бўларди. У конспектни олсангиз ҳам, олмасангиз ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Домла диктант қилиб ҳам ёздирмасди, такрорламасди ҳам, сессиянинг охирида «Конспект дафтаринг қани?» ҳам демасди. Конспект бу талабанинг шахсий муаммоси эди. Ёза олсанг ўзинга фойда, ёза олмасанг дарсларни қаердан ўргансанг топиб ўрганаверасан.

Шахсан мен адабиётлар рўйхати билан мустақил ёки гуруҳда ишлашга ва домла гапириб кетаверадиган дарсда конспект олишга ўрганган эмас эдим. Буни менга бакалаврда ҳам, магистратурада ҳам ўргатган эмаслар. Бизга фақат «диктант» ёздирганлар. Бир семестр давомида бошини китобдан кўтармасдан диктант ёздирган домлаларимиз ҳам бўлган. Шу сабабдан, Париждаги ўқишимнинг илк семестрлари жуда қийин кечган. Мен ўзимизда, Ўзбекистонимизда ҳам дарслар хўжакўрсинга, «диктант ёздириш» шаклида эмас, балки талабаларни билим олишга чорлайдиган ва янгиликлар излашга, яратишга интиладиган шаклларда ўтишини орзу қиламан.

Ўзбекистон таълим тизимидаги талабаларни саводсиз қилиб, уларнинг умрларини кўкка совурадиган иккита иллатнинг биринчиси «кўчирмачилик» бўлса, иккинчиси «ўзбекча конспект»дир. Агар келажакда талабаларимиз 4 ёки 6 йил ўқиб, охирида фақат «диктант» ёзишни ўрганиб (ўшанда ҳам ўргансалар) битирадиган мутахассислар бўлишларини хоҳламасак, бир кун келиб, биз албатта «ўзбекча конспект» иллатидан воз кечишимиз ва унинг ўрнига дарсларимизда самаралироқ методларни қўллашимиз керак бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг