Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент фармони: «Ўзбекенгилсаноат» АЖ фаолияти тугатилиб, ўрнига янги уюшма тузилди

Президент фармони: «Ўзбекенгилсаноат» АЖ фаолияти тугатилиб, ўрнига янги уюшма тузилди

Тўқимачилик саноати

Фото: «kun.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 декабр куни «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фармомнда ўтказилган ўрганишларда мамлакат тўқимачилик саноатининг изчил ривожланишига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммолар аниқлангани алоҳида таъкидлаб ўтилди:

— биринчидан, тармоқнинг етарли салоҳиятига қарамасдан, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришда уйғунлашган технологик занжирнинг мавжуд эмаслиги сабабли 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши атиги 4,6 фоизни ташкил этди;

— иккинчидан, тўқимачилик саноатининг бошқарув тизими тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларига жавоб бермайди, бу эса ҳал этилмаган муаммоларнинг тўпланиб қолишига олиб келмоқда ҳамда унинг жадал модернизация қилинишига тўсқинлик қилмоқда;

— учинчидан, миллий стандартлар ва тўқимачилик маҳсулотларининг синовлари бўйича лабораторияларнинг халқаро стандартлар ва талаблар билан уйғунлаштириш ишларининг қониқарсизлиги, шунингдек, сифат менежменти замонавий тизимларини жорий этишнинг паст даражада эканлиги маҳаллий маҳсулотларни йирик хорижий савдо бозорларига чиқаришга, экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳамда маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигига бўлган ишончни оширишга тўсиқ бўлмоқда;

— тўртинчидан, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва тўқимачилик саноати ривожланишининг истиқболли йўналишларини белгилаш учун шарт-шароит яратмаяпти;

— бешинчидан, хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларининг нооқилона тақсимланиши, логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ташкил этишдаги камчиликлар ишлаб чиқариш қувватлари анча қисмининг тўхтаб қолишига, иқтисодий йўқотишларга ва оқибатда маҳсулотлар таннархининг ошишига, шунингдек, ишлаб чиқариш рентабеллигининг пасайишига олиб келмоқда;

— олтинчидан, тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг барқарор устунлик қилиши, юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорларида муносиб рақобатлашишга қодир бўлган миллий брендларни шакллантиришнинг етарли даражада эмаслиги тўқимачилик саноати корхоналари даромадларини ошириш имконини бермаяпти;

— еттинчидан, кадрлар тайёрлаш тизими тўқимачилик саноатининг реал эҳтиёжларига жавоб бермайди, тармоқни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ўқитишнинг инновацион йўналишларини жорий этиш ва илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш юзасидан халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Мазкур фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш «Йўл харитаси» тасдиқланди ва вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар раҳбарлари «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгар этиб белгиланди.

Шунингдек, 2018 йил пахта ҳосилидан бошлаб, эксперимент тартибида маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан (кейинги ўринларда фермер хўжаликлари деб юритилади) пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш, шу жумладан, қуйидаги шартларни назарда тутувчи тизим жорий этилди:

— харид қилинадиган пахта нави ва ҳажми, уни етказиб бериш муддатлари ҳамда тартиби фермер хўжалиги ва тўқимачилик саноати корхонаси ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади;

— пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш пахта тозалаш корхонаси томонидан қайта ишлаш асосида ёхуд тўқимачилик корхонаси томонидан хусусий ёки ижарага олинган пахта тозалаш корхонасида амалга оширилади;

— тўқимачилик саноати корхоналари фермер хўжаликларининг харажатларини (чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, иш ҳақини тўлаш ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари, бошқа сарф-харажатлар) тузилган шартнома қийматининг камида 60 фоизини аванс бериш йўли билан молиялаштиришни амалга оширади;

— тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинадиган пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг ҳақиқий харажатларини
ва рентабеллигини таҳлил қилишдан келиб чиқиб, шартнома асосида белгиланади ва давлат эҳтиёжлари учун ўрнатилган нархлардан паст бўлмаслиги лозим;

— тўқимачилик саноати корхоналари олинган чигитни шартнома асосида ёғ-мой корхоналарига, қўшимча маҳсулотларни (линт, ўлик пахта) бошқа истеъмолчиларга реализация қилади;

— тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинган пахта хом ашёсидан фақатгина уни кейинчалик чуқур қайта ишлаш учун фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

— 2018 йил 10 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш тизимига киритилаётган экспериментни ҳисобга олган ҳолда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномаларининг фермер хўжаликлари билан ўрнатилган тартибда қайта тузилишини;

— 2018 йил 15 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари билан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс беришнинг киритилаётган тизимини ҳисобга олган ҳолда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари фермер хўжаликлари билан қайта тузилишидан келиб чиқиб, эксперимент ўтказиш учун ҳудудлар ва ер участкалари майдонларининг белгиланишини;

— тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари билан пахта хом ашёсини етиштиришга шартнома тузган фермер хўжаликларини аниқлашни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 1 февралга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари баланси шакллантирилишини;

— 2018 йил 15 январга қадар муддатда 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси учун давлат хариди нархи белгиланишини;

— қайта тузилган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 20 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари билан қамраб олинмаган фермер хўжаликлари кесимида 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси экилиши учун «Ўзпахтасаноат» АЖ буюртмасининг ҳажми аниқланишини таъминлайди.

Ушбу ҳужжатга кўра, тўқимачилик саноати корхоналари, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасини («Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси) ташкил этилди. «Ўзбекенгилсаноат» АЖ унинг мол-мулклари ва давлатга тегишли бошқа маблағлари, шунингдек, дебитор қарздорлигини кейинчалик «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига беғараз ўтказиш орқали тугатилди.

Тўқимачилик саноати корхоналари — «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари 2021 йил 1 январга қадар муддатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда юқори сифатли маҳсулотларни ягона «Uztextile» белгиси билан экспорт қилади. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига давлат божини тўламаган ҳолда уюшма аъзоларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қарорлари, ушбу органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи ҳам берилди.

Фармон билан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, А.Авлоний кўчаси, 20-уй манзили бўйича бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилди.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Мирзаев, Н.Отажонов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Абдуллаев зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг