Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент матбуот котиби Самарқанддаги фожиа сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди

Президент матбуот котиби Самарқанддаги фожиа сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди

Фото: «Facebook» / Комил Алламжонов

14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли Диана Енекеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани, ўқитувчини зудлик билан шифохонага олиб боришларига қарамай жони узилгани ҳақида хабар берган эдик.

«Xabar.uz»нинг Самарқанддаги махсус мухбири Каримберди Тўрамурод Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг меҳнат таълими ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекееванинг ўлимига сабаб бўлган ҳодисани ўрганди ва фожиа ўқитувчилар Ўзбекистон Президентининг ташрифи муносабати билан ихтиёрий-мажбурий жамоат ишларига жалб қилинганда рўй берганини аниқлади.

Хабар берганимиздек, айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлиб турибди.

Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ҳақида шундай ёзади: «Ҳар бир масаланинг ичига кириш, топшириқлар бериб, унинг ижросини назорат қилиш – Шавкат Мирзиёевнинг ўзига хос иш услуби. Президентимиз ўтган йили мамлакатимизнинг барча ҳудудларига бориб, қўшимча имкониятларни ишга солиш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берган эди. Бу йил яна шу ҳудудларга сафар қилиб, топшириқлар қандай бажарилганини кўздан кечираяпти. «Мен нимага жойларда ўзим юрибман, ҳамма масалалар билан ўзим шуғулланяпман? Чунки иқтисодиётимизни тўғрилаб олишимиз керак, одамларни иш билан таъминлашимиз, оилаларга даромад манбаи яратиб беришимиз керак», деган эди Шавкат Мирзиёев шундай сафарларнинг бирида. Давлатимиз раҳбари бугун Самарқандга етиб келди. Ҳар доимгидек, ташрифнинг биринчи куни асосан туманларда бўлиб, кечга яқин вилоят фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказади».

Ушбу хабарга муносабат билдирган «Facebook» фойдаланувчиларидан бири Президент матбуот котибига «ҳокимлар Президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб тозалаш ишларига «мажбурлаши», бунинг оқибатида бир неча кун муқаддам Самарқанддаги катта кўчани тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этганини маълум қилиб, бу каби мажбурий меҳнатга жалб этиш ишлари қачон тугатиши ҳақида сўраган.

Комил Алламжонов мазкур саволга қуйидагича жавоб беради:

«Бўлиб ўтган ҳодиса, албатта, жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозир ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман».

Скриншот: «Facebook» / Комил Алламжонов
Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг