Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қодиров занжири». Яна бир собиқ прокурорга нисбатан жиноят иши очилди

«Қодиров занжири». Яна бир собиқ прокурорга нисбатан жиноят иши очилди

Фото: «Uznews.uz»

«Xabar.uz»га пайдар-пай келиб турган хабарларга кўра 2018 йилнинг 22 февраль куни ҳибсга олинган Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировга қарши қўзғатилган жиноят иши юзасидан ўтказилаётган тергов жараёнида «занжир реакцияси» рўй бермоқда. Товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олишда гумон қилинаётган Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори ортидан бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ вакиллари қўлга олинган.

Ҳибсга олингани айтилаётганлар рўйхатида Рашиджон Қодировнинг собиқ ўринбосари, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Суннатов, Қодировнинг куёви, Сурхондарё вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси тергов бўлимининг собиқ раҳбари Нодир Тўрақуловлар борлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бизга маълум бўлишича, Рашиджон Қодиров қўлга олингани ҳақида расман маълумот берилган куни Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев ҳам қўлга олинган ва унга нисбатан ҳам жиноят иши очилган. Ҳозирча у қайси жиноятлар бўйича айбланаётгани бўйича маълумотга эга эмасмиз. Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бу маълумотни тасдиқлашмади ҳам, инкор ҳам этишмади.

Жамшид Файзиев қачон ва қаерда туғилгани, қаерда таҳсил олгани ҳақида маълумотлар йўқ. Интернетдаги очиқ манбаларда қайд этилишича, у Бош прокуратуранинг коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг ўта муҳим масалалар бўйича катта терговчиси, сўнгра ушбу бошқарманинг бошқарма бошлиғи бўлган. 

2013 йилнинг март ойигача ўша пайтдаги Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2013 йилнинг 18 мартида Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган. Бироқ мазкур постда у атиги 9 ойгина фаолият юритган ва матбуотга номаълум сабабга кўра лавозимидан четлаштирилган эди.

Шундан сўнг анча вақтгача жамоатчилик эътиборидан четда қолган Файзиев 2017 йили ҳеч кутилмаганда Тошкент вилояти прокурори курсисини эгаллаганди. Бунда аввалги алоқаларининг ёрдами бўлгани тахмин қилинади.

У Президент Шавкат Мирзиёевнинг бир неча бор қаҳрига учраган эди. Хусусан, 2017 йил 8 январда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари уни киноя билан «жаноб Файзиев» деб чақирган. 2017 йилнинг июль ойида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Президент прокурор Жамшид Файзиевни қаттиқ танқид қилган эди:

«Тошкент вилоятида аҳвол ниҳоятда оғир. Ҳеч бир вилоятда бўш турган 590та бино йўқ. Мен нима учун прокурордан норозиман? Нима учун бир марта чақириб, ўзи кенгаш ўтказиб, сен ноинсоф нима қиляпсан, деб талаб қилмайди? Нима учун? Қонун ижросини таъминловчи энг катта идора ким? Ким, ўртоқ Файзиев?

Давлат формасини кийиш ифтихор. Ҳеч кимга давлат формасини кийиб ғўддайишига йўл қўймайман. Сенларнинг ҳидларинг одамларга ёқиши керак, кўриб ҳавас қилиши керак. Сенларни эса кўрган одам қўрқади. Биз прокуратурани шундай шарманда қилганмиз, айрим ноинсофлар раҳбарлик қилган пайтда. Ҳеч кимга ҳаром йўл билан топилган нарса буюрмайди, шуни билинглар. Аста-cекин ҳаммасини жой-жойига қўямиз, фақат вақт керак!», деган эди Президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ўтган йилнинг 2 августида ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам прокурорларни «энг катта ўғрилар» деб атаб, «ўғри тизимдан қолганлар»ни охиригача тозалашини таъкидлаган ва Файзиевга вазиятни ўнглаш учун 10 кун муҳлат берганди. Аммо орадан бир неча ой ўтиб, аниқроғи 30 октябрь куни Жамшид Файзиев ишдан олинган, бунга сабаб қилиб, вилоятда пахта ҳосилига қўшиб ёзилгани кўрсатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Жамшид Файзиев 2002 йилнинг 28 августида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ «Жасорат» медали билан тақдирланган. Ўшанда у Бош прокуратуранинг коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг ўта муҳим масалалар бўйича катта терговчиси сифатида фаолият кўрсатган. Шунингдек, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаётган вақтида, яъни 2008 йили II даражали «Шон-шараф» орденига сазовор бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг