Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қурилаётган арзон уй-жойлар сифати депутатлар эътирозига сабаб бўлди

Қурилаётган арзон уй-жойлар сифати депутатлар эътирозига сабаб бўлди

Фото: Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Бугун, 25 декабрь Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев иштирок этгани ҳақида хабар бергандик.

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар беришича, қуйи палатадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан киритилган «Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар тўғрисида»ги масала юзасидан депутатлар саволларига қурилиш вазири атрофлича маълумот берган.

2018 йилда жами 13 917 хонадонли 335 та уй-жой қурилиши режалаштирилган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари чоғида берган топшириқларига асосан эса, қўшимча 90 та уй бунёд этилиши белгиланган. Шулардан 79 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилган. Қолганларида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 январдаги «2018 йилда уй-жой қурилишини ривожлантириш мақсадли дастурларини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ эса, аҳоли учун жами 16 360 та арзон уй қурилиши белгиланган. Шундан 5 942 тасида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган.

Бу борада қурилиш ташкилотлари учун қатор имтиёзлар берилаётган бир пайтда кўплаб камчиликлар ҳам учраб тургани «Ҳукумат соати»да таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар халқимизни уй-жой билан таъминлаш, қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида якунлаш, шунингдек, ҳудудларда бунёд этилаётган уйлар атрофида инфратузилмаларни яратиш борасидаги масалалар, одамларни ўйлантираётган муаммолар хусусида жиддий саволлар билан мурожаат этдилар.

Айниқса, депутатларнинг эътирозига сабаб бўлган масала — Тошкент, Сирдарё, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларида қурилиши режалаштирилган 4539 та уй-жойдан бугунги кунгача бирортаси ҳам фойдаланишга топширилмаганига изоҳ сўралди.

Депутатларнинг фикрича, уй-жой қурилиши борасида топшириқлар ижросини муддатидан олдин бажариш, ҳисоботлардаги статистиканинг ижобий бўлишини таъминлаш илинжида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам бир қатор камчиликларга йўл қўйилганидан кўз юмиб бўлмайди. Чуқур ўйланмасдан, тегишли хулосалар асосида иш олиб борилмаслиги баъзи ҳудудларда қуриб битказилаётган уй-жойларга аҳолини жойлаштиришда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Вазир депутатлар саволларига жавоб қайтарар экан, бундай ҳолатларга нисбатан вазирлик ва тегишли инспекция томонидан ҳам жиддий назорат олиб борилаётгани, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилаётганини қайд этди. Ўз навбатида, назорат қилувчи ва қурилиш объектларини қабул қилиб олувчиларнинг ҳам масъулиятини ошириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

«Ҳукумат соати» доирасида берилган савол-жавоблардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вазирлик фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Хусусан, уй-жой қурилиши соҳасидаги 27 йил аввал ишлаб чиқилган, ҳозирда мутлақо талабга жавоб бермайдиган нормативларни буткул янгидан ишлаб чиқиш, шунинг баробарида Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш тавсия қилинди.

Йиғилиш якунида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг