Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рихсивой Аббосхонов: «Соҳамизга оид чиқаётган қарорлар амалга ошмаяпти» (видео)

Рихсивой Аббосхонов: «Соҳамизга оид чиқаётган қарорлар амалга ошмаяпти» (видео)

Фото: «Turon24.uz»

Брайл ёзувида китоб чоп қилувчи босмахоналар фаолиятига доир қарорлар етарлича ижро этилмаяпти, дейди Брайл ёзувида китоблар, дарсликлар чоп этувчи босмахона бош муҳаррири Рихсивой Аббосхонов. «Мактабларда ўқув қуроллари етишмайди, оддий инсонлар ручка, қалам ва қоғозлардан фойдаланишса, бизнинг махсус дафтарларимиз, грефел деб номланувчи ўқув қуролларимиз бор, булар билан мактаб ўқувчилари таъминланмаган. Бу ўқув қуроллари Ўзбекистонда ҳеч қаерда ишлаб чиқарилмайди», дейди суҳбатдош.

- Ассалому алайкум, Рихсивой ака, сизни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Брайл ёзуви ҳақида гапириб берсангиз.

- Брайл ёзуви француз олими Луи Брайл номига қўйилган. У 1809 йили бу ёзувни кўзи ожизлар учун ихтиро қилган. Ёзувга кўра, олти нуқтали комбинация, яъни олтита нуқтанинг жойлашувидан ҳарфлар ҳосил қилинади ва бу бармоқ сезгиси орқали ўқилади. Шу ёзув Брайл ёзуви дейилади. Кўзи ожизлар бутун дунёда ва бизда ҳам шу ёзув орқали ўз саводларини оширадилар, таълим оладилар.

Мамлакатимизда 1949 йилда босмахона ташкил қилинган ва бу босмахонада Брайл ёзувида матбаа воситалари – дарсликлар, журналлар, бадиий китоблар чоп этилиб, тайёрланиб ўқувчиларга етказилади.

- Босмахона 1949 йилда ташкил этилган, деб айтдингиз. Бу ердаги иш фаолиятингизни нимадан бошлагансиз ва неча йилдан бери ишлаб келасиз?

- 1993 йилдан бери шу жойда оддий ҳарф терувчиликдан иш бошлаганман. Бугунги кунда бош муҳаррирлик даражасига етиб келдим.

- Босмахонанинг асосий муаммолари нимада?

- Бизга очиқдан-очиқ халақит берадиган нарсалар – соҳамизга оид чиқариладиган қарорларнинг амалга оширилмаётгани. Масалан, 2014 йилда бизга 450 минг доллардан зиёд нархдаги янги технологияларни келтириш тўғрисидаги қарор ижросиз қолиб кетди. 2007 йилда технологиялар бўйича «Ижтимоий ҳимоя йили давлат дастури»га киритилган маблағ (маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор) ҳам ижросиз қолиб кетди. Бу йил март ойида Вазирлар Маҳкамасининг 247-сонли қарори чиқди. Ижроси октябрь ойига деб белгиланган бу қарор Брайл ёзувида матбаа уйи ташкил этиш тўғрисида эди, бу ҳам ижросиз қолди.

Биз ҳаракатимизни олий ва ўрта махсус таълимга йўналтирганмиз, заиф кўрувчиларнинг йўналиши умуман тўхтаб қолган. Дарсликлар сифатини ошириш, ўқувчиларни аввал дарслик билан тўлиқ 100 фоиз қоплаш керак. Кейин уни сифатли ҳолда етказиб бериш керак. Мактабларда ўқув қуроллари етишмайди, оддий инсонлар ручка, қалам ва қоғозлардан фойдаланишса, бизнинг махсус дафтарларимиз, грефел деб номланувчи ўқув қуролларимиз бор, булар билан мактаб ўқувчилари таъминланмаган. Бу ўқув қуроллари Ўзбекистонда ҳеч қаерда ишлаб чиқарилмайди.

Мактабдан кейинги таълим – ўрта махсус ва олий ўқув юртларида айнан кўзи ожизлар учун ҳеч нарса йўқ. Улар ҳам таъминланиши, ахборот марказлари, кутубхоналарида Брайл ёзувида китоблар ёки ҳеч бўлмаса, Брайл ёзуви принтерлари жойлаштирилиши керак. Дарсликларни босмахона етказиб бера олмаса ҳам, ўша принтердан оддий конспект сифатида чиқара олиниши керак. Овоз ёзиш студиялари ёпилиб кетган, буларни қайта тиклашимиз керак, олдинда турган ва ҳал қилиниши керак бўлган бу муаммолар бор.

Асосий давлат буюртмаларини амалга оширганимиз учун бу йўлда бизга қийинчилик туғилган. Молия вазирлиги томонидан эса бизга асосан хомашё ва иш ҳақига пул тўланган. Бошқарув аппаратини сақлаб туриш, биноларни капитал ремонт қилиш ёки технологияларни замонавийлаштириш, янгиларини харид қилиш каби масалаларда қийинчиликка дуч келганмиз.

- Молиявий муаммолардан ташқари, кадрлар муаммоси қандай ҳал қилинади?

- Мутахассислар халқ амалиёти йўлидаги устоз-шогирдлик анъанаси бўйича тайёрланади, чунки бизда матбаа йўналишида таълим бериладиган жойларда Брайл йўналиши бўйича ҳеч қандай ихтисослик йўқ. Мутахассисни асосан ўзимиз тайёрлаймиз, малакамизни хориждаги турдош корхоналарда оширамиз. Асосий ҳамкорларимиз – Россия ва Германиядаги ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз.

Охирги беш йил билан солиштириб айтадиган бўлсак, беш йил олдин бу жойда 25 та одам фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда 42 киши меҳнат билан банд.

- Биз бу ерда китобларни кўряпмиз, «Математика», «Атрофимиздаги олам», «Инглизча-ўзбекча луғат» ва қўлингизда «Алифбо сабоқлари» турибди. Мана шу бир дона китобни нашр қилиш учун қанча вақт кетади?

- Ҳозир эҳтиёж катта бўлгани учун корхонамизда ҳам замонавий, ҳам аввалги технологиялар бор, эскиларидан воз кечмаганмиз. Улардан бир пайтнинг ўзида фойдаланяпмиз. Замонавий технологияларимиз етарли эмас, умумий эҳтиёжни қондирмайди. Шунинг учун иккала услубда ишлаяпмиз. Бир номдаги 10 табоқли китоб китоб ҳолига келгунича 3 ой вақтимизни олади. Маблағ масаласига келадиган бўлсак, бугунги кунда қўлимдаги китобнинг адади юз нусха бўлса, бир донаси олтмиш минг сўмдан тушади.

Беш йил аввал йилига 8-10 номдаги дарслик ёки матбаа воситаларини тайёрлаган бўлсак, бугунги кунда уларнинг сони 21 тага етди. Лекин бу тўлиқ эҳтиёжни қопламайди. Тўлиқ эҳтиёжни қоплаш учун 100 ва 120 тагача номдаги матбаа маҳсулотини тайёрлаш керак бўлади. Ҳозир бажараётган ишимиз эҳтиёжнинг 15 фоизини қондиради.

- Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун махсус кутубхоналар борми? Агар бор бўлса, уларнинг ҳолати қандай?

- Ўзбекистонда ҳозирги кунда жами 102 та махсус кутубхона мавжуд. Улар бадиий адабиётлар билан етарли даражада таъминланмаган. Фаолияти ҳозирги кунда бошланди, қарор қабул қилинди, лекин ҳали бу ишлар йўлга тушиб кетгани йўқ.

Етишмовчиликларни жамлаб турувчи ҳуқуқий ҳужжат керак бўлиб қолди, деб ўйлайман. Давлат томонидан чиқарилиши керак бўлган бу ҳуқуқий ҳужжатда фақат матбаа воситаларини нашр этиш эмас, аввало, матбаа уйини ташкил қилиш, у уйни технологиялар билан таъминлаш, унга кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби ҳамма нарса қамраб олиниши керак. Чунки қайси технология билан ишлашингиз маълум бўлганидан кейин мутахассис етиштирилади. Ундан кейин матбаа уйига солиқлар, тўловлар, ишлатиладиган электр энергияси, газ, сув учун бериладиган имтиёзлар керак. Мана шу имтиёзларни ўзида акс эттира олган, хомашё билан таъминлашга қаратилган, барча муаммоларни бирлаштирган ва бу масалага ечим берадиган алоҳида ҳуқуқий ҳужжат керак. Бу – менинг фикрим.

- Бош муҳаррир сифатида ишлашингиздан асосий мақсад нима?

- Асосий мақсадимиз – ўзимиз ва ўзимизга ўхшаган фуқароларга ёрдам бериш!

                                                                                                          Ҳикмат Пўлатов суҳбатлашди

Манба: turon24.uz

Манба: turon24.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг