Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилади
Парламент Қуйи палатаси мажлисида депутатлар «Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги палата қарори лойиҳасини кўриб чиқди.
Таъкидланишича, Самарқандни «Миллионли шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Оқдарё туманидан 1 410,6 гектар, Пастдарғом туманидан 1 242,3 гектар, Самарқанд туманидан 13 308 гектар, Тойлоқ туманидан 1 265,6 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилмоқда.
Шаҳардан 518 гектар ва Самарқанд туманидан 1 551 гектар ер майдони Пастдарғом тумани, Самарқанд туманининг 28 295 гектар ер майдони эса Тойлоқ тумани таркибига ўтказилмоқда. Бунда шаҳар ва туманлар таркибига ўтказилаётган ерларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган.
Ушбу чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳрининг ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектарга кенгайиб, янги лойиҳалар учун имкониятлар яратилмоқда. Бу орқали шаҳар аҳолиси 604 минг нафардан 882 минг нафаргача ошади. Шунингдек, янги уй-жой массивларини барпо этиш бўйича «Ширин» шаҳарчаси, «Темир йўл орти» ҳудуди ва «Қорасув-2» массиви ҳудудларида 309 минг аҳоли учун 710 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.
Самарқанд шаҳрида янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиб, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш обектлари ва логистика марказлари қурилади.
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманлари Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter