«Болалик кунларимда»: Санъаткорлар болаларга китоб ўқиб беришди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Болалик кунларимда» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа ўзбек халқ эртакларининг аудио талқинини яратиш орқали миллатимизнинг улкан маданий мероси, халқ оғзаки ижоди намуналарини келажак авлодга етказиш мақсадида агентлик ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилди.
Халқ эртакларининг аудио талқинини яратишда бир гуруҳ мутахассислар, жумладан, муҳаррирлар, таржимонлар, мусаҳҳиҳ ва руҳшунослар, актёрлар ҳамкорликда иш олиб борган.
Тадбирда ўзбек халқининг севимли эртакларидан бири «Зумрад ва Қиммат»нинг аудио талқини намойиш этилди. Лойиҳа доирасида, ҳар ой якунида 10 та ўзбек ва рус тилларидаги эртаклар жамланган дисклар тақдим этилади.
Шунингдек, аудио эртакларни таълим жараёнига ҳам интеграциялаш, улардан ривожлантирувчи усул сифатида фойдаланиш ҳам режалаштирилмоқда. Профессионал студияда ёзилган аудио эртаклар мунтазам равишда махсус Телеграм-каналда муайян вақтда бепул узатиб борилади.
Тадбирда мутахассислар мактабгача таълим вазирлиги билан амалга оширилган бу лойиҳа яхши самара беришини таъкидлади. Маълум қилинишича, бу каби лойиҳа тизимли давом этади.
Шунингдек, «Кўнгил кўзи» деб номланган лойиҳада кўриш имконияти чекланган болалар учун махсус китоблар яратиш режалаштирилган.
Келажакда болаларнинг чет тилларини самарали ўзлаштиришини йўлга қўйиш мақсадида аудио эртакларнинг инглизча версиясини ҳам тайёрлаш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter