Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Елим пакетларни пуллик қилиш таклиф этилди

Елим пакетларни пуллик қилиш таклиф этилди

Фото: «telegraph.co.uk/»

Келгуси йилдан Ўзбекистонда елим пакетларини бепул бериш тақиқланиб, улар нархи маҳсулотлар қийматига киритилиши мумкин. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси муҳокама учун эълон қилган «Санитар тозалаш тизимларини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида  2019 йил 1 январдан полимердан тайёрланган елим пакетларни бепул бериш тақиқланиши кўзда тутилган.

Қарор атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга қаратилган. Лойиҳада полимердан тайёрланган елим пакетлар нархини сотилаётган маҳсулотлар нархига киритишда улар таннархидан паст қийматларни белгилашни тақиқлаш ҳам таклиф этилмоқда.

Полимер елим халталар ишлаб чиқарувчилари ва буюртмачиларига савдо нуқталарида назорат-касса машиналари сканерларида ҳисобланиши учун пакетларга махсус кодлар тушириш мажбуриятини юклаш таклиф қилинмоқда.

Ушбу чекловлар Ўзбекистонга олиб кириладиган ёки мамлакатда тайёрланадиган савдо соҳасида товарларни қадоқлашда қўлланилаётган қалинлиги 15 микрондан, ҳажми 5 литрдан кам бўлмаган пакетларга нисбатан жорий этиш режалаштирилмоқда. 2020 йил 1 январдан мазкур тақиқ қалинлиги 50 микрондан, ҳажми 10 литрдан кам бўлмаган пакетларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ушбу тақиқ сочиладиган ва қаттиқ бўлмаган маҳсулотлар қадоғининг бир қисми ҳисобланган, ҳажми 1 литргача, бироқ дасталари, реклама ва ахборот логотиплари бўлмаган пакетлар, шунингдек савдо тармоқларида хўжаликда фойдаланиш учун 50 тадан кам бўлмаган ўрамдаги пакетларга нисбатан қўлланилмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг