Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Шаффофлик, ҳисобдорлик ва эркин ахборот». ЕИнинг махсус вакили демократиянинг муҳим шартига эътибор қаратди

«Шаффофлик, ҳисобдорлик ва эркин ахборот». ЕИнинг махсус вакили демократиянинг муҳим шартига эътибор қаратди

Инқирозли вазиятларда оммавий ахборот воситалари ҳаққоний ахборот манбаси сифатида ҳал қилувчи рол ўйнаши лозим. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс Остона шаҳрида 4 декабр куни бўлиб ўтган «Рақамли муҳит: сунъий интеллект ва ахборот манипуляцияси замонида онлайн фаолият» мавзусидаги III медиафорумда сўзлаган нутқида таъкидлади.

«Оммавий ахборот воситалари ахборий жиҳатдан уйғоқ жамиятни шакллантириш ва демократияни мустаҳкамлашда ўта муҳим ўрин тутади. ОАВ шаффофлик, ҳисобдорлик ва эркин ахборот оқимини таъминлаган ҳолда фуқаролар орасида, шунингдек, аҳоли ва институтлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Ахборот агентликлари турли нуқтаи назарларни тақдим этаркан, ҳамжамиятлар ўртасида ўзаро тушуниш ва мулоқотни кучайтиради», — деди ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс.

Сунъий интеллект воситасида амалга оширилаётган манипуляция, рақамли таҳдидлар ва дезинформация каби муаммоларга эътибор қаратган юқори мартабали дипломат ЕИ минтақа давлатлари билан бу борада ҳам ҳамкорликни кучайтираётганини қайд этди.

«ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, янгиликлар сарлавҳаларида асосан бизнинг инфратузилма ва жисмоний робиталар йўналишидаги қўшма ташаббусларимиз устунлик қилади. Аслида, бизнинг ҳамкорлигимиз ОАВ билан ўзаро алоқаларни ҳам қамрайди. ЕИ Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан медиасаводхонликни ошириш, фактларни текшириш кўникмасини такомиллаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда ахлоқий меъёрларни илгари суришда ҳам елкама-елка ишламоқда», — деди  Эдуардс Стипрайс.

Таъкидланишича, ушбу хатти-ҳаракатлар ЕИнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш, очиқ жамиятни дастаклаш, Марказий Осиёда ўзаро манфаат ҳамда муштарак қадриятларга асосланган ҳамкорлик робиталарини мустаҳкамлаш каби стратегик мақсадларига уйғундир.

Жумладан, Марказий Осиёда рақамли муҳит бўйича ташаббус рақамли тенгсизликка барҳам бериш баробарида иқтисодиётда ҳам ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилгандир. 

«Дезинформация ва таъсир кўрсатишга уринишлар худди жавоб чоралари каби миллий чегараларни-да ошиб ўтмоқда. Марказий Осиёдаги медиа ҳамжамиятлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ушбу таҳдидлар кўламини камайтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. ЕИ Марказий Осиёда сўз эркинлиги ва рақамли барқарорлик масалаларида ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлик бўлиб қолади», — деди ЕИ махсус вакили.

ЕИнинг Қозоғистондаги делегацияси Мақсуд Нарикбаев номидаги университет билан ҳамкорликда ташкил этган илмий-амалий анжуманда Марказий Осиё давлатларида фаолият юритиб келаётган 100 га яқин экспертлар, журналистлар, фуқаролик жамияти намояндалари ва илмий тадқиқотчилар иштирок этди.

III минтақавий медиафорум сунъий интеллект технологияларининг журналистика ва сиёсатга таъсири, ахборот манипуляцияси, объектив ва ҳаққоний ахборот муҳитини шакллантириш каби мавзуларда ўзаро тажриба алмашув, янги билимлар билан ўртоқлашув ва илмий-амалий кўникмаларни ошириш бўйича майдон вазифасини ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг