Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва малакали гидлар етишмаслигини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар ва малакали гидлар етишмаслигини танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28-январь куни туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати хабар берди. 

Ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар сайёҳ келган. Диёримиз 10 дан ортиқ нуфузли халқаро нашрларда энг жозибали туристик маскан сифатида эътироф этилди.

Жорий йилда хориждан келадиган сайёҳлар сонини 7,5 миллионга, 2022 йилда 10 миллионга ва 2025 йилда 12 миллионга етказиш режалаштирилган. Бу орқали туризм хизматлари экспорти жорий йилда 1,5 миллиард доллар, кейинги 5 йилда 3 миллиард долларгача оширилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар, малакали гидлар етишмайди.

Шу боис меҳмонхоналарни жорий йилда 1 минг 700 тага, келгуси 5 йилда 3 мингтагача кўпайтириш керак. Оилавий меҳмон уйларини ҳам 2 мингтага етказиш зарур.

Булар орқали туризм соҳасида йилига камида 30 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда ушбу натижаларга эришиш учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Сайёҳликнинг анъанавий турлари қамровини кенгайтириш билан бирга янги кўринишларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Кардиология, урология, стоматология, офталмология каби юртимиз юқори салоҳиятга эга бўлган тиббиёт йўналишларида туризмни ривожлантириш, соғломлаштириш ва дам олиш масканларига стратегик инвесторларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди. МДҲ давлатлари касаба уюшмалари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиб, сайёҳлар сонини кескин ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлигига туризм маршрутига киритилган объектлар сонини жорий йилда 800 тага, 2025 йилда эса 2,5 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.

Қишки туризмни ривожлантириш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Самолёт ва поездларимизда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги йўловчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кўпчилик хорижий ташувчилар хизматини танламоқда. Темир йўл ва авиа йўналишларимиз кенг қамровли ва рақобатбардош эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига Ўзбекистоннинг 4 аеропортида жорий этилган «очиқ осмон» режимидан тўлиқ фойдаланиш, янги авиа йўналишлар очиш, тезюрар поездлар сонини кўпайтириш, чипталар нархини арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йўлбўйи туризм инфратузилмасини ривожлантириш, «туризм қишлоғи», «туризм овули» ва «туризм маҳалласи» лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ўтган йили хорижий кинокомпаниялар томонидан мамлакатимизда 1,6 миллион долларлик 6 та бадиий филм суратга олинди. Шунда харажатларнинг бир қисмини Ўзбекистон томонидан қоплаш тизими йўлга қўйилса, бу маданият туризми ривожига катта туртки бериши билан бирга ўлкамизнинг халқаро майдонда тарғиботига ҳам ҳисса қўшади.

«Ўзбеккино» миллий агентлигига хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизда суратга олиш механизмларини жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Туризм соҳасида кадрлар масаласига эътибор қаратилар экан, 20 та олий таълим муассасасида ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бириктирилган 3 та техникум ва 9 та коллежда ишчи касблар тайёрлаш тизимини жорий этиш бўйича ҳали кўп муаммолар ўз ечимини топмагани кўрсатиб ўтилди. Ўқув жараёнида илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг