Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев МДҲ махсус хизматлари раҳбарлари Кенгаши мажлиси иштирокчиларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев МДҲ махсус хизматлари раҳбарлари Кенгаши мажлиси иштирокчиларига табрик йўллади

Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси иш бошлади. Бу йилги анжуман Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган.

Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табрик сўзи ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбари ўз мурожаатида мазкур Кенгаш мажлислари терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва тажриба алмашиш учун самарали майдонга айланганини таъкидлади.

Президент Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид солаётган бир қатор омилларга тўхталиб, Афғонистондаги беқарор вазият, халқаро террорчи гуруҳлар фаолияти, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликни асосий хавф манбалари сифатида қайд этди.

Шу билан бирга, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва сунъий интеллектдан ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев глобал хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратар экан, минтақа атрофида ва Яқин Шарқда кечаётган низолар барчани ташвишга солаётганини, бу ҳолат иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини билдирди.

Қайд этилишича, бу омиллар жаҳон бозорида носоғлом рақобатнинг кучайиши, энергия нархларининг ўсиши ва транспорт ҳамда энергетика соҳаларидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилишига сабаб бўлмоқда.

Мурожаат сўнгида давлатимиз раҳбари шундай мураккаб геосиёсий шароитда МДҲга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, энергетика ва коммуникация тизимларини барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг