Покистон ва Афғонистон 48 соатлик оташкесимга келишиб олди

Покистон ҳукумати ва Афғонистон Толибон режими маҳаллий вақт билан чоршанба куни кечқурун кучга кирган 48 соатлик оташкесимга келишиб олди. Ҳар икки томон келишувни бир-бирининг ташаббуси билан бошлаганини даъво қилмоқда.
Al Jazeera’нинг маълумот беришича, музокаралар Қобул ва Исламабод вакиллари ўртасида хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилган. Ҳар икки давлат можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш ниятида эканини таъкидлаган.
Оташкесим эълон қилинишидан аввал Покистон кучлари Афғонистоннинг Қандаҳор вилояти ва пойтахт Кобулга жавобан «аниқ зарбалар» берганди. Бу икки қўшни ўртасида бир ҳафта ичида содир бўлган учинчи йирик қуролли тўқнашув эди.
Қуролли ҳодисалар ўнлаб Покистон аскари ва 200 дан ортиқ Толибон жангариларининг ҳаётига зомин бўлди.
Исломобод бир неча бор Кобулни террорчилар Афғонистон ҳудудидан Покистонга ҳужумлар учун база сифатида фойдаланишига йўл қўймасликка чақирган. Покистон Мудофаа вазирининг таъкидлашича, вазият «ҳозирда боши берк кўчага кириб қолган, фаол жанглар йўқ».
«Аммо вазият душман. Исломобод ва Кобул ўртасида расмий алоқалар йўқ», – дейди у.
Маълумот учун, икки қўшни давлат ўртасидаги низо Жанубий Афғонистондаги Спин-Болдок чегара пункти атрофида бошланган. Афғонистон ҳукуматига кўра, Покистон ҳарбий ҳаво кучлари бу ҳудуддаги бир нечта посёлкаларга ҳужум қилган. Покистон эса ўз навбатида, ҳужумларга жавоб қайтарганини, уларнинг ҳудудига Афғонистон томонидан қуролли гуруҳлар ўтганини билдирди.
Reuters агентлиги ёзишича, отишмалар ва ҳаво зарбалари натижасида ҳар икки томонда ўндан ортиқ ҳарбий ва тинч аҳоли вафот этган, 100 дан зиёд киши жароҳат олган. Шу сабабли чегара орқали йирик савдо йўлакчаси вақтинча ёпилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, низо давом этаркан, Афғонистондаги иқтисодий ва гуманитар вазият тобора оғирлашмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда 10 миллиондан ортиқ аҳоли озиқ-овқат ва тиббий ёрдамга муҳтож. Шу билан бирга, интернет чекловлари ва алоқа муаммолари маълумот алмашишни қийинлаштирмоқда.
Покистонда эса яқинда ХВЖ (IMF) билан 1,2 миллиард долларлик молиявий ёрдам бўйича келишувга эришилгани иқтисодий барқарорликка умид уйғотганди. Бироқ чегарадаги зиддиятлар бу жараёнларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter