Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Наврўзни нишонлаш бўйича қарор имзолади

Шавкат Мирзиёев Наврўзни нишонлаш бўйича қарор имзолади

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 февраль куни «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Унга кўра, Наврўз байрами пойтахт Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган, «Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури бўйича ўтказилади.

Мазкур дастурни тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

— Наврўз муносабати билан инсон ўзини табиат фарзанди, унинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга чорлайдиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш;

— барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар ўтказиш;

— Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш;

— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор-этнографик гуруҳлари ва ансамблларни, таниқли санъаткорлар, ҳаваскор хонанда ва созандалар, бахшилар, аскиячи ва қизиқчилар, дорбозларни, ёш ижрочиларни кенг жалб этиш;

— халқ сайиллари дастурларини тайёрлашда халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин бериш, ҳунармандлик кўргазмаларини ташкил этиш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, адабий-бадиий учрашувлар, китоб байрамларини ташкил этиш.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Наврўз байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, ижодий кечалар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг