Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сочиқ можароси

Сочиқ можароси

Фото: Today.ua

«Меҳмоннинг кўзи ўткир бўлади», деган нақл бор. Бошқа бир юрт, бошқа минтақага борган киши у ерда ҳавас қиларли, ибрат оларли, ўрганишга арзийдиган ҳолатлар билан бирга бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган айрим нохушликларга ҳам кўзи тушади. Бу шунчаки гап эмас.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида бир гуруҳ ижодкорлар Бельгия мамлакатига сафар қилганмиз. Халқимизнинг рақс санъати ва маданиятини Гент, Брюгге, Антверпен, Шарлеруа каби қадим шаҳарларда намойиш қилдик. Сафаримиз давомида бизга таржимонлик қилган голланд аёл Ўзбекистонга таржимон сифатида бир неча марта келиб-кетган экан, таассуротларини тинимсиз сўзлайди, «Сизларда одамлар бир-бирларига меҳрибон, оқибатли экан, ёшлар катталарга салом беради, бизда бундай эмас, ҳар ким ўз ҳолича яшайди. Биров кимсан, нимасан деб сўрамайди», дейди. Бу аёлга жуда кўп одатларимиз, жумладан, тўй маросимларимиз,  меҳмон кутишимиз, таомларимиз, совға-салом беришимиз маъқул келибди. Аммо... бир нарсадан қаттиқ ранжибди.

«Самарқанд ва Бухоро сафаридан қайтгач, шаҳар марказидаги «Ёшлар уйи» меҳмонхонасида тунадик, – дейди у бир нохуш воқеани эслаб. – Эртасига эрталаб аэропортга отландик. Мен энди автобус ўриндиғига чўккан эдим, меҳмонхона хизматчиси югургилаб олдимга келди-да: «Сиз ётган хонадаги сочиқ йўқ», деб мендан пул талаб қила бошлади. Изза бўлдим. Автобусдан тушиб, хизматчи билан изма-из хонага қайтдик ва ишлатилавериб ҳилвираб кетган сочиқ қурмагурни ювиниш хонасидан топиб, қўлига тутқаздим.

«Энди юринг, ҳамроҳларимга сочиқ топилганини айтинг», десам, кўнмади. Кайфиятим шу қадар бузилдики, уйга қайтганимдан кейин ҳам анча вақт ўзимга кела олмай юрдим...»

Бу воқеани эшитиб, биз ҳам изза бўлдик. Бельгия сафари ҳақида эслаганимда шу сочиқ можароси ёдимга тушиб, ҳамон юзимга қизиллик югуради. Бирники – мингга, мингники – туманга.

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг