Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Совуқ ва зулмат: қишлоқликлар иккинчи даражали одамлар(ми)?

Совуқ ва зулмат: қишлоқликлар иккинчи даражали одамлар(ми)?

Фото:«Informator News»

Ўзбекистон халқ шоираларидан бири «аждар»  дея нолиган интернет бизга кўп нарсаларни ошкор қилиб қўйди. Энг асосийси, қишда республикамиз ҳудудидаги деярли барча қишлоқларда «бир хил қўшиқ ижро этилиши»  маълум бўлди. Ёшлигимизда қишлоқда суткалаб электр берилмаса, маҳаллий электрикларни, ана борингки, майда раҳбарларни «бир эслаш»  билан чекланардик, «водий»  ёки бошқа жойларда ҳамма нарса жойида эканлиги, фақат бизнинг музофотга «қарғиш теккан» дея нолирдик. Аммо мана маълум бўлдики, айрим ҳудудларда аҳвол бунданда оғир экан. Ижтимоий тармоқларда ҳали у вилоятда, ҳали бу вилоятда электр, газ йўқлиги, узилишлар бўлаётгани ҳақида чиқишлар бўлмоқда.

Жумладан, самарқандлик блогер Ғайрат Йўлдош ўз «Телеграм» каналида қуйидагиларни ёзибди: «Охирги пайтларда «Тошкент сити», «Тез ёрдамга авиация хизматини жорий этиш», «электрон шаклда иш юритиш» каби гапларни ўқиб, энсам қотадиган бўлиб қолди. Сабаби, бугун ҳанузгача оғир аҳволда қолаётган қишлоқларда одамлар қийналиб яшаётганда ундай хабарлар энсани қотиради-да. Масалан, бугун чироқ соат 6 да ўчган эди, соат 10 бўляпти ҳали ёнгани йўқ.  Чироқ йўқлиги сабаб маҳалламизда антенна ишламаяпти ва алоқа умуман йўқ».

Шунингдек, «Facebook» фойдаланувчилар орасида ҳам чироқ ва табиий газдаги узилишлардан нолиётганлар жуда кўп.

Менинг ўзим ҳам шу камчиликларнинг ичида катта бўлганман. Абитуриентлик давримда кечалари қора чироқда дарс тайёрлардим. (АҚШда Цукерберг «Facebook» ортидан миллиардлаб доллар пул топарди, Илон Маск эса ғаройиб электрокарлар ғояси билан банд эди). Бир куни ухлаб қолиб, уйимиз ёниб кетишига сал қолган. Шу аламлар ичида ўзимга савол берган эдим: бизда нега суткалаб миллионлаб одамлар қоронғуликда яшайди, ва бунга ҳеч ким ақалли изоҳ бермайди? Аҳолининг ярми (наинки ундан ҳам кўпроқ)ни ташкил этувчи қишлоқликлар шунчалик ғарибми, улар иккинчи даражали одамларми? Саволлар кўп эди, кейин Тошкентда ўқидим, ҳамма қулайликлардан баҳраманд бўлдим, бу эса қалбимдаги қишлоқлардаги аҳволга норозиликни янада оширди.

Мактаб ва лицейда ўқиганимизда бюджетдан ойлик оладиган устозларимиздан айримлари ушбу муаммони «коммунал тўловларни ўз вақтида тўламаслик оқибатида келиб чиққан улкан қарздорлик»ка боғлашарди.

Ёлғон бўлмасин, электр сўнгги икки йилда узилишларсиз берилди (буни ҳам ҳамма вилоятдагилар тасдиқлайди). Бу «Ўзбекэнерго»нинг янги раҳбарият олдидаги рекламаси эмаслигига ишониш шу бугунги кунларда қийин кечмоқда. Расмийлар ОАВ га интервю берганда «инновация», «ривожланиш», «технология» деган сўзларни аямай ишлатаётган даврда қишлоқда одамлар оддий мобил алоқадан фойдалана олмай, шам ёруғида овқатланиб, ўрта асрлар каби қош қорайгандан ухлашга ётмоқдалар, ўқувчилар шам ёруғида дарс тайёрлаб ўтирибди. Афсуски, муаммонинг яна бир жиҳати бизда электр ва табиий газ масалалари билан шуғулланувчи улкан ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлимлари бор. Улар узилишлар ва носозликлар ҳақида халққа «ғиринг»  дея изоҳ беришмаяпти. Масалан, Китоб туманида нега суткада 6 соат электр бериляпти деган саволга ўша туман электр тармоқлари мутасаддиси изоҳ бермайди. Электр билан таъминлашнинг уддасидан чиқа олмаётган бўлса, сабабини тушунтирсин, халққа ҳисоб берсин. Менимча, бунинг иложи бор. Чироқнинг ўчиш сабаби ҳам қоронғуликда қолиб кетмасин. «Ўзбекэнерго» қачон халқ билан ишлашни, мулоқот қилишни ўрганади? Фалончи ОАВ орқали узилишлар ҳақида ҳисоб бериш шунчалар қийинми?

Республиканинг етакчи интернет нашрларидан бирининг вакили сифатида қишлоқларда одамларнинг қийин ҳаётига жавобгар бўлган ташкилотлар уларга вазиятни тушунтириши ва келажак қай аҳволда эканлигини изоҳлашларини таклиф этаман. Балки, шунда муаммолар ойдинлашиб, таклиф ва мунозаралар ўз мевасини берар.

Юқори ташкилотларга илтимосим: қишлоқ аҳолисини ҳадеб хўрлайверманг. Шу халқ ишсизликка, чироқсизликка, газсизликка ва яна ҳоказо «сиз-сиз»ликларга чидаб келди. Бағримга шамол тегсин деб пойтахтга келса, «жиноятнинг ҳиди келяпти» дейишади, «Тошкентнинг резина эмаслиги», «вилоятликларга прописка берилса, ҳаммаёққа одам тўлиб кетишини» таъкидлашади. Уларга майли, қулайликлар берманг, фақат тортиб олаётган нарсаларингизни қайтаринг. Улар билан гаплашишни ўрганинг, қулоқ тутинг.

 Улуғбек Орипов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг