Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

СССР урушда ленд-лиз туфайли ғалаба қозонганми?

СССР урушда ленд-лиз туфайли ғалаба қозонганми?

Фото: «РИА Новости»

1941 йил 28 октябр куни АҚШ президент Франклин Рузвелт ленд-лиз тўғрисидаги қонунни Совет иттифоқига нисбатан ҳам татбиқ қилиш ҳақида директива чиқарди.

Баҳс мавзуси

Улуғ ватан уруши тарихида шундай мавзулар борки, улар ҳақида ўқтин-ўқтин қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Ленд-лиз — Америка қўшма штатларининг Совет иттифоқига кўрсатган моддий-техник ёрдами мавзуси ана шундай мавзулар сирасига киради.

Бу борадаги фикрлар тубдан фарқ қилади, бировлар иттифоқчиларнинг СССРга кўрсатган ёрдамининг аҳамиятини буткул рад этса, айримлар «Агар Америка ёрдам бермаганда СССР урушда ютқазар эди» дейишгача боради.

Бу мунозаранинг тарихи узоқ. У уруш энг қизиган, СССР ва АҚШ ўртасида ғоявий жарлик мавжуд бўлган бир пайтда бошланган.

1943 йилнинг март ойида ўтказилган матбуот конференциясида совет матбуотида Американинг ёрдами ҳақида кам ёзилаётганидан жаҳли чиққан АҚШнинг СССРдаги элчиси Уилям Стэндли шундай деди: «Афтидан Россия ҳукумати ташқаридан ёрдам олаётгани фактини яширмоқчи бўлаяпти. У халқини Қизил армия бу урушда ёлғиз ўзи жанг қилаётганига ишонтирмоқчи бўлаётгани кўриниб турибди».

Элчининг бу гапи ростакам можарога сабаб бўлди. Би-би-сининг Москвадаги мухбири Александр Верт ўша кунлари шундай деб ёзган эди: «Телефон орқали қилинган беш соатлик қизғин музокарадан сўнг рус цензураси Стэндли нутқининг матнини чоп этишга рухсат берди. Ташқи ишлар халқ комиссариати матбуот бўлими ходимларининг қовоғидан қор ёғади.Телеграммага виза қўяётган бош цензор Кожемяконинг ғазабдан ранги оқариб кетди. Унинг онаси Ленинградда очликдан ўлган... Бошқа бир рус кишиси бугун шундай деди: «Биз миллионлаб одамларимизни йўқотдик, улар эса бизга фақат тушёнка жўнатишаётгани учунгина олдиларида тиз чўкишимизни хоҳлашаяпти. “Сахий” конгресс ўз ўз фойдасини кўзламай бирон иш қилганми ўзи? Ленд-лизни эҳсон деманг менга».

Ярим йилдан кейин Қўшма штатлар элчисини алмаштирди.

Аммо Уилям Стэндлининг ўпкалаганича бор эди. У Москвада ишлаган бир ярим йил мобайнида ирмоқча ёрдам катта ариқ қадар, яъни бир неча баробар кўпайган эди.

1970-йилларнинг охирида совет ва Америка ижодкорлари томонидан «Номаълум уруш» (совет версияси — «Улуғ ватан уруши») номли ҳужжатли киноэпопея суратга олинганда Ҳолливуднинг машҳур актёри Берт Ланкастер унга бошловчилик қилган. «Ленинград қамали» сериясида Америка сценаристлари АҚШнинг СССРга ёрдами, шу жумладан тушёнкалар етказиб берилганлиги ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлишган. Аммо ленинградликлар қамалда не кунларни бошидан кечирганлиги ҳақидаги материаллар билан танишиб чиққан Ланкастер Американинг ёрдами тўғрисидаги лавҳаларни ўчириб ташлайди. Актёрнинг ўзи ҳам уруш кўрган одам эди, шунинг учун шундай дейди: «...бундай улкан фожиа олдида бу ҳақда гапириш ноўрин».

Раздача продуктовых наборов по ленд-лизу в Москве, 1945 г.
Фото: «РИА Новости»

«Қарзга» ёрдам

Ҳикоямизнинг бошига қайтамиз. Ленд-лиз нима ўзи?

«Ленд-лиз» — (инглизча «lend» — «қарзга бермоқ» ва «lease» — «ижарага бермоқ») — давлат дастури, унга кўра Америка қўшма штатлари Иккинчи жаҳон урушида ўз иттифоқчиларига ҳарбий асбоб-анжомлар, техника, тиббий жиҳозлар, дори-дармон ва стратегик хомашё етказиб берган.

АҚШ конгресси ленд-лиз ҳақидаги қонунни 1941 йил 11 март куни қабул қилган. Ушбу қонун АҚШ президентига Қўшма штатлар мудофааси учун жуда зарур бўлган ҳар қандай мамлакатга кўмаклашиш ваколатини берган.

Ленд-лиз дастурида қуйидаги шартлар назарда тутилган:

— етказиб берилган ва уруш вақтида фойдаланилган, йўқотилган ва йўқ қилинган материалларнинг (машиналар, ҳар хил ҳарбий техника, қуроллар, хомашё, бошқа нарсаларнинг) ҳақини тўлаш шарт эмас;

— ленд-лиз доирасида берилган ва уруш тугагандан сўнг ноҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун яроқли ҳолда сақланиб қолган мулкларнинг ҳақи Қўшма штатлар тақдим этадиган узоқ муддатли (асосан фоизсиз) кредитлар ҳисобига тўлиқ ёки қисман тўланади;

— Америка тарафи талаб қилган тақдирда бузилмаган ва йўқотилмаган техника ва жиҳозлар урушдан кейин АҚШга қайтарилиши шарт.

Фото: «РИА Новости»

Самолётлардан тортиб спиртгача: ўртоқ Сталин жаноб Рузвелтдан нималар олди?

Дастлаб ленд-лиз ҳақидаги қонун Британия империяси ва Хитойга татбиқ этилди.

1941 йил 22 июндаёқ АҚШ ва Буюкбритания Учинчи рейхга қарши урушда СССРга моддий-техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини изҳор қилишди.

1941 йил 1 октябрда Москвада СССРни зарур нарсалар билан таъминлаш тўғрисидаги биринчи протокол имзоланди, унинг амал қилиш муддати 1942 йилнинг 30 июнигача деб белгиланган эди. Ленд-лиз ҳақидаги қонун СССРга нисбатан расман 1941 йил 28 октябрда жорий этилиб, Совет иттифоқига 1 миллиард доллар қарз берилди. Уруш давомида таъминот муддатини узайтириш ҳақида яна учта протокол имзоланди. СССРга ленд-лиз бўйича нарсалар етказиб бериш расман 1945 йилнинг 12 майидан тўхтатилган, аммо амалда «17 октябр дастури» доирасида бўлажак совет-япон уруши учун нарсалар етказиб бериш давом эттирилди, чунки СССР Европада уруш тугагандан сўнг Японияга қарши уруш бошлаш мажбуриятини зиммасига олган эди. Япония мағлуб этилгандан кейин СССРга нарса етказиб бериш узил-кесил тўхтатилди.

Ҳозирги тарихчилар АҚШ ўз иттифоқчиларига ленд-лиз дастури бўйича жами 50,1 млрд долларлик (2008 йилги баҳода 612,88 млрд долларлик) юкларни етказиб берган деб ҳисоблашади. Уларнинг яримидан кўпи (31,4 млрд доллар) Буюкбританияга етказилган. Бу рўйхатда Совет иттифоқи 11,3 млрд доллар билан иккинчи ўринда туради. Франция ва Хитой 3,2 ва 1,6 млрд долларлик ёрдам олган. Ленд-лиз дастури бўйича ҳаммаси бўлиб 42 та мамлакатга ёрдам кўрсатилган.

СССР ленд-лиз дастури бўйича нима олган? 1941 йилнинг июн ойидан 1945 йилнинг сентябр ойигача иттифоқчилар томонидан СССРга жами 17,5 млн тонна ҳар хил юклар жўнатилган, шундан 16,6 млн тоннаси етиб келган. Қолганини душман йўлда ҳарбий карвонлар билан бирга йўқ қилган.

Совет иттифоқига 22 150 та самолёт, 10 000 та танк, 51 500 та енгил внедорожник ва вездеход, 375 883 та юк автомобили, 345 735 тонна портловчи моддалар, 4 478 000 тонна озиқ-овқат, 15 417 000 жуфт аскар ботинкаси, 331 066 литр спирт, 2 670 000 тонна нефт маҳсулотлари ва бошқа товарлар етказиб берилган.

Подразделение кавалерии и танковая часть Юго-Западного фронта на американских танках «Шерман», поставленных по ленд-лизу, 1943 г.
Фото: «РИА Новости»

Машҳур «Виллис»лар ва Америка тушёнкалари

Етказиб берилган юклар қанчалик аҳамиятга эга эди? Қатъий жавоб йўқ.

1948 йилда СССР Давлат план комитети раиси Николай Вознесенский «Ватан уруши даврида СССРнинг ҳарбий иқтисодиёти» номли монографиясида шундай ёзган: «Иттифоқчилар СССРга етказиб берган саноат моллари миқдорини худди шу даврда СССРнинг социалистик корхоналарида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари миқдори билан таққосласак, уларнинг миллий маҳсулотларга нисбатан солиштирма ҳажми атиги қарийб 4 фоизга тенг».

Америка экспертлари етказилган юкларни юқорироқ баҳолашган, бироқ уларнинг ҳисоб-китобларига кўра ҳам иттифоқчиларнинг СССРга ёрдами мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 1/10 қисмидан ошмайди.

Аммо фақат ўртача олганда шундай. Лекин, масалан, Қизил армия автопаркида иттифоқчилар етказиб берган юк автомобиллари ва жиплар улуши 64 фоизга тенг бўлган. Уруш йиллари ва ундан кейинги даврда «Виллис» ва «Студебеккер»лар халқ орасида жуда машҳур бўлиб кетган эди, қарияларимиз уларни ҳозиргача эслаб туришади.

Уруш йиллари СССР темирйўлларида ишлаган паровозларнинг 70 фоиздан кўпроғи иттифоқчилар томонидан етказиб берилган. Жуда кўп нарса эса темирйўлларнинг ишончли ишлашига боғлиқ бўлган.

Фоизини ҳисоблайдиган бўлсак, етказиб берилган самолётлар сони унчалик кўп эмас, аммо Александр Покришкин сингари машҳур совет аслари америкаликлар етказиб берган «Аэрокобра» қирувчи самолётларида жанг қилганини ёдга олиш жоиз.

Шу ўринда барибир Америка тушёнкаларини эслаб ўтмасак бўлмайди. Совет аскарлари киноя билан «Иккинчи фронт» деб атаган гўштли консервалар урушда катта рол ўйнаган. Етказиб берилган тушёнкалар СССРда ишлаб чиқарилган тушёнкаларнинг 480 фоизига тенг бўлган.

Америка тушёнкаси туфайли совет аскарининг қорни тўқ бўлган, оч аскар билан тўқ аскар ўртасида эса жуда катта фарқ бор.

Грузовые автомобили «Студебекер», приготовлены для отправки на фронт. Резерв Ставки Верховного главнокомандования. Район Можайска, 1944 г.
Фото: «РИА Новости»

Ғалаба яқинлашгани сайин иттифоқчиларнинг сахийлиги тута бошлаган

Қалбингиз иттифоқчиларга нисбатан миннатдорлик ҳисларига тўлиб-тошиб, ленд-лиз бўйича етказиб берилган нарсаларнинг аҳамиятига шубҳа билан қаровчиларга таъна қилишга тайёр бўлсангиз, шошилинч хулоса чиқармай турганингиз маъқул. Нега дейсизми?

Ленд-лиз бўйича етказилган юкларнинг 70 фоиздан кўпроғи 1943 — 1945-йилларга, яъни урушда туб бурилиш юз бериб, кўчирилган совет саноати ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни авжига чиқарган даврга тўғри келади.

Ниҳоятда оғир вазият юзага келган урушнинг дастлабки ойларида эса иттифоқчиларнинг ёрдами жуда кам бўлган. 1941 йилнинг охиригача Совет иттифоқига жами юкларнинг 1 фоиздан ҳам камроғи етказиб берилган.

Бу ҳам ташкилий қийинчиликлар билан (битим октябр ойининг охирларидагина расмийлаштирилган), ҳам иттифоқчиларнинг сурбетлиги билан боғлиқ эди. Сталинград жанги тугагунча Буюкбритания ҳам, АҚШ ҳам буёғи нима бўлар экан, Совет иттифоқи енгиладими-йўқми деб кутиб турган холос. Шундай экан, кейинчалик ҳитлерчиларга ўлжа сифатида қоладиган бўлса Совет иттифоқини қурол-яроғ билан таъминлашнинг нима кераги бор?

Уруш йилларида «тескари ленд-лиз» ҳам бўлган. Етказилган юклар эвазига Совет иттифоқидан АҚШга қимматли хомашё ва олтин жўнатилган. 1942 йилнинг май ойида беш ярим тонна совет олтинини олиб кетаётган Буюкбританиянинг «Эдинбург» крейсери немислар томонидан чўктириб юборилганини бугун ҳамма билади. 1941 — 1945-йилларда СССР АҚШга ҳаммаси бўлиб 320 минг тонна хром рудаси, 32 минг тонна марганец рудаси, шунингдек платина, ёғоч ва бошқа юкларни етказиб берган. Уларнинг умумий қиймати маълум эмас, АҚШдан келтирилган юкларнинг тахминан 3-4 фоизидан 20 фоизигача деб баҳоланади.

Фото: «РИА Новости»

Қарз машмашаси

Уруш тугагандан сўнг ленд-лиз шартига мувофиқ Қўшма штатлар ёрдам олган барча мамлакатларга етказилган маҳсулотларнинг ҳақини тўлаш учун тўлов қоғозларини тақдим этди. Америкаликларнинг ҳисоб-китобларига кўра Совет иттифоқи 1,3 млрд доллар тўлаши керак эди. Иккитомонлама муносабатлар тезлик билан ёмонлашиб бораётган бир шароитда Москва бундай нарх-навони ҳаддан ташқари баланд деб ҳисоблади ва фақат 170 млн доллар тўлашга тайёрлигини маълум қилди. Музокара бир неча йилга чўзилди-ю, кутилган натижани бермади — АҚШ талабини 800 млн долларгача туширди, СССР планкани 300 млн долларгача кўтарди, аммо тарафлар муросага келолмадилар.

Иккитарафлама муносабатлар бироз илиқлашган 1972 йилга келибгина масалага ечим топилди. 2001 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 722 млн долларга келишишди. Дастлабки иккита тўлов 1973 йилда амалга оширилди — Совет иттифоқи 48 млн доллар тўлади.

Аммо узоғидан суюнтирсин деганлари рост экан. АҚШда савдо ҳақидаги қонунга Жексон-Вэник тузатиши киритилиб, СССР билан қилинадиган савдо-сотиққа нисбатан чеклов ўрнатилди, Совет иттифоқи эса жавоб чораси сифатида ленд-лиз бўйича тўловларни зудлик билан тўхтатиб қўйди.

1990 йилда янги музокара ўтказилиб, унда СССР 2030 йилгача 674 млн доллар тўлашига келишилди.

Аммо бир йилдан кейин Совет иттифоқи тарқаб кетди ва масала ечилмасдан қолди. 1993 йилнинг апрел ойида Россия ҳукумати СССРнинг барча қарзларини, шу жумладан ленд-лиз бўйича қарзларини ҳам бўйнига олишини маълум қилди.

2010-йилларнинг ўрталарида ленд-лиз қарзи тўлиқ тўлаб бўлинди. Бироқ скептиклар бу борада инфляция ҳисобга олинмаган, шундай экан, уруш пайти етказиб берилган маҳсулотлар ҳақининг ярми ҳам тўлангани йўқ деб ҳисоблашади.

Фото: «РИА Новости»

«Бу режали худбинликнинг бир кўринишидир»

Америка тарихчиси Жордж Херринг шундай деб ёзган: «Ленд-лиз инсоният тарихидаги энг беғараз акт бўлмаган... Бу режали худбинликнинг бир кўринишидир, америкаликлар ундан қанча фойда олишини жуда яхши билишган».

Гап бошқалар дарё-дарё қон тўккан урушда америкаликлар темир-терсаклари билан қатнашганидагина эмас.

«Буюк депрессия»дан чиққан Америка саноати уруш йиллари жуда улкан миқдорда буюртма олиб, шиддат билан ривожланди. Америкалик ёзувчи Стадс Теркел «Тўғри уруш» китобида шундай ёзган: «Бу урушда деярли бутун дунё даҳшатли изтиробларни, фожиаларни бошидан кечирди ва ҳаддан зиёд эзилди. Биз эса урушдан жуда зўр техника, меҳнат қуроллари, ишчи кучи ва катта пулга эга бўлган ҳолда чиқдик. Америкаликларнинг кўпчилиги учун уруш вақтичоғликка айланди... Мен ўз ўғил-қизларидан айрилган бебахтлар ҳақида гапираётганим йўқ. Аммо қолган ҳамма учун бу давр жудаям ажойиб бир давр эди».

Қўшма штатлар иқтисодиётининг гуркираши ва долларнинг жаҳон молиявий системасидаги асосий валютага айланиши Иккинчи жаҳон уруши натижасидир.

СССРнинг ташқи савдо бўйича халқ комиссари сифатида ленд-лиз бўйича етказиб келинган юкларни қабул қилиб олиш билан шуғулланган Анастас Микоян кўп йиллардан сўнг: «Ленд-лизсиз биз яна бир-бир ярим йил кўпроқ жанг қилишимизга тўғри келар эди», — деган эди.

Улуғ ватан уруши йиллари ленд-лиз бўйича етказиб берилган нарсалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмади, СССРни қутқазмади ва тарихни бошқа ўзанга буриб юбормади. Аммо улар туфайли уруш эртароқ тугади, юз минглаб, эҳтимол миллионлаб одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бунинг учун иттифоқчиларга раҳмат дейиш керак.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг