Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тиббий кўрикдан нега ўтмайсиз?

Тиббий кўрикдан нега ўтмайсиз?

Тиббий кўрик.

Фото: «Triotree.com»

Кимгадир билдирган тилагимизда, албатта, «соғлиқ» сўзи бўлади. Сабаби, бахт ҳам, омад ҳам мана шу соғлиқ ортидан эргашади. Бироқ ҳар доим ҳам кўпчилигимиз соғлиғимизга эътибор қаратавермаймиз. Тўғрироғи, лоқайдлик қиламиз. Пичоқ бориб суякка қадалгандагина шифокор томон шошамиз. Аслида эса, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул, шундай эмасми?

«Bloomberg» глобал соғлиқни сақлаш индексининг хабар қилишича, дунёдаги энг соғлом инсонлар истиқомат қилувчи мамлакатлар Италия, Исландия, Швейцария, Сингапур ва Австралия экан. Қизиқ, Италия давлатининг рейтингда етакчилик қилишига сабаб нима? Бунга Италияда шифокорларнинг кўплиги ва энг муҳими, аҳолининг ўз соғлиғига жуда эътиборли экани сабаб қилиб кўрсатилади.

Бизда эса бу ҳолат бироз бошқачароқ. Ҳеч қаеримиз оғримаяптими, демак, шифокорга мурожаат қилишга ҳожат йўқ. Ваҳоланки, юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун жадал ишлар олиб борилмоқда, давлат томонидан аҳоли саломатлигига ғамхўрлик қилинмоқда. Биз эса шикоятнома тўлдиришдан нарига ўтмаймиз. Давлат томонидан бир йилда бир марта белгиланган бепул тиббий кўрикдан ўтмаймиз-у, нега бу шифокор мени яхши текширмаяпти, деб айюҳаннос соламиз. Бепул тиббий кўрикдан ўтмаймиз, аммо хусусий шифохоналарга миллионлаб пул сарф этамиз.

Албатта, бунга қандайдир сабаб бўлиши керак. Шу боис, бу борада юртдошлармизнинг фикри билан қизиқдик ва кўпчиликдан асосан қуйидаги жавобларни эшитдик. Сўров иштирокчиларининг кўпчилиги бунга эринчоқликлари сабаб эканлигини, бошқалари оилавий поликлиникалардаги тиббий текширувларга ишончлари йўқлигини таъкидлашди. Айримлари эса, соғлиқлари ёмонлашгандагина оилавий поликлиникалардаги тиббий текширувдан ўтишларини айтишди.

Бир йилда бир марта тиббий текширувдан ўтиш учун қанча вақт сарф этилади? Оилавий поликлиникалардаги навбатларни ҳисобга олсак, кўпи билан 3-4 соат. Вақтим йўқ, деб баҳона қиладиган бўлсак, тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳар бир фуқарога маълум вақт берилади. Вақтни тўғри тақсимлайлик. Ҳар куни 2 та шифокор қабулидан ўтсак ҳам, бир ҳафтада соғлом эканлигимиз ҳақидаги кафолат қўлимизга тегади. Биз ҳам хотиржам, ҳар бир фуқаронинг соғлиғи учун жавобгар бўлган шифокорлар ҳам хотиржам. Бу биринчи масала.

Иккинчидан, халқимизда: «Аввал ўзингга боқ», деган нақл бор. Ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтсаг-у, шифокор бизнинг соғлиғимизга лоқайдлик қилса, ана ундан кейин бемалол шикоят дастурхонимизни очсак, ўринли бўлади.

Келинг энди, тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратамиз. Вақтида ўтилган тиббий кўрик натижасида бирор касаллик аниқланса, уни даволаш осонроқ бўлади. Бу билан биз нафақат вақт ва пулни тежаймиз, балки ўз умримизни ҳам узайтирамиз.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтишни тавсия қилади. Сабаби, дастлабки босқичда аниқланган касалликларнинг 80 фоизини тезроқ ва самаралироқ даволаш мумкин экан.

Шу ўринда бир маълумот. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим бўлганлар сони 21 млн. 657 минг 411 нафар бўлиб, 7 млн. 948 минг 151 нафари 1-18 ёшли болалардан, 13 млн. 709 минг 260 нафари 18 ёш ва ундан катталардан иборат. Тиббий кўрикдан ўтганлар эса жами 20 млн. 325 минг 986 нафарни (93,9 фоиз), улардан 1-18 ёшли болалар 7 млн. 641 минг 417 нафарни (96,1 фоиз), 18 ёш ва ундан катталар 12 млн. 684 минг 569 нафарни (92,5 фоиз) ташкил этган.

Натижани яхши эмас, ҳатто аъло деса бўлади. Бироқ бу натижани янада ошириш ўз қўлимизда эмасми? Бош омон бўлса, дўппи топилар. Шундай экан, соғлимизга бўлган эътиборни оширайлик. Зеро, қанчалик соғлом бўлсак, биз яшаётган муҳит ҳам шунчалик соғлом бўлади.

Аҳолининг тиббий кўрикка бўлган ишончини мустаҳкамлаш эса, оилавий поликлиникалардаги тиббиёт ходимларининг масъулиятига ҳам боғлиқ. Давлат раҳбарияти томонидан улар доим текширувда, аммо суткасига 24 соат уларнинг виждонларини кузатишнинг имкони йўқ, афсуски. Шу боис, оилавий поликлиника ходимлари ҳам ҳар бир беморга ўз оила аъзоларидек эътибор қаратишса, бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтувчилар сони янада ошишиши, шубҳасиз.

Нигина Ҳакимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг