Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент йўллари учун «рақамли мия»: эндиликда зарур йўналишларда «яшил чироқ» вақти узайтирилади

Тошкент йўллари учун «рақамли мия»: эндиликда зарур йўналишларда «яшил чироқ» вақти узайтирилади

Бугун, 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) мутасаддилари иштирокида пойтахт йўлларини ягона интеллектуал тизимга бирлаштиришга қаратилган рақамли трансформация жараёнининг жорий этилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда таъкидланишича, мазкур лойиҳа доирасида транспорт оқимини реал вақт режимида таҳлил қиладиган «ақлли» тизим жорий этилмоқда. Бу чорраҳаларда ҳаракатни самаралироқ ташкил этиш, тирбандликларни камайтириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга хизмат қилади.

Янги тизим доирасида светофорлар транспорт оқимининг интенсивлигига қараб автоматик равишда мослашади. Махсус камералар ва датчиклар чорраҳадаги транспорт оқимини кузатиб боради ва зарур йўналишларда «яшил чироқ» вақтини узайтиради.

Шунингдек, жамоат транспортига устуворлик бериш механизми ҳам жорий этилмоқда. GPS-мониторинг орқали светофорлар яқинлашаётган автобусни аниқлайди ва унга устувор ҳаракат имконини беради. Натижада автобуслар бекатларга тезроқ етиб боради ва йўловчиларнинг кутиш вақти қисқаради.

«Ҳозирги кунда тизимга 125 та муҳим чорраҳа уланган. 2026 йилда 545 та объектни тизимга улаш режалаштирилган. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида қарийб 1000 та светофорли чорраҳа мавжуд.

Ҳар бир «ақлли» чорраҳа камида 4 та камера ва транспорт оқими зичлигини ўлчовчи датчиклар билан жиҳозланади. Тизимни бошқариш ва таҳлил қилиш жараёнларида 30 дан ортиқ транспорт муҳандислари, АТ-таҳлилчилар ҳамда халқаро экспертлардан иборат жамоа фаолият олиб боряпти», – дейди Марказ бўлиб бошлиғи Оллоёр Норбўтаев.

Шунингдек, пойтахтда транспорт тизимини такомиллаштириш доирасида мавжуд светофорларга вақт ҳисоблагичларини (таймерларни) ўрнатиш, бекатларни ягона стандарт асосида модернизация қилиш ва уларнинг майдонини кенгайтириш, чорраҳаларни реконструкция қилиш, пуллик автотураргоҳларни ташкил этиш ҳамда ташқи реклама обектларини тартибга солиш ва ноқонуний объектларни демонтаж қилиш каби ишлар амалга оширилади.

«Биринчи босқичда пойтахтнинг 100 км кўчаси ва 14 та чорраҳани қамраб оляпмиз, – дейди Оллоёр Норбўтаев. – Мазкур чорраҳаларда тирбандликнинг камайтириш учун 10 тасида қайта таъмирлаш ишлари олиб борлиса, қолган 4 тасида қўшимча йўллар очилади.»

Расмийга кўра, мазкур чорраҳалар:

  1. И.Каримов ва Б.Закиров кўчалари кесишмаси
  2. Ойбек ва Шахрисабз кўчалари кесишмаси
  3. Б.Зокиров автошоҳбекатга кириш
  4. КХАЙ – Шимолий вокзал қаршиси
  5. Паркент кўчаси – «Паркент бозори»
  6. Бобур ва Next-Сеул кўчалари кесишмаси
  7. Фарғона йўли – Нукус чорраҳаси
  8. Буюк ипак йўли – Ш.Бурхонов кўчалари кесишмаси
  9. Фурқат ва А.Навоий кўчалари кесишмаси
  10. Себзор кўчаси
  11. Махтумқули ва А.Қодирий кўчалари кесишмаси
  12. Паркент ва КХАЙ кўчалари кесишмаси
  13. А.Навоий кўчаси (Фурқат-Қоратош)
  14. КХАЙва Зиёлилар кўчалари кесишмаси

Таъкидланишича, ЙҲТЭМ томонидан жорий этилаётган интеллектуал транспорт тизими пойтахт йўл тармоғининг «рақамли эгизаги»ни яратишга хизмат қилади. Бу нафақат тирбандликларни камайтириш, балки йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ошириш, транспорт оқимини мувозанатли бошқариш ва фуқароларнинг йўлда сарфлайдиган вақтини қисқартиришга имкон беради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Марказ 2025 йил 4 декабрдаги Президентнинг Тошкент шаҳрида транспорт тизимини бошқаришни такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақидаги 368-сон қарори билан ташкил этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг