Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги йирик нарколаборатия фош этилди: маълумотлар

Тошкентдаги йирик нарколаборатия фош этилди: маълумотлар

Видеодан кадр.

Тошкент шаҳрида нарколаборатория фош этилди ҳамда катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари олинди

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, унда интернет тармоғидаги наркодўконга хизмат қилувчи, 1993, 1994 ва 1995 йилларда туғилган, пойтахтлик 3 нафар фуқаро кетаётганлиги аниқланиб, улардан 37 дона “Тропикамид” ҳамда таркибида прегабалин кучли таъсир қилувчи модда сақлаган 124 дона капсула ашёвий далил сифатида олинди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, интернет наркодўконнинг “закладчик”лари бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган 2 нафар шахс ҳам ушланди ва улар томонидан “закладка” тарзида қўйилган пойтахтнинг турли ҳудудларидаги хуфия жойлардан жами 1186 дона “Прегабалин” ва 125 дона “Тропикамид” олинди.

Аниқланишича, улар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Сергели туманида фаолият юритаётган нарколабораториядан олган бўлиб, давом эттирилган тезкор тадбирда ушбу манзил холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, унда 1987, 1993, 1995 ва 2000 йилларда туғилган 4 нафар шахс кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаётганликлари маълум бўлди. Мазкур хонадондан 5130 дона “Прегабалин” капсулалари ва 10 кг “Прегабалин” моддаси, 75 дона флаконда “Тропикамид” ва 6 кг “Тропикамид” моддаси, шунингдек, жами 60 минг дона бўш капсула ва флаконлар, лаборатория жиҳозлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ушбу оғуфурушларга нисбатан Жиноят Кодексининг 251¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. 

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона идоралари ҳамкорлигида пойтахт ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда эса, 1987 й.т. шахснинг Шайхонтоҳур туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилди.

 Натижада, унинг уйидан ва автомашинасидан 16 227 дона “Прегабалин”, 7 947 дона “Регапен”, 35 дона “Лирика” ва 14 дона “Перге” – жами 24 223 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.

Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс муқаддам контрабандачилар томонидан Қирғиз Республикасидан Фарғона вилояти ҳудудига ўтказилган ушбу дори воситаларини 34 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олиб, келгусида Тошкент шаҳрида қайта сотиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Шунингдек, унинг Фарғона вилоятидаги жиноий шерикларини шахсига аниқлик киритиш ва қўлга олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг