Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Тунги жанжал, ажабтовур расмий изоҳ ва хонанда Канизанинг ҳақиқатлари

Тунги жанжал, ажабтовур расмий изоҳ ва хонанда Канизанинг ҳақиқатлари

Фақат мен эмас, сиз ҳам кўрдингиз Чилонзор туманидаги тунги жанжал видеолавҳасини, тўғрими? Оддий аҳоли бир томон ва кўринишидан енгилтаклиги сезилиб турган «капалак»лар бир томон! Бақир-чақир, қий-чув, сўкинишу ҳақоратлар!.. Жиккаккина қиз кела солиб, ҳаммага ташланяпти. Кейин иккинчиси шиддат билан ҳужум қиляпти!..

Булар ким ўзи? Ота-онаси, ака-укалари, амакию тоғалари, холаси-ю аммалари йўқми? Бошқа яқинлари-чи? Ҳеч кими бўлмаса, қонун-чи? Наҳотки Ўзбекистоннинг қонун-қоидалари аҳоли тинчини бузаётган бундай касларнинг жиловини тортиб қўя олмаса?

Расмий изоҳни қаранг: «Ўрганишлар жараёнида, шу куни тахминан соат 00.30 ларда ушбу ҳудудда NEХIA ва СOBALT русумли транспорт воситалари ўзаро тўқнашганганлиги сабабли фуқаролар ЙТҲни кўриш учун тўпланганлиги аниқланган».

Бу қандай ёлғон бўлди? Ойни этак билан ёпмоқчимисиз? Ахир жанжал сабабчилари «тунги капалаклар» эканлиги беш қўлдай аён-ку? Шармандали видеони деярли ҳамма кўриб бўлди-ку, ҳурматли изоҳчилар!

Айнан шу расмий изоҳга зид равишда MY-5 телеканалининг «Марказий студия»си ҳаммасини рўйи-рост айтди. Яъни Шуҳрат кўчасидаги маҳаллий аҳолининг тоқати тоқ бўлган. Сурбет, бетакаллуф, суюқоёқ «капалаклар» улар яшайдиган «дом»ларнинг подъездигача кириб боряпти, ерда эса тақиқланган дориларни кўмиб кетиб, бошқалари келиб кавлаб оляпти. Бу уюшган жиноятчилик, мафия эмасми? Нега уларнинг мушугини пишт демаяпти қонун назоратчилари? Айнан шу боис ҳам аҳоли норозилик билдирмадими? «Пичоқ суякка қадалиб», ўзгача «жанг» бошламадими?..

Бу ёқда, бошқа одамлар орасида эса гап юрибди: «Тунги капалаклар»ни барибир йўқотиб бўлмайди, тақиқланган дориларни ҳам! Чунки ортида катталарнинг ўзи турибди, улар яхшигина манфаатдор!..» Шунчаки кўчанинг гапи, дейсизми?!. Шошманг, кейинги вақтларда айнан «кўча» тушунчаси чуқур илдиз отмаяптими? Турли «разбор»лар, қуюшқондан чиқишлар, катталар ва ёшлар, ҳатто ўсмир қизларнинг «самосуд»лари...

Сийқаси чиққан номланишдаги «маънавият»чилар эса тадбир устига тадбир уюуштиришдан бўшамайди. Уларга чиройли, жимжимадор гапириш, минбарлардан ваъз ўқиш бўлса бас! Аслида «тунги капалаклар»ни маънавиятчилар бартараф этади, дейиш ҳам жуда кулгили! Рост-да, суюқоёқларнинг олдига келиб, маъруза ўқиб беришармиди? «Э, бор, тошингни тер!» деган жавоб олишади, вассалом!..

Ҳозир борми-йўқми, билмайман, аммо бир пайтлар «Ахлоқ милицияси» бўларди. Фоҳишалар билан алоҳида шуғулланарди, уларни машинасига солиб олиб кетарди. Агар бугун ҳам бўлса, қандай иш билан машғул экан-а? Ўзи «тунги капалаклар» учун аниқ жавобгар идора борми?

Нима бўлганда ҳам Чилонзордаги тунги муҳораба, бу – барчамизнинг шармандалигимиз! Ор-номусимизга тутилган кўзгу! Бевосита жавобгар маҳалла масъулларими? Участка нозирими? Хўш, улар қандай чора кўриши мумкин? Нари борса, «тунги капалаклар»ни кундузи чақиришади-да, тушунтириш хати олишади ва бўлди!.. Шундаям бу «ҳашарот»лар ёзишга кўнса, денг!..

Қонунларни кучайтириш керак! Токи сурбет, бетгачопар, ўзидан катталарнинг юзига чанг соладиган, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиганлар учун ҳеч қандай важ қолмасин! Афсус, минг афсуски, бизда бор қонунлар ҳам гоҳида ишламайди, аниқроғи, айримларга келганда, қонунлар чиройли тарзда айланиб ўтилади. Бандихонлик «валломат»ни мисол келтирсак, кифоя! Қонун посбоники маҳалла раисларини «Итдан тарқаган» деб турргач, «тунги капалаклар» бошқаларни нима десин? Шаҳар бедарвоза қолиши тугул шармандага роса кенг ҳам бўлиб кетди бугун!

Аммо хонанда Каниза боплади! Ижтимоий тармоқда уни ҳақорат қилган йигитни судга бериб, жаримага торттирди. Айтишича, буни ўзи учун эмас, бошқаларга сабоқ бўлсин, деб қилди... Унинг яна бир гапи топиб айтилди: «Агар масъул ходимлар масхарабозлик қилмасдан... Президентимиз чиқарган қарорларга жиддийроқ қараса, халқ орасида қонунга бўлган ишонч кўпаярмиди, самосудлар камаярмиди?..»

Эҳ, масъулияти йўқ масъуллар!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг