Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Вақф» раддия берди, аммо «Малибу» ҳақида индамади

«Вақф» раддия берди, аммо «Малибу» ҳақида индамади

Фото: «Vakillik.uz»

«Вақф» хайрия жамоат фонди «Фейсбук» ижтимоий тармоғида «Саидқосим Бухорий» деган фойдаланувчи тарқатган хабарларга раддия берди.

«Саидқосим Бухорий» ўзининг «Мажбур бўляпман дўстларим. (Рамазон ойи Аллоҳ ўзи кечирсин)», дея бошланган постида гўё вақф мулки сифатида ажратилган хонадонда Фонд раҳбарининг ўзи яшаётгани, шунингдек, уйи ёнган фуқароларга «Вақф» фонди томонидан кўрсатилган мурувват билан боғлиқ бошқа ҳолатни ҳам тилга олганди.

Фонд бу хабарларни қатъиян рад этар экан, хабардаги воқеликлар ўзгача талқин қилинганини, шунингдек, асл ҳолат қанақа эканини атрофлича баён қилишга ҳаракат қилди. Бундан ташқари, фонд томонидан амалга оширилаётган айрим ишлар маълумот ўрнида айтиб ўтилади. Амалга оширилган хайрия ишлар ҳақида маълумот берилар экан, уларга қанча миқдорда маблағ сарфланганини  аниқ ошкор қилинмаган.

Хуллас, «Саидқосим Бухорий»нинг ижтимоий тармоқдаги чиқишини «фитна» деб баҳолаган «Вақф» фонди айни кунларда мамлакатимизда муборак Рамазон ойи шукуҳи кечаётганини эслатиб, алоҳида таъкидлайдики, ҳозир шайтону жинлар кишанланган ва бутун мавжудотга раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазони шариф ойида турибмиз. Ушбу ойни гуноҳу маъсиятлар қилиш билан ўтказмайлик.

Яхши даъват, аъло амал бу.

Дарвоқе, матни салмоқлигина бўлган раддияда фонд томонидан сотиб олинган «Малибу» машинаси ҳақида индалмайди. Ким билсин, фонд мутасаддилари «Саидқосим Бухорий»га билдирганидек, қимматбаҳо «Малибу» хусусида ҳам тезкор муносабат билдирганида турфа гап-сўз, шубҳаларга ўрин қолмасмиди, дейсан-да. Зеро, фонд ўринли таъкидлаганидек, бунақанги гап-сўзлар хайрия ишлари кенгайишига тўсқинлик қилиб, натижада бундан фақат ёрдамга муҳтож бўлган инсонларгина жабр чекиб, меҳр-мурувватдан бебаҳра қоладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг