Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Xabar.uz» суриштируви: «Малика» савдо марказидаги айрим дўконлар нега ёпилди?

«Xabar.uz» суриштируви: «Малика» савдо марказидаги айрим дўконлар нега ёпилди?

Фото: «Xabar.uz»

Бир неча кун олдин Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Малика» савдо марказидаги бир нечта дўконлар фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилгани ҳақидаги хабарлар интернет нашрлари оламини босиб кетган эди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта савдо марказидаги дўконларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. Энди «Малика» савдо мажмуасида жойлашган дўконларнинг барчаси юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтиши керак бўлади.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида бугун, 11 апрель куни «Малика» савдо марказига борди. Мухбиримиз «Premium Prime Service» МЧЖ директори Асқар Азимов билан учрашиб, ушбу масалага ойдинлик киритди.

— 2018 йил 5 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш департаменти ва Тошкент шаҳар ижарага бериш маркази ДУК билан тузилган тегишли шартномалар асосида Шайхонтоҳур тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасидаги 57, 59, 61-уйларда жойлашган биноларни ижарага олиш шартлари бўйича мазкур биноларнинг ижара тўловларини Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўлаб бориш ваколатини олганмиз, — дейди А.Азимов биз билан суҳбатда.

«Premium Prime Service» МЧЖ директори Асқар Азимов
Фото: «Xabar.uz»

— Яқинда айрим ОАВ орқали тарқатилган хабарлар амалдаги ҳақиқатга тўғри келмайди. Савдо мажмуасидаги тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ. На солиқ инспекцияси, на ҳокимлик ва на биз томондан ҳеч қандай тазйиқлар кузатилмаган. Фақат Давлат солиқ қўмитасининг қонуний талабларига жавоб бермагани учун айрим тадбиркорлар ўз хоҳиши билан ўз дўконларини сунъий равишда ёпиб қўйишган. Эътибор берган бўлсангиз, ўз фаолиятини қонуний тарзда олиб бораётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган фаол тадбиркорлар бор ва дўконларда ишларини давом эттиришмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Шунингдек, ОАВларнинг қайд этишича, ҳозир кўпчилик якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда, тегишли идораларнинг талабига кўра, энди шулар тугатилиб, юридик шахс сифатида фаолият юритиши талаб этилаётган эди.

— Ўз фаолиятини қонуний олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркорларга эътироз йўқ. Лекин бир турдаги тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиб, ичида бир неча хил турдаги субъектлар билан савдо қилаётганлар ўз-ўзидан дўконларини ёпишмоқда. Улар ҳам ўз хатоларини тушунишган, — дея аниқлик киритади А.Азимов.

Фото: «Xabar.uz»

А.Азимовнинг айтишича, «Premium Prime Service» МЧЖ бинолардан фойдаланганлик учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига февраль ойида 560 миллион сўм, март ойида эса 616 миллион сўм миқдорида ижара тўловларини амалга оширган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг