Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» халқаро чипталарни таннархидан паст нархда сотади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» халқаро чипталарни таннархидан паст нархда сотади

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 февраль куни «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Унга кўра, 2018 йил 1 майдан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилади. Бунда уларда учинчи мамлакатга авиачипта ва виза (зарурат бўлганда) мавжуд бўлиши ҳамда консуллик йиғимларини тўлаш талаби, шунингдек, тасдиқланган туризм дастурлари бўйича танишув турлари учун уларнинг аэропорт чегара ҳудудидан ташқарига қисқа муддатли назорат қилинадиган чиқиши тартиби назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади. Унга оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида Ислом дини ва бошқа жаҳон динларининг маданий-тарихий ва илмий-теологик маркази сифатида ахборот материалларини тарғиб қилиш ва тарқатиш юклатилди.

Шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга қатновлар рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида халқаро қатновлар учун авиачипталарни таннархидан паст нархларда сотиш ҳуқуқи берилди. МАКнинг солиқ солинадиган базасини арзонлаштирилган нархлар бўйича сотилган авиачипталар суммасига камайтириш механизми жорий этилади.

2018 йил 1 мартгача туристларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун ягона қисқа умумреспублика телефон рақамига эга бўлган «Call-марказ»нинг фаолияти аутсорсинг шартларида ташкил этилади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси А.А.Абдухакимов зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг