Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким, МХХ, прокурор ваъда берди: «Хорижда адашган юртдошларимизни қайтаринглар, уларни қамамаймиз»

Ҳоким, МХХ, прокурор ваъда берди: «Хорижда адашган юртдошларимизни қайтаринглар, уларни қамамаймиз»

Туробжон Жўраев — Самарқанд вилояти ҳокими.

Фото: «Ozbekiston24» / «Xabar.uz»

Бугун, 12 март куни кечқурун Самарқанд вилояти ҳокимиятида турли сабаблар билан хорижда юрган юртдошларимизни ватанга қайтариш масалаларига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят прокурори, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси, вилоят МХХ раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоятдаги барча масжидларнинг имом-хатиблари, қидирув эълон қилинган фуқароларнинг оила аъзолари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишни бошқарган вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ёшларимизга диний билимларни пухта ўргатмаганимиз туфайли, улар ўз ота-боболари дини бўлган исломни яхши билмаганликлари туфайли адашиб, бегона оқимларга кириб кетганини, аммо улар ҳам шу юртнинг фарзандлари эканини, уларни кечириш лозимлигини айтди. Президентимиз эълон қилган афв туфайли Самарқанд вилоятидан ҳам гумондорлар рўйхатида бўлган 1749 кишидан 1625 таси рўйхатдан чиқарилганини айтди. Уларнинг муаммолари ўрганилгани, кимига уй, кимига иш, кимига даволаниш учун сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар берилганини айтди.

— 124 фуқаромизни рўйхатдан чиқара олмадик, сабаби улар хорижда юришибди, — деди вилоят ҳокими. – Аммо биламан, ҳаммасининг ватанга қайтиш истаги бор. Лекин ҳаммасининг юрагида «борсам қамаб қўйишади» деган қўрқув бор. Азизлар, фарзандларингизга айтинг, ҳаммаси қайтишсин, биттаси ҳам қамалмайди, уларни кечирамиз. Уларнинг қамалмаслигига мана мен кафилман!

Шундан сўнг Самарқанддаги СТВ телевидениеси вилоят МХХ билан ҳамкорликда тайёрлаган «Адашганлар» номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Унда Самарқанддан турли давлатларга чиқиб кетиб, бегона юртларда ҳар хил диний экстремистик оқимларга, террорчиларга қўшилиб қолган ёшларнинг тақдирлари кўрсатилди. ИШИД сафларида жангларда қатнашган, Украинага келганида МХХ ходимлари томонидан қўлга олинган 1992 йилда туғилган Шерзод Жўраевнинг иқрори томошабинларни ларзага солди.

Вилоят МХХ раҳбари Улуғбек Мирзааҳмедов ҳам МХХ томонидан неча киши ушлангани, неча кишига озод бўлиши учун ёрдам берилгани, қирқдан ортиқ жиноий ишлар енгиллик бериш мақсадида қайта кўрилаётгани ҳақида гапирди.

— Кўпчилик ёшлар ота-оналари билан доимий равишда алоқа боғлаб турганидан хабардормиз, — деди МХХ раҳбари. – Айтинглар, қайтишсин! Уларга қамоқ жазоси берилмаслигига, улар таъқиб ва тазйиққа учрамасликларига мен кафилман!

Вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров жиноят содир этган фуқаролар «Фалон йил яшириниб юрсам, жиноий иш ёпилиб кетади» деб хато ўйлаб юришларини, яхшиси, келиб тавба қилишлари, элдан, давлат раҳбаридан кечирим сўрашлари тўғри бўлиши ҳақида гапирди. Агар бекиниб юрса-ю, чет элда қўлга тушса, у давлат уни Ўзбекистонга қайтаради, аммо барча сарф-харажатлар ўша фуқаронинг бўйнига тушишини тушунтирди.

Сўзи ниҳоясида прокурор ҳам кафиллик берди:

— Фарзандларингизга айтинг, қайтишсин! Мен битта нарсага кафолат бераман: агар қўли қонга ботмаган бўлса, битта ҳам фуқаро қамалмайди!

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Олимжон Ҳайитов суд Ёшлар иттифоқи билан имзоланган меморандум асосида 55 та жиноят ишини қайта кўриб, барчасига енгиллик берилганини, айрим ёшлар жазодан озод қилинганини айтди.

Суд раиси бошқалардек қайтган фуқаролар қамалмаслигига аниқ кафиллик бермаган бўлса-да, «Мана, қамамаймиз деган гаплар бўлаяпти, болаларингизга айтинг, қайтишсин», — деди.

Вилоят имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов диний ривоятлардан, оят ва ҳадислардан айтиб, ота-оналарни ватандан ташқарида юрган фарзандларини чақиришга ундади.

Йиғилишда иштирок этган, фарзандлари чет элларда юрган айрим ота-оналар раҳбарлардан фарзандларини қайтариш борасида ёрдам сўрашди. Ургутлик саккиз фарзанднинг онаси Муҳайё Ҳодиева бир эмас, уч ўғли четда юрганини, уларнинг ёш болалари борлигини айтиб, фарзандларининг қайтишлари учун йўл очиб бераётган президент Шавкат Мирзиёевга барча оналар номидан миннатдорчилик билдирди.

— Ўғилларимнинг бари меҳнаткаш, — деди онаизор. – Ватанга қайтишса, ўзларининг номларини ҳалол меҳнатлари билан оқлашларига мана мен кафилман!

Албатта, йиғилиш эҳтиросларга бой бўлди, таассуротлар шунчалар беқиёс бўлдики, йиғилишдан чиқибоқ танишларимизга вилоят ҳокими, прокурори, қозиси, МХХ раҳбари, ИИБ бошлиқлари берган кафилликни айтиб, суюнчи олгимиз, уларни юртга қайтишга даъват қилгимиз келиб кетди. 

Каримберди Тўрамурод
Самарқанддан «Хаbar.uz» учун махсус тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг