Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна баҳор, яна эзгулик!

Яна баҳор, яна эзгулик!

Байрам тадбирида ташкилотчилар томонидан 65 нафар катта ёшдаги кишиларга, 15 нафар ногирон болаларга ногиронлик аравачалари тарқатилди.

Қадимдан Наврўз кунлари кексалар, касал ётган кишиларнинг аҳволидан хабар олиш, уларнинг кўнглини сўраш халқимизга одат. Энг олдин ана шундай меҳрга, мурувватга илҳақ кишиларга Наврўз шукуҳини етказиш инсонийлик бурчимиз.

Халқимизнинг қадимий удумларини каттақўрғонликлар ҳам яхши билишади. Баҳорнинг илк илиқ кунларида Каттақўрғон туман ҳокимлигининг ташаббусига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, туман Ёшлар иттифоқи каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида туманда истиқомат қилиб келаётган 80 нафар имконияти чекланган кишиларга шодлик улашиш мақсадида байрам ташкил этилди.

Тумандаги муҳташам «Наврўз» маросимлар саройига йиғилган тадбир иштирокчиларини туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов Наврўз айёми билан қутлар экан, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёнида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, имконияти чекланган кишиларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳукуматимизнинг доимо диққат марказида эканлигини эътироф этди. Байрам тадбирида ташкилотчилар томонидан 65 нафар катта ёшдаги кишиларга, 15 нафар ногирон болаларга ногиронлик аравачалари тарқатилди. Шунингдек, уларга ҳомийлар томонидан улашилган совға-саломлар ўксик қалбларни тоғдай кўтарди. Баҳорий ноз-неъматлар билан безатилган тўкин дастурхон ва концерт дастури тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч ва шодлик улашди.

− Болалигимдан расм чизишга қизиқаман, − дейди тумандаги Баландравот маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 35-умумтаълим мактаби ўқувчиси Турсуной Турсунова. − Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар туфайли ўқитувчиларим кўмагида уйда таълим олаяпман. Наврўз байрамида биз каби имконияти чекланган кишиларга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад хурсанд бўлдик. Бу шодликларни чизадиган суратларимда акс эттираман.

Каримберди Тўрамурод, «Хabar.uz»нинг махсус мухбири, Шуҳрат Қаршиев, «Каттақўрғон тонги» газетаси муҳаррири.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг