Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Кўргазмабозлик соясидаги байрам ёхуд саҳнадан ҳайдалган болалар

Кўргазмабозлик соясидаги байрам ёхуд саҳнадан ҳайдалган болалар

foto: chatgpt

— Ў-ў, бор, четга чиқ, саҳна «чегараси»дан ўтма. Ўзи шундай-да ҳам саҳна гилами оёқлар тала-тўпидан абжағи чиқди. Бор, бор, нарироққа ўйна!— Наврўз байрам дастури ташкилотчиларининг тўғридан-тўғри ерда тўшалган гиламга чиқиб, рақсга тушаётган болажонларни турткилаб четга суриб чиқариши бирпасда уларнинг юзидаги завқ-шавқниям учириб юборди.

— Э-э, байраминг билан, хўпми? Шунақа силтайдими болани?!

— Гиламинг тоза бўлсаям, майли эди. Бола-да, ўйнайди-да!

— Ўзи байрамни ким учун қиляпсан, бор-э, ўша...! — дея бир нечта хотин-халажлар жоврашиб, саҳна олдидан болалариниям олиб, қўл силтаб кетишди.

Саҳна олдидан ҳайдалган болалар

Тўғридан-тўғри ерда тўшалган яшил катта гиламда «Наврўз» сайли томошаси. Шоу-дастури бошланган. Саҳна миллий анъана ва урф-одатлар акси туширилган кўргазмалар билан безанган. Саҳна ўртасида эса сумалак рамзий қозонда «қайнаб» турибди. Атрофида рамзий капкир тутган одамлар фонограммада қўшиқ ва лапарларни, гўё, авжга миндиришган. Миллий ўйинлар эса фақат сценарийда. Амалда замонавий қўшиқ ва рақслар. Эстрада хонандалари бири қўйиб, бири олади. Орада хориж мусиқалари ҳам янграйди: ёшлар алмойи-алжойи рақсларга тушишган, болажонлар эса қандай мусиқа эканини фарқлашмай, завқланишади. Рақслар авжида болажонлар саҳна гилами «чегараси»ни босиб қўйишгани учун ташкилотчи четга суриб, ўдағайламоқда. Ота-оналар тажанг. Саҳна олдидан ҳайдалган болалар эса хархашада...

Ҳисобот учун ташкил қилинган бундай саҳна чиқишлари  асл Наврўз ҳақида ёш авлодга бетакрор таассурот қолдирмаслиги аён. Бу ҳолатни кузатиб, дилимиз бир қадар оғрийди. Негадир, ҳаммамиз яхши билсак-да, сценарийли томошалардан тўхтамаймиз.

Наврўз — халқимиз ҳаётида янгиланиш, табиат уйғониши ва одамлар қалбини бирлаштирувчи байрам сифатида нишонланиб келади. Қадимда Наврўз катта саҳналардан ёки расмий концертлардан бошланмаган. Байрам оддий маҳаллаларда, қўшнилар орасида бошланган. Аёллар ва болалар бирга сумалак қайнатган, эркаклар ҳашар қилиб, кўча ва ҳовлиларни тозалаган, ёшлар миллий ўйинлар уюштирган. Кечга бориб эса қўшиқ, лапар ва рақслар билан байрам давом этган.

Аммо, бугунги байрам дастурларини кузатиб, Наврўз ҳақиқий миллий қадрият сифатида яшаяптими, у ўзининг асл руҳини сақлаб қолдими ёки у саҳнавий шоу ва кўргазмали тадбирларга айланиб бормоқдами, деган саволлар туғилади. Асосий мақсад Наврўзни томоша сифатида нишонлашми ёки унинг ҳақиқий маъносини сақлаб қолишдами?

Кўргазмабозлик соясида...

«Бизнинг ёшлигимизда Наврўз ясама саҳналарда эмас, одамлар орасида бўларди. Кенг далаларда, лозим бўлса, яйловларда ўтказиларди. Қозонларда сумалак қайнар, ҳалисалар пиширилар, маҳаллалар аҳли бирлашарди. Қўни-қўшнилар йиғилишарди. Бу байрамнинг гўзаллиги эса одамларнинг дастурхон атрофида ўтириб, бир-бирини дуо қилишда эди. 

Бу қадриятлар қишлоқларимизда ҳозир ҳам бор. Тўғри, томошаларнинг бугун катта-кичик саҳналарда рамзий ашёлар билан ўтказилаётгани бироз эриш бўлса-да, соз-наволар ҳар жой ҳар жойда янграб турибди. Аммо, болалар завқу-шавқига гўёки, сценарий томошаларини «бузиб» қўйган сифатида қараш жуда хунук ҳолат. Бу байрамнинг асл руҳи дилларни завқлантириш, қалбларни қувонтиришдан иборат бўлса... Ўзим ҳам бу ҳолатни кўриб, ўйланиб қолдим-да...»-дейди шофиркондан Бухоро шаҳрида уюштирилган Наврўз байрами сайлларидан бирига неваралари билан келган отахон.

Дарҳақиқат, Наврўзнинг асосий мазмуни ҳам ана шу: дилларга завқ улашиш, бири-биридан аразламаслик, гина-қудуратни унутиш, бирдамлик, меҳр ва янгиланиш. Салкам 35 йил бўляптики, биз Наврўзнинг қайта тикланганидан мамнунлигимизни такрор-такрор сўзлаймиз. Агар бу миллий байрам фақат саҳна ва кўргазмага айланиб қолаётган бўлса, Наврўзнинг асл мазмуни яна сояда қолиб кетиши мумкин.

Тўғри,  маданий дастурлар байрамга файз бағишлайди. Бироқ, баъзан тадбирлар шунчалик расмий ва сценарий асосида ташкил этиладики, у халқона руҳдан бироз узоқлашгандек туюлади. Ҳамма кўринишлар рамз ва кўргазмалар орқали «бошқарилади». Миллий рақс ва миллий ўйинлар қисқа намойиш этилади.

«Мутасаддилар келиб-кетгунча, қўл теккизманг...»

Наврўз, деганда кўпчиликнинг кўз олдига мўл-кўл дастурхон келади. Бу меҳмондўстлик ва саховат белгиси. Бироқ, оғриқли жиҳат: Наврўз дастурхонлари миллий таомлар ва миллий пишириқлар намойишида кимўзарчилик авжга минади. Туман, шаҳарлар номи ёзилган дастурхонларни безаш — худди анъанавий  «беллашув»га  айланиб кетган. Сайлга чиққан маҳаллий одамлару хорижлик сайёҳлар бу миллий таомлардан ё харид қилишни ёки татиб кўришни истайди. Йўқ. Токи, мутасаддилар дастурхонларга «баҳо» бериб ўтишмагунча, қўл теккизиш йўқ. Бу байрам одамлар учунми, ёки мутасаддилар учунми?

Бир тадбирда бўлиб ўтган воқеа бунга мисол бўла олади. Наврўз куни дастурхонлар кўрик-танлови уюштирилмоқда. Бир туман ўн хил миллий таом тайёрлаган бўлса, иккинчиси салкам йигирма хил миллий таом ва пишириқлар билан қатнашди. Дастурхонлар ҳақиқатан тўлиб-тошган. Аммо, «қўл теккизиш»га рухсат берилмаган дастурхон неъматлари, деярли, ейилмай қолиб кетди.

Сунъий дабдаба ортидаги «мажбурият»

Қоровулбозор тумани вакили: «Наврўзнинг файзи дастурхоннинг кўп ёки лиқ тўлалигида эмас, аслида, ниятнинг тозалигида. Аммо, кўргазма учун шунча пишириқларни тайёрлаб келишга мажбурмиз», — дейди.

Миллий байрам ва сайл ортида ётган исрофгарчилик «беллашуви» мажбурияти кўз-кўз қилишга асосланган  сунъий дабдабанинг белгиси, холос. Аммо, бу кўпроқ маънавий қадриятлардан йироқлашиб бораётган одатга айланиб қолаётгани билан хавотирли.

Халқ орасида Наврўз дастурхонига оид бир ривоят бор.  Бир қишлоқда Наврўз куни бир бой катта дастурхон ёзган. Ҳил-ҳил таомлар, ширинликлар - ҳаммаси бор. Қўни-қўшнилар ҳам бойдан қолишмай, дейишиб, катта-катта лаганларда турли хил ноз-неъматлар олиб чиқишибди. Шу пайт бир камбағал деҳқон фақат битта косада оддийгина ош олиб келибди. Одамлар ҳайрон.

— Нега бунча кам?

— Бу ош ҳалол меҳнатимдан тайёрланган. Наврўзнинг баракаси шу косада ҳам етарли.

Айтишларича, ўша куни катта дастурхон ёйган бой ҳам, бошқа одамлар ҳам айнан, ўша ошдан ейишибди.

Мақсад, миллий байрамда урчиб кетаётган кўргазмабозлигу исрофгарчиликларни танқид  қилиш эмас, балки, байрам мазмунини сақлаш, уни борича келажак авлодга етказиш.

Мутахассисларнинг фикрича, Наврўзнинг асл ғояси табиатни асраш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш ва янги умидлар билан ҳаётни бошлашдир. Шунинг учун сўнгги йилларда баъзи жойларда яхши ташаббуслар ҳам пайдо бўлмоқда. Наврўз куни кўчат экиш акциялари ўтказилмоқда, маҳаллаларда ҳашарлар ташкил этилмоқда, миллий ўйинлар қайта тикланмоқда. Бу изчил ҳаракатлар, албатта, хайрли.

Наврўз  одамларни бирлаштириш, дилларни яқинлаштириш, табиат билан бирга янгиланиш байрами. Шу боис, унинг ҳақиқий қувончи баланд саҳна ёки дабдабали дастурхонларда эмас, болаларнинг беғубор кулгисида, қўшнилар дуосида ва одамлар қалбидаги самимийликда яшайди.

Шундай экан, Наврўзни безакли ва кўргазмабозли томоша эмас, қадрият сифатида асрайлик. Зеро, байрамнинг энг катта безаги одамлар қалбидаги меҳр ва самимиятдир.


Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг