Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна миллий авиакомпания. Маълумот олиш машаққати

Яна миллий авиакомпания. Маълумот олиш машаққати

Фото: «Uzairways.com»

Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатда ички туризм истиқболлари ҳақида гапирганда, бир қатор амалий саъй-ҳаракатларни, яхши натижаларни санаш мумкин. Улардан бири расмий байрамларда дам олиш кунлари муддати узайганида намоён бўлади.

Яхши биламиз, Наврўз байрами муносабати билан ўзбекистонликлар 5 кун дам олиш имконига эга бўлди. Бундан мақсад: халқимиз байрамни муносиб қаршилаши, яшариш ва янгиланиш фаслида яқинлари ҳолидан хабар олиб, тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларни зиёрат қилиши, оилавий саёҳатга чиқиши учун шароит яратишдир.

Бу жараёнда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳам муносиб иштирок этмоқда Хабарингиз бор, миллий авиакомпания байрам кунлари мамлакат бўйича ички рейсларда 50 фоизгача чегирмалар эълон қилди.

Мазкур чегирмалар ва рейсларнинг ташкил этилиши билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ахборот хизматига мурожаат қилдик.

Компания бош директорининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Умид Ҳусанов хабарига кўра, байрам кунлари, яъни 5 кун давомида 72 ички рейс амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг энг кўпи Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига йўналтирилади.

Шу кунларда ички авиақатновларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Ҳозирдан дам олиш кунлари учун чипталар сотиб бўлинди ҳисоб. Бу ҳолат инобатга олинган ҳолда, миллий авиакомпания шаҳарлараро яна 12 қўшимча рейсни жорий этишга қарор қилган.

Тафсилий чекиниш: Маълумот олингунга қадар

Компания ахборот хизматига қўнғироқ қилдик. Ўзини Маъмура Умматқулова, деб таништирган ходим билан боғландик. Мақсадимизни эшитди, боғланиш телефонимизни олди, ўзи хабар қилиши ҳақида айтди. Биз кутдик.

Бироз вақтдан сўнг қўнғироқ қилиб, саволларимизни етказишни (масалан, телеграмм канали орқали), уни компания масъулларига беришини, тартиб шунақалигини, кейин улар жавобини бизга маълум қилишини айтди. Биз жўнатдик.

М.Умматқуловадан жавоб келди. Мана у: +99890998**** Умид Аброрович Хусанов (Миллий авиакомпания Бош директорининг ўринбосари).

Тушунишимизча, Умид Аброровичга қўнғироқ қилишимиз керак. У киши бу маълумот бизга нима учун кераклиги ҳақида жуда қизиқди ва йиғилишга кириб кетишини, тезда ходимларидан бири биз билан алоқага чиқиши ҳақида айтди. Биз яна кутдик.

...Хабар бўлмади. Қўнғироқ орқали М.Умматқуловага қайтдик. Вазиятни тушунтириб, ахборот хизмати масъули билан боғланиш алоқасини сўрадик. Ҳозир қайтиб чиқаман, деди-ю алоқа узилди. Орадан 5-10 дақиқа ўтгач ўзини Шуҳрат, деб таништирган йигит Умид Аброрович топшириғига биноан бизга қўнғироқ қилаётгани, бизнинг саволлар ҳақида телевидение журналистларига маълумот берилгани (ёки тез орада берилади, дедими, очиғи англай олмадик), шу боис, керакли маълумотларни улардан олишимиз мумкинлиги, бизнинг саволимизга эса жавоб берилмаслиги ҳақида айтди. Биз ажабландик.

Компания ахборот хизмати масъули Наргиза Ботировна билан гаплашдик. Саволларимизга жавоб топилиши ҳақида айтди. Бир муддатдан сўнг ўзини ахборот хизмати ходими Жасур Ўролов, деб таништирган «жаноб» қўнғироқ қилди ва деди:

– Сизга қандай маълумот керак? Менга юборинг?

Вақт пешиндан оғиб, тўртдан ошиб қолган вақтда бу саволдан биз яна ажабландик.

Ҳар қалай саволимизга қисман жавоб топдик. Умид Аброровичнинг ўзи қўнғироқ қилиб, бизга маълумот юборди.

Улуғбек Асроров, ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг