Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Япониядан яна икки ўзбекистонлик чиқариб юборилди

Япониядан яна икки ўзбекистонлик чиқариб юборилди

Токио кўчаларидан бири.

Фото: Xabar.uz / Собир Салим

15 май куни Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда яшаб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини чиқариб юборди. Бу ҳақда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.

«Ҳар икки шахс “талаба” визаси билан Японияга бориб, виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний равишда қолган ва расмийлар томонидан ҳибсга олинган. “Талаба” визаси пул топиш учун эмас, балки фақатгина ўқиш учун берилади. Агар ноқонуний яшаш ёки ноқонуний меҳнат қилиш ҳолатлари аниқланса, полиция томонидан ҳибсга олиш ва ушлаб туриш, иммиграция муассасаларида қамоққа олиш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади», — деб маълум қилди дипломатик ваколатхона.

Қайд этилишича, Япония ҳукумати қонунбузарлик содир этган шахслар ҳақида маълумотни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим қилади. Шу сабабли бундай шахсларга нисбатан Ўзбекистонга қайтганидан кейин ҳам тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Шунга кўра “Японияда ишлаш мумкин” қабилидаги таклифларга осонгина ишонмаслик сўралган.

«Шунингдек, одатда, Японияда қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилинса, “узоқ муддат қолиш мумкин” ёки “ишлаш мумкин” деган нотўғри маълумот тарқалган. Шу каби мақсадлар билан қочқин мақомини олиш учун ариза беришга рухсат этилмайди. Агар қочқин мақоми рад этилса, иммиграция муассасасига жойлаштириш ёки депортация қилиш каби чоралар қўлланиши мумкин», — дейилади расмий хабарномада.

Элчихона сохта маълумот бериш ёки ноқонуний усуллар билан қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилиш жиддий ҳуқуқий чоралар келтириб чиқаришидан огоҳлантирган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 8 май куни куни Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилганди.

Апрел ойида ҳам қонунчилик талабларини бузгани сабаб яна икки ўзбекистонлик Япониядан чиқариб юборилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг