Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Йигирма йиллик ҳақорат

Йигирма йиллик ҳақорат

«Турмуш қурганимга 20 йил бўлди. Ҳозиргача умр йўлдошим одамлар олдида мени ҳақоратлайди ва сўкиб гапираверади. Шунча йил чидадим, лекин сўнгги пайтларда кундан-кунга ундан кўнглим совиб боряпти. Нима қилай?». 

Ҳурмат билан Ю.

Бу ҳолат 20 йилдан бери эрига ҳам, хотинига ҳам одатга айланиб улгурган. Аёл ажрашиб кетолмайди, ранжиб яшаши эса меъёрдаги ҳаёт тарзидек бўлиб қолган. Боши берк кўчага кириб қолгандан кейин, аёл ўзининг ўрнига кимдир қарор қабул қилишини истаяпти, ташқаридан унинг учун жавоб топиб бериш керакдек гўё. «Бирга яшайвер, чида» ёки «бундай эр билан яшама, чиқиб кет» деган маслаҳатни кутяпти. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзи айбдор бўлмаслиги керак. Аммо, билиб қўйсинки, қанчалик кўп ранжиб, бу ҳиссиётни кўтариб юрса, жанжал ёки ҳақоратлар шу қадар кўпайиб кетаверади.

Аслида ҳаётдан нолиб, арз қилган одамни хафа қилаверадилар. Нафақат эри, балки бошқалардан ҳам салбий муносабат кутиш мумкин. Ўзини қадрламаган, севмаган одамни ҳамманинг олдида ҳақорат қилаверадилар. Бу аёл шу пайтгача барчанинг кўзи олдида ўзини ранжитишга қўйиб беряпти, энди бу ёғига курашадиган бўлса, жанжал кўпаяди.

Маслаҳатлар:

1. Эрининг ҳаракатлари одатий ҳол эканлигига эътибор бермасдан (зеро, 20 йил феъл-атворларни ўрганиш учун етарли муддат), шахсий фикри билан яшасин. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини одамларнинг ўзлари ажратиб олишади.

2. Бу аёл одамлар олдида ҳурматим йўқоляпти, деб изза бўлишдан қўрқяпти. Шундай экан, ўзини қадрлашни ўргансин, яхши кўрган ишлари билан шуғуллансин. Керакли йўлни танласин, кимгадир қараб яшамасин, шахсий фикрини бойитсин.

3. Ҳар куни камида ярим соат ҳадислар, ҳикматлар, бадиий китоблар, газеталар ўқиб, маънавиятини оширсин (бу тадбир такрор айтилаётган бўлса-да, ниҳоятда зарур).

4. Хобби, севимли машғулоти билан шуғуллансин. Бармоқ учларида тинчлантирувчи сезги аъзоларимиз мавжуд, шу сабабли кашта тикиб ёки майда расм чизиб, бирор нарсани тайёрлаб кўрсин.

5. Шаҳарда яшаса, спорт мажмуасига қатнасин, кайфиятини кўтарадиган рақс тўгарагига борсин. Хуллас, аниқ мақсад сари ўзини йўналтирса, эри билан кечаётган можаролардан узоқлашади.

«Гўзал ҳаёт тилсими» китобидан.

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг