Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойда давлат бошлиғининг ваколати муддатига оид чеклов бекор қилинди

Хитойда давлат бошлиғининг ваколати муддатига оид чеклов бекор қилинди

Фото: AP / Andy Wong

Халқ вакиллари умумхитой мажлиси депутатлари конституцияга киритилган ўзгартишни маъқуллади. Унга кўра Хитой раиси ва унинг ўринбосарининг ваколати иккита беш йиллик муддат билан чекланиши ҳақидаги қоида бекор қилинди. Бу хусусда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Амалдаги конституцияга мувофиқ мамлакат раҳбари икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимда қолиши мумкин эмас. Конституцияга киритилган ўзгартишга биноан эса давлат бошлиғи ҳар беш йилда ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта сайланиши мумкин. Бу бир киши мамлакатни икки муддатдан ортиқ бошқариши мумкинлигини билдиради.

Бундан ташқари, депутатлар конституция матнига Хитойнинг ҳозирги раҳбари Си Цзинпиннинг номи қўшилишини ҳам маъқуллашди. Ушбу тузатишга мувофиқ конституция муқаддимасида Мао Цзедун ва Дэн Сяопин номи ва ғоялари қаторига «Си Цзинпиннинг хитойча социализм ғоялари раҳнамолигида янги даврга» деган жумла қўшилади.

Конституцияга киритилган яна бир тузатишга биноан мамлакатда коррупцияга қарши кураш бўйича янги орган — Назорат давлат қўмитаси тузилади. Бу иш билан ҳозир Хитой коммунистик партиясининг тартиб-интизом бўйича марказий комиссияси шуғулланади. Аммо у давлат ташкилоти эмас, партия ташкилоти ҳисобланади.

Халқ вакиллари умумхитой мажлиси депутатлари 5 мартдан 20 мартгача бўлиб ўтадиган сессияда ҳозиргача конституциянинг 20 дан ортиқ моддасига ўзгартиш киритиш бўйича овоз бердилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг