Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бугуннинг гапи: Сабр ва ҳаловат чегараси

Бугуннинг гапи: Сабр ва ҳаловат чегараси

Фото: Kun.uz

2020 йил 21 апрель ҳолатига кўра, мамлакатимизда каронавирус касаллигига чалинганлар сони 1657 нафарга етгани ҳолда бу дарддан фориғ бўлганлар эса 350 нафардан ошди. Бошқа давлатлардаги аҳвол билан солиштириб кўрилса, бизда тузалган сони кундан-кунга ортиш билан бирга касалликка учраётганлар эса камайишига эришилиши даражаси анча юқори.

Бу мамлакат раҳбариятининг касалликни аҳоли ўртасида тарқалишини олдини олишга қаратилган қатъий чоралари натижасидир. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилмаётганига ҳар бир фуқаро гувоҳ. Энг муҳими, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ушбу хавфли эпидемиянинг олдини олиш ва сақланишнинг бирдан-бир йўли бу – уйда қолиш ва гигиена эканлигини барча англаб етди. 

Бироқ, шундай вазиятда ҳам бу балои офатга бефарқ ҳолда юрганларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бозорларда бир-бирига тиқилиб, картошка ёки пиёз олаётган, навбат талашаётган одамларни айтмайсизми? Гўёки олаётган картошка-пиёзи худдики касалликнинг давосидек. Ваҳоланки, яқин масофадан бир-бирига тупук сачратиб талашаётган одамда коронавирус эмас, ундан ҳам хавфли бўлган сил ёинки шунга ўхшаш касаллик бўлиши мумкин-ку...

Саватдаги нон

Яқинда ижтимоий тармоқларда усмонли турклар замонида одамларнинг бир фазилати ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳа тарқалди. Уни кўрган киши назари тўқлик ва шукроналик ҳар қандай қийинчилик ва муаммонинг енгиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилади.

Нонвойхонага борган киши оиласига керакли нонни сотиб олгандан кейин имкониятига қараб, йўқсил ва бева-бечоралар учун тепага осиб қўйилган саватга пулини тўлаб нон қўйиб кетаркан. Қарангки, ёнида пули йўқ аёл ийманибгина нонвойхонага келди.

– Нон олмоқчийдим...

– Майли нечта нон берай?

– ...

Нон сотувчи бирданига тушунди. Унга ортиқча савол бермади. Қўлидан нон идишни олиб, тўртта нон солиб берди ва ёқимли иштаҳа тилади.

– Биз оиламизда ўзи уч кишимиз, бизга бугун иккита нон етарли. Ҳозир мен сиз берган тўртта нонни ҳам олиб кетсам, қолган мискинларга етмай қолиши мумкин. Раҳмат иккитаси етарли.

– Синглим олиб кетаверинг, юртимизда саховатли одамлар кўп. Бу сават ҳеч қачон бўш турмаган.

– Ортиқчасини олиб, кимга бераман. Қолиб кетган ноннинг сифати бузилади, эртага Оллоҳ ризқимизни беради.

– Насиб қилса... 

Орадан бир кун ўтиб ўша аёл бутунлай бошқача кўринишда яна нонвойхонага келди. Ораста кийинган, қўлида жарақ-жарақ пул. Оиласига 2 та нон олиб, яна 2 та нонни ўша йўқсиллар учун ажратилган осиғлиқ турган саватга солиб қўйишни нонвойга буюриб, пулини тўлаб кетди.

Буни кўрган нонвой бировнинг ризқига кўз олайтирмасдан қаноатда яшаган инсонга Оллоҳ ризқу насибасини доимо беришига яна бир бор амин бўлади. 

Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил, деганларидек дунё бўйлаб инсоният ҳаётига хавф солаётган пандемия пайтида уйига ёрдам бўлсин деб олиб борилаётган маҳсулотларнинг сифатию килограмидан норози бўлаётганлар қилаётган иши ношукурликдан бошқа нарса эмаслигини кўпчилик англаб етмоқда.

Мен нима дейману, қўбизим...

Саховатли тадбиркорлардан бири бозорда 500 сўмдан тухум, 10 минг сўмдан товуқ гўштини сотувга чиқарди. Бундан мақсад, албатта, моддий ёрдамга муҳтож кам таъминланган оилаларга ёрдам беришдан иборат эди.

Не кўз билан кўрингки, тумонат одам йиғилган. Очиғи шу пайтгача одамлар бу даражада тухум ва товуқ гўшти олганини сотувчилар эслай олмайди. Ҳеч ким бир ёки икки кило товуқ гўшти олмайди. Сотувчиларнинг тинка мадори қуриди: 10 кило, 20 кило....

Кам таъминланган оилалар қолиб, бозордаги айрим сотувчилар навбатда туришибди. Узоқдан эмас, ёнгинасида 10 минг сўмдан маҳсулот олиб сотса, ортиқча сарф-харажатсиз жарақ-жарақ пул. Инсоф, диёнат, инсонийлик, элу юртга садоқат қаерда қолди? Эл бошига иш тушганда ҳам халқумини ўйлайдиганларни ҳалол тадбиркор дейиш мумкинми? Мен нима дейману қўбизим нима дейди, деганлари шу бўлса керак-да.

Тўқликка шўхлик

Очиғи, юртимиздаги бозорлар яқин йиллар ичида бундай одамни кўрмаган бўлса керак. Айниқса, март ойи охирида ҳамма бозордан картошка, пиёз олишга шошилди. Битта рўзғорга ҳафтасига кўпи билан 3-4 килограмм маҳсулот ишлатилишига қарамай, қоплаб картошка-пиёз олишди. Мана орадан 10-15 кун ўтиб, янги картошка ва пиёз бозорларга чиқа бошлади. Нарх-навоси ҳам анча жойига тушиб қолди. Энди мана ҳаво исиб сифати бузилган пиёзу картошкалар чиқиндига олиб бориб ташлашдан бошқа нарсага ярамайди. Бундан фойдани фақат олиб-сотар кўрди, холос. Қаноатсиз одамларнинг аҳволи эса ўзингизга маълум.

– Дўконда шу пайтгача доимо ун бўлган, – дейди сотувчилардан бири. – Очиғи бошида нима бўлганини тушунмадим. Кўп қаватли уйда яшайдиган бир танишим кечқурун телефон қилиб, 10 қоп ун сўради. Мен тўй ёки бир марака қилса керак деб ўйлабман. Шунча юкни юқори қаватга кўтариб чиқишни ўзи бўладими? Кейин билсам ёнимиздаги дўконлардан ҳам одамлар 5-10 қоплаб ун олиб кетибди. Энди эса харидорлар ун йўқ десак, ўзларинг атайин шундай қиляпсизлар дея иддао қилишмоқда. Ваҳоланки, аҳолининг ўзи эҳтиёжидан анча кўп маҳсулотни уйига ғамлаб олган.

Кимдир маблағи борлигидан 10 қоплаб ун олиши мумкин, лекин кам таъминланган ёки ойлик-маошга қараб яшаётганлар нима қилади. Фақат ўзини ўйлаганлар ана шу «хислати» билан кўпчиликка каттагина зарар етказди.

Ун маҳсулотларининг нарх-навосини арзонлаштириш бўйича тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар берилди. Арзонлаштирилган ун маҳсулотлари ҳар бир хонадонга кириб бораяпти.

Ким уйидан безор

Тақдир синовлари боис оиласи, фарзандлари бағрида яшай олмаётганлар қанча? Улар мажбурликдан ёки ўзларининг билиб-билмай қилган хатолари туфайли шундай аҳволга тушган.

Бугун инсоният ҳаётига раҳна солаётган хавфли касаллик туфайли ҳукуматимиз томонидан қатъий чоралар кўрилмоқда. Шулардан бири одамларнинг уйда ўтириши, жамоат жойларига бормаслигидир. Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан карантин талабларига зид равишда иш тутаётганига ҳар куни гувоҳ бўлаяпмиз.

– Шу пайтгача оила, фарзандлар нима иш қилаяпти, ким билан ўртоқлашаяпти, ўқиши қандай умуман шуғулланмай қўйган эканмиз, – дейди юқори ташкилотда ишлаётган бир танишим. – Эрта саҳардан йиғилиш ёки тадбир бошланиб, ярим кечасига ташвиш ва иш. Ўйлаб кўраверинг, эрталаб чиқиб кетаётганимда ҳам, ярим кечаси келганимда ҳам ҳамма ухлаётган бўлади. Улар билан ўтириб гаплашишга вақт йўқ. Ҳозир уйда ўтириб оиладаги ҳамма ишлар доимий назоратимда. Фарзандларни ўзлаштиришидан тортиб, уй-рўзғор ишларигача ўзим кузатиб бораяпман. Фарзандларимнинг китобга бўлган меҳри ортиб, илм олишга бўлган иштиёқи ортди. Муҳими, оила бағрида, фарзандларим билан биргамиз. Давлатимиз томонидан ҳар бир фуқаронинг уйда қолишига шароит яратиб берилаётгани туфайли иложи борича кўчага чиқмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бундан ташқари, томорқадаги ерга рўзғорга ишлатиладиган полиз экинлари экиб, бўш вақтимизни мазмунли ўтказаяпмиз.

Аслини олганда ким уйидан безор? Уйида тинчи йўқ ёки муаммоси кўп одам бўлар-бўлмасга кўчага чиққиси келади. Билмайдики, кўчага чиққан билан оиладаги муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Шунинг учун карантин қоидаларини бузган киши қонунан кечирилмаслиги керак. Мен бехабар қолибман дейдиган одам ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдайди. Чунки бошқа оролда яшаган Жумавой ҳам аллақачон инсоният бошига ташвиш туғдираётган бу хавфли касалликдан хабар топган. Чунки ОАВ, телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳар сонияда пандимиядан сақланишнинг бирдан-бир йўли уйда қолиш эканлиги тўғрисида огоҳлантириляпти.

Олдиндан кўра билишлик

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинди. Бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилиб, таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши белгиланди.

Ҳозир онлайн-таълим, масофавий таълим, электрон-кутубхона каби сўзлар ҳеч кимга бегона эмас. Телеканаллар, интернет орқали дарслар ўқувчи ва талабаларга етказилмоқда. Бу эса яхши айни вазият тақозосида яхши натижаларни бермоқда. Чунки, ўқувчи ва талабалар фанларни ўзлаштиришда ноанъанавий тарзда мустақил ёндошиш билан бирга ўқитувчи ҳамда ота-она назоратида бўлмоқда. Ҳатто боғча тарбияланувчилари ҳам устозлари ёрдамида телеграммдаги гуруҳлар орқали уйда ўтириб, ўйинчоқлар ясаяпти, расм чизяпти, жисмоний машқлар бажаряпти.

Бундан ташқари, вилоят, туман ва шаҳар ахборот кутубхона марказлари ижтимоий тармоқларда электрон кутубхоналар ташкил этганлиги эса аҳолининг уйда ўтириб, китоб ўқишга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. Биргина Навоий вилоятидаги телеграмм каналлардаги электрон кутубхоналарнинг аъзолар сони 20 мингдан ортганини ўзи фикримиз тасдиғидир.

Ишончимиз комил, эл бошига тушган бу синовларни халқимиз мардонавор енгиб ўтади.

Бахтиёр Тошназаров,
Навоий вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар
бошқармаси бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг