Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Истиқлол шоирлари»: Тошкентда уч буюк ижодкор хотирланди

«Истиқлол шоирлари»: Тошкентда уч буюк ижодкор хотирланди

9 декабрь куни Тошкентда «Истиқлол шоирлари Аҳмад Жавод, Абдулла Орипов, Меҳмет Акиф Эрсой» деб номланган Озарбайжон–Ўзбекистон–Туркия дўстлик концерти ўтказилди. Дастур давомида давлат мадҳиялари муаллифи саналган уч улуғ ижодкор асарлари томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази хабарига кўра, марказ таниқли шоир Аҳмад Жавод таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида уюштирилган концерт ҳам юбилей тадбирлари сирасига киради.

Озарбайжон ва Туркия элчихоналари, Ўзбекистон фан, маданият намояндалари қатнашган тадбир истиқлол шоирлари Аҳмад Жавод, Абдулла Орипов, Меҳмет Акиф Эрсойга бағишланди.

ТДПУ ректори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев тадбирни кириш сўзи билан очиб, тили, дини, маданияти, урф-одатлари муштарак бўлган туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар кун сайин мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов Боку туркий давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида аҳамият бераётгани, президент Илҳом Алиевнинг қардош мамлакатга жорий йил давомида 3 марта ташриф буюргани бунинг тасдиғи эканини таъкидлади. Дипломат уч мутафаккир шоир ижодида уйғунликлар кўплигига эътибор қаратди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси котиби Буғра Доған, Анқарадаги Турк тарихи ва маданияти жамғармаси раҳбари Низомиддин Айқурт ҳам уч қаламкашнинг асосий истаги туркий олам яқинлиги ва ҳуррият бўлганини урғулади.

Концерт давомида А.Жаводнинг «Жон Озарбайжон», «Чайқалади Қора денгиз», «Шукрия», «Лолалар», А.Ориповнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», шунингдек, М.А.Эрсой асарлари намойиш этилди.

Аҳмад Жавод (1892–1937) замонавий Озарбайжон адабиёти ва фанига катта ҳисса қўшган шоир, ёзувчи, таржимон, профессор. Жасур ижодкор ватани истиқлоли йўлида фақат қалами билан эмас, балки шахсий фидокорлиги билан ҳам жонбозлик кўрсатган. 1937 йилда «аксил инқилобчи ва пантуркист» сифатида айбланиб, Сталин жаллодлари томонидан қатл этилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг (1941–2016) миллий адабиётимиз равнақига қўшган хизмати улкан. Бу борада биргина унинг миллий мадҳия муаллифи эканини эслаш кифоя.

Туркия Республикаси мадҳияси – Истиқлол марши муаллифи Меҳмет Акиф Эрсойнинг (1873–1936) отаси Меҳмет Тоҳир асли албан миллатига мансуб мударрис, онаси эса бухоролик ўзбекларнинг қизи Омина Шариф хоним эди. Мадҳиянинг ёзилиш тарихи ва Эрсойнинг фавқулодда ватанпарварлиги ҳақида аввалроқ ҳикоя қилган эдик. 

Кейинги вақтларда уч туркий давлат иштирокида кўп томонлама робиталар янада мустаҳкамланмоқда. Бу борада жорий йил август ойида Тошкентда Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия форматидаги мулоқотнинг илк йиғилиши бўлиб ўтганини қайд этиш жоиз.

Ҳуррият шоирларига аталган маърифий тадбир ҳам уч томонлама мулоқотнинг мантиқий давом бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг