Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Кўникиш» касали

«Кўникиш» касали

Фото: «Scoop.it»

Сериаллар ҳақида ёзиш урф бўлди. Қўлига қалам ушлаган борки, шу мавзуни бир эзғилаб ўтади. Мунозараларда ҳам шу масала ўртага қўйилди. Кимдир шўрлик қаҳрамонларнинг ёнини олса, кимдир бўралаб... Ҳа майли.

Буларнинг дастидан одам ҳатто телевизорни ёқишга ҳам истиҳола қилиб қолди. Шу десангиз, уйимизда ҳамма турк сериалларининг ишқибози. Уларнинг қизиқарли эканлигидан овқатнинг озгина тагига олгани ҳам билинмайди. Нигоҳлар экранга қаратилган. Мен ҳам баъзан қатордан қолмай деб телевизорга қараб қўяман. Гоҳ шўрлик бош қаҳрамонни машина уриб кетиб, тирик қолади, гоҳ яна биттасининг автомобили портлаб кетса ҳам тагидан бус-бутун чиқади. Жони темирданми дейману кулиб қўяман.

Шу десангиз, охирги вақтларда буларнинг ҳам қилиғи чиқиб қолди. Шундай бир айбки, матбуот, радио, интернет нашрлари ҳам танқид қилиб, таъсир этмаганидан жизғанаги чиқиб ётибди. Нима эмиш, иккита «ижобий» қаҳрамон оиласи бўлиб туриб, бир-бирини «севаркан», яна бири отасига қўл кўтариб қаҳрамон бўлибди. Акасининг душманини севиб, яна нечта йигитларнинг «шўрини қуритган» анави сингил ҳақида айтмай қўяқолай...

Хориж энди хориж, ўзимизникиларнинг гапига калланг қотади. «Юрса юрибди-да! Буниям эплаган қилади, севган қилади. Намунча қадимчи бўлмасангиз!» дея уришди ён қўшним. Бу, майли, бир бегона десам, ўзимдан чиққан бало — ўн олти ёшли жияним «Сиз ҳамма нарсани қора рангда кўрасиз. “Севги изтироби” яхши сериал, уларникидек муҳаббат ҳар кимга ҳам насиб қилмайди» деб эътироз билдириб қолса денг! Ана қиёмат!

Хўш, турмуш ўртоғига хиёнат қилмасдан, бир умр унга садоқатли бўлиш, ардоқлаш муҳаббат эмасми, жиянжон?! Эртага ўзимизнинг ҳаётимизда шунақа муаммо чиқса ҳам бошимизни эгиб юраверамизми? Хавотир ошиши табиий, сериаллардаги воқеалар ривожи одамларнинг этини ўлдириб қўймоқда, аввал хиёнат ҳақида гапиришга истиҳола қилганлар ҳам бугун баралла гапирмоқда. Аввал бир оила бузилганини эшитсак, кўз олдимиз қороғилашиб кетарди, бугун писта чақиб, бемалол эшитмоқдамиз. Ҳаммаси шундан бошланмасмикин?! Шу кўнгилсизликларнинг кўпчилигига ўша «телба севги» сабаб бўлмаяптими?

Бир хориж киносидан эпизод: кунларнинг бирида ўн йилдан бери эри билан фароғатли турмуш кечираётган аёл ногаҳон ўзидан бир неча ёш кичкина йигитчани «севиб қолади» ва киприк қоқмай буни эрига айтиб, ажрашиш ҳақида ариза беришини маълум қилади. Эркакнинг ҳам рашки келмайди. Ўртадаги саккиз яшар болакай эса...

Ҳомернинг машҳур «Илиада» достонида Спарта маликаси, соҳибжамол Елена Троя шаҳзодасини «севиб қолиб», у билан қочади, бундан ғазабланган юнонлар уруш оловини ёқадилар. Икки калтафаҳмнинг ишқ ўйини натижасида юз минглаб аскарлар уруш гирдобига тортилади, босқинчи шоҳларга баҳона туғилади, ўртада Ахиллес, Ектор каби асл паҳлавонлар ҳалок бўлади. Лекин анави иккови тирик қолади. Чархи кажрафтор деб шуни айтсалар керак...

Энг ёмони, ёшларимиз шу каби қаҳрамонларнинг севгисига ҳавас қилмоқда. Уларни хаёлан суйиб, ҳамдард бўлиб яшамоқдалар.

Хуллас, уйимизнинг тўридан жой эгаллаган муҳтарам телевизоримизнинг бу «кароматлари»га кўниб бормоқдамиз. Муҳаббат либосига ўралган хиёнат, лоқайдликни қандай қабул қилиш мумкин? Бир кун келиб, мана шу кичик эътиборсизлик кимнингдир ҳаётида катта кўнгилсизликларга сабаб бўлмасмикан?

Улуғбек Орипов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг