Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рустам Ҳамроқуловни ёд этиб: «Ўлим уни шошириб қўйганди!»

Рустам Ҳамроқуловни ёд этиб: «Ўлим уни шошириб қўйганди!»

Фото: «Xabar.uz» / Оилавий архив

Актёр ва сўз устаси Рустам Ҳамроқулов 1953 йилнинг 10 августида Наманган вилояти Поп туманида дунёга келган. Отаси оддий деҳқон эди. Болаликдан санъат меҳри билан камол топган Рустам Ҳамроқулов мактабни тамомлаб, пойтахтга келади. Яқинлари бироз қарши бўлишига қарамай, ўз қобилиятини синовдан ўтказиб, санъат институтига ҳужжат топширади. Омадни қарангки, биргина саҳна кўриниши биланоқ бўлажак актёр устозлар назарига тушди. Шу билан унинг ҳаёти ижод билан чарбарчас боғланади.

Апрелнинг фараҳбахш онларида устоз санъаткор Рустам Ҳамроқуловни хотирлаш, унинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишишни ниятида қизиқчининг турмуш ўртоғи Мавлуда Ҳамроқулова билан суҳбатлашдик.

— Аяжон, шубҳасиз, сиз Рустам Ҳамроқуловнинг энг яқин инсони, ҳаёт йўлларидаги йўлдоши бўлгансиз. Сизнингча, унинг санъатга қизиқишига нима сабаб бўлган?

— Қайнонам раҳматли жуда дилкаш, ширинсухан аёл эди. Янги келинлик чоғларимда бу мавзуда у киши билан узоқ суҳбатлашардик. Айтишларича, Рустам аканинг бобоси – Ҳамроқул бува кулол бўлса-да, санъатсевар инсон бўлган экан. Илгари уч-тўрт хонадон вакиллари бир ерга йиғилиб, пахтанинг кўсагини чувишаркан. Бобомиз қўшнилар зерикиб қолмасин деб қизиқ ханда ва ибратли ривоятларни айтиб берар экан. Қайнотам ҳам хўп қизиқ инсон эди. Камгап бўлса-да, сўзни топиб гапирарди. Қайнонам эса умуман бошқа олам, меҳнаткаш, ўта танти ва меҳрибон эди. Рустам ака оддий оилада ўсган бўлса-да, уларга санъат бегона эмасди.

— У киши билан танишган чоғларингизни эслайсизми? Санъаткор билан оила қуришга ҳайиқмаганмисиз?

— Йўқ, чунки мен ҳам санъат институтини тамомлаганман-да (кулиб). 1970 йили мактабни тамомлаб иккимиз ҳам санъат институтига ҳужжат топширганмиз. У киши Санг, мен Уйғур қишлоғида туғилиб, ўша ердаги мактабда таҳсил олганмиз. Тақдирни қарангки, бизни пойтахт учраштирди.

Рустам ака «Синглим, бир ернинг одами эканмиз» деб илиқ муносабатда бўлгани, ўқув йили бошланганига ҳеч қанча вақт бўлмай ҳимоячимга айлангани ёдимдан чиқмайди. Кейин ижодимиз ҳам бир-бирига боғлиқ эди. У киши драма актёрлиги бўлимида ўқирди, мен эса мусиқа театри актёрлиги бўлимида таҳсил олардим. Олмахон Ҳайитовадек қўлига тор олиб, қўшиқ куйлаш умиди-да эдимда (кулиб). Қайнотам ўғлининг кўнглини билиб, уйимизга совчиликка келишган. Бир ернинг одами эканмиз деб ота-онам совчиларга розилик билдиришган.

Аммо Рустам ака оила қуришимиздан аввал олдига олиб: «Оилада эр-хотин санъаткор бўлса, фарзандлар ва рўзғорнинг тақдири нима бўлади? Оилангиз учун санъатингизни қурбон қилоласизми?», — деб сўраганди. Қишлоғимизда санъаткорга бўлган совуқ муносабатни билганим учун унинг таклифини рад этмадим. Ўша йили вилоятимиздаги педагогика институтига ҳужжат топшириб, ўзбек тили ва адабиёти факултетида таҳсил олдим.

— Турмуш ўртоғингиз театр актёри бўлса-да, халқ орасида сўз устаси деб танилди. Сизнингча, нега актёрлик соҳасидаги фаолияти кўзга ташланмади?

— Рустам Ҳамроқулов армияга бориб келгач, туманимиздаги Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида фаолиятини бошлади. Қатор мусиқий спектаклларда роллар ижро этди. Айниқса, «Хўжа Насриддин» спектаклидаги Афанди образи томошабинлар орасида машҳур бўлганди. Кейин ўша йиллари пахта мавсуми арафасида санъаткорлар ишкомдан бери келишмасди. Пахтакор ва теримчиларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида навбати билан барча қишлоқ ва туманларда кўчма концерт дастурларини ўтказишарди. Рустам акага «Хўжа Насриддин» спектаклидаги кичик парчаларни кўрсатиш вазифаси юклатилганди. Бундай чиқишлар сабаб у якка қизиқчилик оламига кириб борди.

— Санъат оламида таҳсил олганингиз унинг ижодида қанчалик қўл келган деб ҳисоблайсиз?

Самандар Ҳамроқулов онаси билан
Фото: «Xabar.uz» / Оилавий архив

— Рустам акани мухлислар қанчалик севиб, ардоқлашмасин, барибир уларнинг олдида ҳаяжонланарди. Баъзан «Нега ҳаяжонланасиз, саҳнага илк бор чиқишингиз эмас-ку?» деб тасалли берсам, койиб берарди. «Санъаткорнинг ҳаяжонланмаслиги ижодининг ўлганлигидан дарак беради», — деган эди. Сценарийларни бирга ёдлардик, ҳазилларининг ҳам илк тингловчиси ўзим эдим. Болалар ухлагандан сўнг ойна қаршисида туриб, саҳна кўринишларини ижро этарди. Мен бир чеккада ўтириб, хатоларини тузатардим. Рустам ака раҳматли «Сен филологсан, қайси сўзни нотўғри талаффуз қилаяпман, қайси бирини нотўғри ишлатаяпман, эътибор бер» деб тайинларди.

Бир куни тушкун кайфиятда ишдан қайтгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Сабабини сўрасам куюниб: «Наманган Ўзбекистоннинг бир бўлаги, бу юртда қанчадан-қанча уламо-ю олимлар етишиб чиққан. Нега мактаб, кўчаларимиз, санъат масканларимиз номи Карл Маркс, Пушкин, Макаренко номлари билан номланган? Бугун бир амалдор акага шу ҳақида сўз очгандим, гапимни эшитишни ҳам истамади», — деб ўкиниб гапирганди. Қарангки, Рустам аканинг орзулари мустақиллик туфайли рўёбга чиқди.

— У оилада қандай ота эди?

— Рустам ака саҳнада қизиқчи, оилада эса жиддий ва қаттиққўл инсон эди. Искандар ва Самандарни тиззаларига олиб, масал ва эртаклар айтиб берганлари, қўшиқ айтганларида Самандарнинг берилиб рақс тушгани ҳеч эсимдан чиқмайди (ўйланиб).

Бир куни жуда қизиқ воқеа содир бўлди. Адашмасам, ўшанда Искандар беш ёшли болакай эди. Отасининг чўнтагидан яширинча 5 сўм олиб боғчага кетибди. Эртаси куни эса қўл соатини берухсат олиб, кўчадаги жўраларига кўрсатибди. Қўшнимиз соатни, боғча опаси 5 сўм пулни бергач, ўғлимиздаги ўзгаришларни отасига айтишга мажбур бўлдим. Отаси аввалига ўғлини сўроқ қилди, кейин тоза калтаклади. Ўшанда 5-қаватда турардик, шовқин пастки қаватларга ҳам эшитилган экан. Боламга ич-ичимдан раҳмим келди, отасига айтганимдан афсусландим. Ҳалигача Искандар «Отамнинг 30 йиллик калтаклари ҳали ҳам эсимдан чиққани йўқ» деб кулиб қўяди.

— Бу дамларни эслаш сиз учун оғир бўлса-да, савол беришга мажбурмиз. Рустам Ҳамроқуловнинг сўнгги кунлари...

— Бу ҳақида жуда кўп ўйлайман. Рустам ака авлиёсифат, эртанги кунини олдиндан кўра биладиган инсон бўлган экан. Фарзандларимиз улғайиб қолгач, Наманганда қурилиш ишларини бошлагандик. Рустам ака ўлимидан бир ҳафта олдин роса шошиб қолгани, ҳазил тариқасида васият қилганини эсласам... «Хотин, орқамда қол, мендан кейин турмуш қурмагин, фарзандларимизнинг келажаги ёруғ, агар уларга эътибор берсанг, сени юзага олиб чиқишади!» деб бир неча бор такрорлади. Бор сармоясини тўплаб, Наманганга қурилиш молларини олиб кетаётганда йўлини тўхтатдим. «Уйни тезроқ битириш керак, ҳадемай қиш бошланади, болалар ҳам улғайиб қолди» дея қўярда-қўймай 30 сентябрь куни йўлга отланди. Бу турмуш ўртоғим билан сўнгги учрашувимиз бўлди. Қайтишига тайёрлаб қўйган кўк ловияли ошни ейиш ҳам у кишига насиб этмади. 1 октябрь куни тун ярмида қўнғироқ қилиб, юк машинаси ҳалокатга учрагани ва Рустам Ҳамроқулов оламдан ўтганини айтишди.

Шукурки, у кишидан ёрқин хотира – уч фарзанд қолди. Искандар отасининг изидан бориб қизиқчилик соҳасини танлади, Самандар эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист даражасига эришди. Қизимиз Севара ҳам театр актёри, гарчи ижодини бироз кеч бошлаган  бўлса-да, яхши натижаларга эришди. Ундан ҳам умидларим катта. Агар отаси ҳаёт бўлганида, фарзандларининг ютуқларидан қувонган бўларди.

Наргиза Муродова суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг