Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қаршининг 46 мадрасасидан 43 таси нега бузиб ташланганди?

Қаршининг 46 мадрасасидан 43 таси нега бузиб ташланганди?

Суратдаги мадраса ҳужралари узоқ вақт қамоқхона вазифасини ўтаган, шу боис бу жой халқ тилида Қарши турмаси деб аталган.

Фото: «Xabar.uz»

Қарши беклиги Соҳибқирон Амир Темур ва хонликлар даврида муҳим стратегик объектлардан бўлган. Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу қадимий шаҳарда ҳамма вақт илм-фан, маданият тараққий этган. Йигирманчи асрнинг бошларигача Қарши ва унинг атрофидаги 46 та мадраса маданият ва маърифат ривожига хизмат қилган.

Улар, шўролар ҳокимият тепасига келгач, маънавий ва тарихий аҳамиятини йўқотди. Чунки шўроларнинг мақсади халқнинг миллий бойлигини йўқ қилиш, ислом дини ақидаларини одамлар онгидан батамом супуриб ташлаш эди. Шу тариқа асрлар давомида миллат маънавиятига хизмат қилиб келган осориатиқалар йўқ қилинди.

Ҳозирги кунда 46 та мадрасадан бор-йўғи учтасигина сақланиб қолган. Улар ҳам қамоқхона сифатида фойдаланилгани учун қолдирилган. Бу обидалар орасида соҳибқирон бобомиз Амир Темур даврида қурилган Одина масжиди энг қимматлисидир. Масжид ҳудуди қалин деворлар билан ўраб олиниб, оқпошша, кейинчалик шўролар даврида турмага айлантирилган.

Одина масжиди (бугунги кўриниши)

Фақат мустақиллик давридагина Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси ва кўрсатмаси асосида ана шу ноёб ёдгорликларнинг асл қиёфаси тикланди. Ҳар куни ишга, ўқишга қатнайдиган эски шаҳар аҳолиси бу ерда қимматли тарихий обидалар борлигини уларнинг атрофи очилиб, реконструкция қилингандан кейингина билди.

Кўкгумбаз масжида (бугунги кунда)
Фото: «Nasafziyo.uz»
Кўкгумбаз масжида (бугунги кунда)
Фото: «Nasafziyo.uz»

Айни кунда вилоят ҳудудида беш мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. Истиқлол йилларида уларнинг деярли барчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу манзиллар вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Қаҳрамон Сайдалиев

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг