Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шарқ миниатюра санъатини дунёга танитиш керак

Шарқ миниатюра санъатини дунёга танитиш керак

Замонавий миниатюра: тўй

Фото: Мафтуна Калбаева

Ижодкорларнинг ҳаёти бир-бирига ўхшамагани каби ижоди ҳам турфа олам. Албатта, серқирра ижодкорлар камнамо. Таниқли рассом Чингиз Ахмаров ҳам ўзига хос истеъдод эгасидир. Миниатюра санъатига меҳр қўйишим ҳамда бу соҳага қизиқишимга айнан ушбу рассомнинг санъат асарлари туртки бўлган. Менга ўзгача илҳом бахш этган. Айниқса, Шарқ аёлларининг ибоси ва нозиклигини латиф тасвирлаган.

Спитаменнинг Александр Македонга қилган хийласи
Фото: Мафтуна Калбаева

Рассомчиликка қизиқишим, миниатюрага бўган меҳримни китоб мутолааси ҳамда буюк боболаримизнинг ҳаётию ижоди, нурли сиймоси янада орттирди. Аслида, инсон қайси соҳани танламасин, китоб унга асосий турткини беради. Китоб барча ишимизнинг мустаҳкам негизидир. Масалан, «Спитамениннг хийласи», «Алишер Навоийнинг дуоси» асарларим айнан китоб мутолааси туфайли муваффақият қозонган, деб ўйлайман. Одамларга завқ улашувчи асарларни яратишда нафақат китоб, балки тарихни яхши билиш ҳам асқотади. Яратаётган миниатюраларимда бевосита китоб билан тарихий билимларимга асосланганман.

Алишер Навоийнинг дуоси
Фото: Мафтуна Калбаева

«Искандарнинг сув тубига тушиши ва Ҳиндистонга саёҳати» асаримни ҳам тарихий манбалар ва ҳикояларга аосланиб, ўз тасаввуримдай акс эттирдим. Бизнинг соҳада бадиий жанрлар тарихий воқеаларга асосланади. Шундай экан, «Хамса» ва «Шоҳнома» асарларини ўқиб, композициялар яратганман. Халқ достонлари, буюклар ижодидан илҳомланиб, қўлимга мўйқалам оламан. Ҳар бир ишлаган ишимни бир-бирига ўхшатмасликка ҳаракат қиламан. Масалан, бири Бухоро мактабига ўхшаса, иккинчисини эрон миниатюраси деталлари билан бойитганман. Шарқ миниатюрасидаги табиат манзаралари ва аёл тасвири бутун оламни ўзига оханрабодай тортгани каби мени ҳам мафтун этган.

Устозим Мирҳамид Собиров билан
Фото: Мафтуна Калбаева

Устозим Мирҳамид Собиров айтганидай, рассомда аввало мустаҳкам негиз бўлиши керак. Қилаётган ишини қунт ва меҳр билан бажариши даркор. Билим миниатюрада муҳим аҳамият касб этади.

Композицияларимга очиб берган мавзусига қараб ном танлайман. Тайёр бўлган асаримни одамлар қандай қабул қлиши, мақтов эшитаманми ё танқид, шу хаёллар мени ҳамиша қийнайди.

Искандарнинг сув тубига тушиши
Фото: Мафтуна Калбаева

Тенгқурларимнинг айримлари компьютер графикасига асосланиб расм чизишни маъқул кўришади. Тўғри, кундан-кунга компьютерда расм чизиш амаллари бойиб бормоқда. Лекин менга ўзимизнинг шарқона миниатюра санъати бўйича мўйқаламда ишлаш кўпроқ ёқади. Бу соҳани ва йўналишни танлаганимдан сира афсусланмайман.

«Хамса»: Искандарнинг Ҳиндистонга саёҳати
Фото: Мафтуна Калбаева

Изланишларим ва меҳнатларим бесамар кетмади чоғи, бир қатор танловларда I даражали дипломлар, фахрий ёрлиқларни қўлга киритдим ҳамда олий ўқув юртлари аро кўргазмаларда ўз ишларим билан қатнашдим.

Насиб этса, ўз кўргазмамни чет эл давлатларида ўтказиб, Шарқ миниатюраси равнақига ҳисса қўшиш ҳамда уни дунёга танитиш ниятидаман.

Мафтуна Калбаева

Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик ва дизайн институти битирувчиси

Замонавий миниатюра: бешик тўй
Фото: Мафтуна Калбаева
Рустамнинг фил билан жанги
Фото: Мафтуна Калбаева
Суҳробнинг от танлаши
Фото: Мафтуна Калбаева
Заҳҳок
Фото: Мафтуна Калбаева
Замонавий миниатюра: тўй
Фото: Мафтуна Калбаева

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг