Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги бузиб ташланган. Ҳолат бўйича изоҳ берилди

Мозори Шарифда Алишер Навоий ёдгорлиги бузиб ташланган. Ҳолат бўйича изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлигининг бузиб ташлангани акс этган тасвирлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон ТИВ расмийси Аҳрор Бурхановнинг ёзишича, ушбу ҳолат юзасидан Афғонистон ҳукумати вакиллари билан алоқа ўрнатилган.

Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган. Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф ҳам билдирган.

 «Бундан ташқари Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди», – деб ёзади Бурханов.

Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда, унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг