Сўз мулкининг сўнмас чироғи Иброҳим Ғафуров вафот этди
Миллий адабиётимиз ва маънавиятимиз оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ адиб, таниқли адабиётшунос, мунаққид ва таржима мактабининг асосчиларидан бири Иброҳим Ғафуров 88 ёшида оламдан ўтди. Унинг номи бир неча авлод зиёлилари учун шунчаки ижодкор эмас, балки сўзга, ҳақиқатга ва юксак маънавиятга садоқат рамзи эди.
Иброҳим Ғафуров ижодининг энг залворли қисми – жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек китобхонига етказишда намоён бўлади. Унинг таржималари орқали ўзбек ўқувчиси Фёдор Достоевскийнинг "Жиноят ва жазо", "Телба", "Қиморбоз", Ги де Мопассаннинг "Азизим", Эрнест Хемингуэйнинг "Алвидо, қурол" ҳамда "Чол ва денгиз" каби асарларини она тилида мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлди.
Ижодкорнинг маҳорати шунда эдики, у чет тилидаги асарни шунчаки ўгирмади, балки унга миллий нафас, янги руҳ бахш этди. Бу меҳнати 2025 йилда Огаҳий номидаги Халқаро бадиий таржимонлик танловида юксак эътироф этилгани бежиз эмас.
1937 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида дунёга келган Иброҳим Ғафуров ўз тақдирини илм ва адабиёт билан чамбарчас боғлади. 1956–1961 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида олган билимлари кейинчалик унинг улкан ижодий парвози учун пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Унинг меҳнат фаолияти ҳам адабиётга хизмат қилиш билан ўтди. 1961–1982 йилларда давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррирликдан бош муҳаррир ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.
Нашриёт ва матбуот соҳасидаги фаолияти давомида у нафақат ўз ижоди, балки ёш қаламкашларни тарбиялаш, адабий муҳитни шакллантиришда катта мактаб яратди.
Иброҳим Ғафуровнинг адабиёт ва санъат ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони, "Дўстлик" ордени, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби ҳамда Давлат мукофоти соҳиби эди.
Аммо унинг ҳақиқий унвони – халқ қалбида қолдирган ўчмас изи ва ўзбек тилининг бойишига қўшган ҳиссасидир. Устознинг вафоти нафақат оиласи ва шогирдлари учун, балки бутун ўзбек маънавияти учун улкан йўқотишдир.
Марҳумнинг ортидан қолган бой ижодий мерос, таржималар ва адабий танқидий қарашлар келажак авлодлар учун маънавий хазина бўлиб қолаверади.
Xabar.uz ахботот-таҳлилий портали ижодкорнинг яқинларига ва барча китобхонларга чуқур ҳамдардлик билдиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter