Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўйида Эрдўғон совчилик қилган машҳур жуфтлик ўзбек фильмида суратга тушади

Тўйида Эрдўғон совчилик қилган машҳур жуфтлик ўзбек фильмида суратга тушади

Фото: «Sabah»

«Осиё» телесериалидаги Демир роли билан ўзбек томошабинларига яхши таниш бўлган машҳур турк актёри Мурат Йилдирим Мухлиса Азизованинг «Scorpion» фильмида суратга тушади.

Бугун, 5 март куни Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси ҳамда фильм продюсери Ойбек Абдушукуров Мурат билан Истанбул шаҳрида шартнома имзолади.

Фото: «Xabar.uz»

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар томонидан ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган «Scorpion» тўлиқ метражли бадиий фильм суратга олиниши бўйича ишлар бошлаб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, Мурат Йилдирим 1979 йилда Туркиянинг тарихий Конья шаҳрида туғилган.

«Буёк ёлғон» (2004), «Тўфон» (2006), «Осиё» (2007-2009), «Ишқ ва жазо» (2010), «Тун қироличаси» (2016) сериалларидаги роллари билан мухлислар қалбидан жой олган. Шунингдек, актёр иштирокидаги «Адабий ишқ», «Сукут» ва бошқа фильмлар катта шуҳрат қозонган.

Мурат 2017 йилда «Айла» номли фильмда суратга тушди.

Мурат Ўзбекистонга рафиқаси, марокашлик машҳур актриса ва модель Имона Элбани билан бирга ташриф буюради. Имона 2008 йилда «Марокаш гўзали», кейинроқ эса «Miss Arab World» совринларини қўлга киритган. У Шарқнинг 50 нафар энг гўзал аёллари сафига киради. Туркия Президенти Режеб Таййип Эрдўғон шахсан Мурат учун Имонага совчилик ҳам қилган.

«Scorpion»да Мурат Йилдирим суратга тушадиган саҳналар Бухоро вилоятида суратга олинади. Унинг айнан қайси образда чиқиши ҳозирча сир тутилмоқда.

Мазкур фильм Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан суратга олинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг