Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хуршид Даврон: «Бир пайтлар шўро «қаҳрамон»ларини олқишлаганлар бир думалаб «Амир Темур»чиларга айланди»

Хуршид Даврон: «Бир пайтлар шўро «қаҳрамон»ларини олқишлаганлар бир думалаб «Амир Темур»чиларга айланди»

Фото:«Xurshid Davron kutubxonasi»

«ЎзА» сайтида шоир Хуршид Давроннинг буюк тарихий шахс Амир Темур ва унга бағишланган асарлар борасида мақоласи эълон қилинди. Ижодкор унда Соҳибқирон сиймосининг мустақиллик йилларида ёритилиши ҳам кенг тўхталган. 

«Мустақиллик бизга тарихимизни холис ва ҳаққоний идрок этиш, номлари унутилишга маҳкум этилган аждодларимиз ҳақида тўлақонли билиш имкониятини қайтарди.

Берган имкониятлардан фақат истеъдодли ва фидойи олиму адибларгина эмас, бутун «илмий-ижодий фаолияти» давомида улуғ мутафаккирларимизни, шу жумладан, Амир Темур ва темурийларни қоралаб, уларга қарши курашиб келган олимлик даъвосидаги кимсалар ҳам унумли фойдаланди ва фойдаланишмоқда.

Бир пайтлар колхозлаштириш ёки гугурт фабрикаси тарихини ёзиб илмий унвон олган, шўро «қаҳрамон»ларини олқишлаб узундан-узоқ шеърий романлар ёзган илму адабиётдаги флюгертабиат ижодкорлар бир думалаб «Амир Темур»чиларга айланди, бир умр Амир Темурга қарши курашган олимларнинг айримлари «Бош Темурчилар» сифатида тан олинди» деб ёзади муаллиф.

Хуршид Давроннинг фикрича, Соҳибқирон мавзуси асл илм ва чинакам адабиёт эмас, сохта ва ёлғон демагогия қуролига айланган. Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаи бўлган.

Шунингдек, ижодкор Амир Темур мавзусини олиб чиқишда холисликка эътибор бермайдиган театр раҳбарларини танқид остига олган. 

«Бир нечта театр раҳбарлари мендан Амир Темур ҳақида пьеса ёзиб беришимни сўрашди. Лекин мен бу таклифларни рад этишга мажбур бўлдим. Чунки ўша театрлар раҳбарларининг мақсадини жуда яхши биламан. Улар Соҳибқиронни илоҳийлаштириб, гўёки фариштага айлантириб ёзишимни истайди. Бу менинг шу пайтгача орттирган тажрибаларим, илму адабиёт хусусидаги тушунчаларимга зид келади.

Ҳар қандай тарихий шахс ҳаёти ва фаолиятини безамасдан, лоф қўшмасдан, борича кўрсатишимиз керак» деб фикрини якунлаган шоир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг