Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2500 чақирим наридаги оламшумул уруш

2500 чақирим наридаги оламшумул уруш

Қуйида сўз юритаётганимиз ўрта асрлар тарихида йирик жанглардан бири ҳисобланиб, унда Амир Темур “ўз давлати осойишта яшай олишига имкон берадиган бир шароит яратиш, атрофда душман давлатлар бўлмаслигига эришиш”ни кўзлаган ҳолда энг қийин вазифани уддалаган эди. “Ҳазрат соҳибқирон” китобида ёзилганидек, “Амалда нотаниш бўлган дала шароитида, сон жиҳатдан кўп душманга қарши жангда фақат қўшинни тўғри бошқара олиш йўли билан ғалабага эришилди...

Эслайлик, Амир Темур Тўхтамишхоннинг ғанимлик ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида 1391 йилнинг 19 январи, яъни қаҳратон қиш ўртасида йўлга отланган. 2500 чақирим масофани олти ой давомида 200 минг аскар билан босиб ўтиб, 18 июн куни сон жиҳатидан беадад бўлган душманга тўқнаш келган.

Соҳибқирон жангга киришдан олдин ёғий кўз олдида отлардан тушиб чодирлар тикишга амр этди, икки ракаат намозни ихлос билан ўқиди, фақат Ҳақдан нусрат тилади. Сўнг, мана, йигирма беш йилдирки Термиз яқинида учрашганларидан бери у билан сафарларда доимо бирга бўлаётган Мир Саййид Барака қўл кўтариб дуо қилди ва айтди: “Мўлжалланган ишларингни амалга оширавер, сен ғолиб бўласан, Тангрининг ўзи сенга мададкор бўлади” (Михаил Иванин. “Икки буюк саркарда: Чингизхон ва Амир Темур”. Тошкент, “Фан”, 1994, 176-бет).

Мазкур муҳораба ҳарбий санъатнинг янги – тартибли усули жаҳонда илк марта қўллангани билан тарихда алоҳида ажралиб туради. “Ҳеч бир подшоҳ ундай қилмайдур эди ва эшитмайдур эди” деб ёзади Шарафиддин Али Яздий бу тўғрида (Соҳибқироннинг шу ва бошқа ҳарбий санъат усуллари кейинчалик Европа ҳарбий академияларида ўқитиб борилган).

Кўрилган барча чора-тадбирлар, жангчиларнинг жасурлиги ва тажрибаси соҳибқирон сўзи билан айтганда, чигиртка ва чумоли каби беҳисоб қўшинга эга бўлган Тўхтамиш устидан ғалаба қозонишга олиб келди.

“Ўшандан “Олтин Ўрданинг мавқеига путур етди. Икки асрдан буён бутун Европага таҳдид солиб турган рақиб чекинди, уларни ҳам енга оладиган, тиз чўктирадиган куч дунёда пайдо бўлганини ҳамма билди” (Ҳ.Сатторий).

 Россия давлатчилиги тақдирига бевосита алоқадор бўлган оламшумул воқеа борасида узоқ муддат сукут сақланди. Тўғри, мазкур ғалабани Русь учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган эди, дея тан олганлар ҳам бўлди. Улар Амир Темур “Тўхтамишни енгиш билан Рус ерига объектив суратда катта хизмат кўрсатган”лигини алоҳида таъкидлашди. Аммо шу билан бирга бошқа ўринларда: гўёки ”руслар билан жанг қилишга ботинолмаган”, “журъат қилмаган”, “юраги бетламаган” қабилидаги айри қарашлар билан уни камситишга уринишлар ҳукм суриб турди.

Бугунги, яъни йигирма биринчи аср бошларидаги воқеликда соҳибқирон Амир Темур ва Олтин Ўрда хони Тўхтамиш қўшинларининг Қундузча дарёси бўйида 1391 йилда бўлиб ўтган жанги ўша пайтдаги Рус давлатининг мўғул зулмидан халос бўлишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, Россия халқлари тақдиридаги ўрни, мазкур мавзуни ўқув адабиётларида ёритиш масалалари тобора кўпроқ таъкидланмоқда ва бу борада кенг кўламли изланишлар, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шу жиҳатдан Похлебкин деган рус олимининг 2005 йили Москвада чоп этилган “Татарлар ва Русь” деган китоби аҳамиятли.

Мазкур тадқиқотда ёзиладики, бирлашган рус қўшини Куликовода эришган ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ютуқ Олтин Ўрда томонидан икки йил ўтмаёқ тўла барбод қилинган, яъни сиёсий қарамлик амалда янада кучайган, Москванинг Тверь, Нижегород, Рязань князликлари билан муносабати ёмонлашган, Олтин Ўрдага бериладиган ўлпонлар нафақат қайта тикланган, балки икки баравар оширилган ва ҳоказо...

– Кейинги барча авлодлар шуури орқали ўтиб келган ушбу мавзу сўзсиз жуда оғир қабул қилинади, – деб қайта-қайта такрорлайди Похлебкин. – Аммо, ўша даврнинг шафқатсиз урф-таомилларини умумий контекстдан ажратган ҳолда қабул қилиш керак эмас. Масалан, Москва князи Саройга берилган ўлпондан ташқари ўз хазинасини тўлдириш учун махсус солиқлар жорий этди...

Шу тарз Куликово жанги натижалари йўққа чиқарилиб, Москва князлигида тараққиёт яна юз йил орқага сурилди ва Ўрда билан муносабатлар истиқболи унинг учун яна зулмат билан ўралди. Агар янги бир тарихий ҳодиса юз бермаганида Ўрда зулми абадий бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди.

Хуллас, Турон султони Амир Темур олиб борган урушлар натижасида Олтин Ўрда қўшинлари йўқ қилинди, иккала пойтахти ҳам харобага айлантирилди, мамлакат пароканда этилди ва Олтин Ўрда давлатининг умуртқаси синдирилди. Натижада Амир Темур 14-асрнинг охирида олиб борган ҳарбий ҳаракатлар туфайли Руснинг Ўрда устидан ғалаба қозонишига олиб келган шароит-омил вужудга келди...

Европада икки мингинчи йилнинг биринчи ярмида рўй берган энг қонли муҳораба дея саналадиган Қундузча жанги бўлиб ўтган жойнинг аниқ ўрни ҳозирги кунгача маълум эмасди. Самаралик олим Александр Опарин интернет орқали ўзининг туғилган жойларини ўрганар экан, Кондурча (илгариги Қундузча, муаллиф) ва Сок дарёларини бир-бирига боғлаб турган 13 километрлик тупроқ деворга эътибор қаратди. Бу тупроқ девор 40–50 квадрат километр ҳажмдаги майдонни ёпиб туради.

– Аён бўлдики, Амир Темур ҳарбий қароргоҳини ўрта аср ҳарбий-муҳандислик илми қонун-қоидаларига кўра бунёд эттирган ва унинг дам олган ва қорни тўқ навкарлари Тўхтамишга қарши жангга кириб ғолиб чиққанлар, –дейди Красний Яр қишлоғи ўлкашунослик музейи директори Юрий Бриков.

Бир пайтлар тарихда машҳур жанг бўлиб ўтган Малая Каменка қишлоғига ёндош даладан ўқ-ёй учлари, 14-асрга оид тангалар, ханжар тиғлари – ҳаммаси бўлиб 40 дона буюм топилди. Самара вилоят ўлкашунослик музейининг етакчи археологлари Дмитрий Сташенков, Анна Кочкина қароргоҳда қазиш ишларини бошлаб юборишган. Маҳаллий рассом Александр Малигин Тўхтамиш отлиқларининг Темур қўшинлари ўнг қанотига тўсатдан қилган ҳужумини акс эттирувчи полотно яратибди!

Топилган барча буюмлар музейнинг янги биносидаги экспозиция залида марказий ўринни эгаллайди.

Кейинги вақтларда Самара вилоятига сайёҳларни жалб этиш мақсадида ҳар йили 18 июн куни Қундузча жангининг театрлаштирилган томошаси ташкил этилмоқда. Самаралик мактаб ўқувчилари Россия тарихида чуқур из қолдирган жанг бўлиб ўтган шу майдонда ҳам худди Куликово ва Бородинода бўлгани сингари ёдгорликлар қўйилиб, эртами-кечми ҳақиқат тантана қилишини хоҳлайдилар.

Кези келганда, яна битта эътиборли ва қизиқарли бир жиҳатни билиб олсак ортиқчалик қилмайди: 2014 йили “Шарқ” НМАК ёзувчи Қамчибек Кенжа қаламига мансуб “Буюк соҳибқирон ўтган йўлларда” сафарнома асарини чоп этди. Китобни варақлаган киши унинг 224-225-саҳифаларидаги бобнинг “Россияда ўзбек ҳовлиси” деб номланганини кўради. Мазкур боб Самара вилоятининг обрў қозонган ишбилармонларидан бири ҳақида.

– У асли Сурхондарёдан, деновлик Ўрол Жўраев, – дея таъкидлайди китоб муаллифи. – Россияда соҳибқирон қадамжоларини ўрганишда фаол қатнашиб туради. Красний Яр тумани ҳудудида жойлашган буюк Амир Темур истеҳкоми ўрнидан каттагина ер сотиб олиб, ўзбекча андозада чиройли ҳовли-жой қурибди. Музейга ўхшайди. Ўзбекистоннинг кичик нусхасини кўчириб олиб борган, дейсиз. Ўзбекча ҳаммом, толлар билан қуршалган ҳовуз, қўқонча равоқли шийпон...

Ҳамма нарсаси бор. Бироқ туғилиб ўсган юртидан йироқда яшайди. Озгина бўлса-да, ватан соғинчини босиб турармикан, деган илинжда шу ишга қўл урган-у тасодифан Амир Темур бобомизнинг қадами теккан жойлардан бир парчасига эгалик қилаётганидан боши кўкда!..

Минг-минг ҳайратлар бўлсинки, Яратганнинг даргоҳида, ҳадсиз-ҳудудсиз осмону фалакнинг тасаввурга ҳам сиғмас даражадаги улкан ва сону саноқсиз планеталари орасида ўз ўрнини топиб сайрона юрган Она Еримизда нималар бўлмайди, ўзи! Ҳазрат соҳибқирон бундан 625 йил муқаддам Мовароуннаҳр давлати манфаатини кўзлаб Олтин Ўрданинг умуртқа поғонасини синдириб ғалаба қозонган ва шу орқали Русь учун ҳам холис катта хизматлар қилган майдонда сурхондарёлик бир йигит бу нарсалардан бохабар бўлмаган ҳолда мулк барпо этиб томир ёйишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз!..

Абдулла Холмирзаев.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг