Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил Тиллабоев

Халқ учун ишла, ўзинга қайтмаса, фарзандингга қайтади!

Ёшлар китоб ўқимай қўйганми?

Ёшлар китоб ўқимай қўйганми?

Фото: «Pixabay»

Илгари бунинг сабаблари, китобларнинг қимматлиги, бозор иқтисодиёти деб ҳамма китобга эмас, пулга ўзини урганлиги ҳақида кўп мунозара қилинарди. Аслида бозор иқтисоди ривожланган бошқа давлатларда биздан ўн карра кўп китоб ўқилишини билсак-да, негадир биз сабабни шундан излашга ўрганиб колгандик...

Одамлар пул топишга берилиб кетиб китоб ўқигани вақт тополмай қолди деб овундик. Aҳвол шу даражага етдики, кўча-кўйда китоб ўқиб ўтирган одамни учратмай қўйдик, энг ёмони шунга кўника бошладик. Шавкат Мирзиёев президент бўлган кундан бошлаб китобхонликни тарғиб қила бошлади. Aввало ҳар бир нутқида шоҳ асарлардан албатта иқтибос келтиришига ўргандик, баъзан севган асарларини тавсия қилиб мақтаган жойлариниям эшитдик. Конституциямизнинг 25 йиллигини нишонлаш тадбиридан бошлаб халқ учун кутилмаган дастур тайёрланди, катта саҳнага қўшиқчилар билан бирга эл суйган шоирлар, кўпчиликка ҳали таниш бўлмаган шоирлар чиқиб, ўз шеърларини ўқиб беришди. Халқ асл шеърларни муаллифларнинг ўзидан тинглай бошлади.

Кейинчалик китоб савдосини янада такомиллаштириш ҳақидаги қарор эълон қилинди (лекин бу қарор ижросида бироз оқсалаётгандек туюлмоқда). Китобга муҳаббатни оширишнинг бошқа йўлларини ҳам жорий этиш ҳақида ўйланди. Кўпчилик нима қилса бўлади деб турганда президент навбатдаги кутилмаган қарорга келди: китоб ўқиган кишига машина берамиз!

Моддий рағбатлантириш «бозор иқтисоди»ни рўкач қилиб китобни бир чеккага қўйиб қўйган кишиларни ҳам мутолаага жалб этишнинг энг зўр усули эди, бу борада ажойиб йўл танланди. Шундай қилиб республика бўйича «Энг яхши китобхон» танлови эълон қилинди. Қувонарлиси, 20 ёшгача ва 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар учун алоҳида-алоҳида иккита машина ютуққа тикилди. Вилоят босқичи қандай ўтганидан хабарим йўқ, лекин танловнинг республика босқичини ҳар куни имкон борича кузатиб бордим. Телеканаллар ҳам танловнинг аҳамиятини яхши ҳис қилгани кўриниб турди. Президентнинг «ўз номига ярашмаяпти, ёшларнинг ҳидиям йўқ» деган танқидидан кейин ёшлар учун ранг-баранг кўрсатувлар намойиш қилиб, ўзини ўнглаб олган «Ёшлар» телеканали танловдан жонли кўрсатувлар тайёрлаб томошабинларни воқеалар ривожидан хабардор қилиб борди. Ҳар икки танлов тугаши билан келаси ҳафта 4 тури ҳар куни биттадан такроран намойиш этилди. Одамлар сериалларини бир чеккага суриб қўйиб, икки ҳафта давомида оиласи билан энг ибратли танловни кузатиб, ўзларининг билиминиям синаб ўтирди. Танлов истеъдодли ёшларни халққа кашф қилиб берди. Менимча, булар ичида Aллоҳнинг иродаси билан кўзлари кўрмаса ҳам танлов доирасида 80 та китоб ўқиганини айтиб яқин бир-икки йилда қўлига китоб олмаган кўп тенгдошларини уялтирган Умиджон бутун халқимизнинг меҳрини қозонди.

Шунингдек, ўша 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги танловда андижонлик қизнинг 4-босқичда қандай чиққанини кўрдингизми? Овози бўғилиб зўрға гапирди, ҳакамлар овозингга нима қилди деса, кечаси билан шеър ўқиб бўғилиб қолди овозим деди... Бу каби ҳолатлар кишини тўлқинлантирмайдими? Ҳа, дўстлар, кечалари ухламай китоб ўқиб чиқадиган ёшларни энди кўп кўрамиз!

20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги танлов ҳам бутун республикада, ҳар бир ишхонада, мактаб ёки олий ўқув юртида, кўча-кўйда муҳокама қилиб борилди. Бунда «Ёшлар» телеканали мамлакатдаги энг яхши ёш журналистлардан унумли фойдалангани ҳам кўрсатувларнинг муваффақиятини таъминлади. Ширин сўзлари билан иштирокчилар кўнглига йўл топа оладиган Гулҳиданинг улардан интервю олишга жалб қилиниши, тагдор ва ўринли ҳазиллари билан қатнашчиларни йўналтириб турган Ҳамза Жумаев ва опаларча меҳрибонлик билан иштирокчиларни руҳлантириб турган Лола Зуннунова ўз вазифаларини аъло даражада бажариб, танловнинг яхши ўтишига ҳисса қўшдилар.

Мен танловни кузатиш жараёнида иштирокчиларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида ўз хулосаларимни чиқардим. Биласизми, 20-30 ёшлилардан нафақат мен, балки бутун ташкилотчилару ҳакамлар кўп нарса кутгандик...

Қатнашчиларнинг кўпи ҳаяжонини бироз босиб, шошма-шошарлигини йиғиштириб олганида яхши бўлармиди деб ўйлаб қолдим. Мен бир иштирокчининг кутиш залида бошқаларга ўхшаб бақириб-чақириб билағонлик қилгани тугул, ўша хонада ўтирганини ҳам кўрмадим. Балки адашаётгандирман, тўртинчи турдагина сал кўриниш берди. Унгача у бир чеккада бирон китобини ўқиб ўтиргандир. Ўзига навбат келганда эса шахдам-шахдам юриб чиқиб, барча саволларга тўла-тўкис жавоб бериб, ҳакамлар ва телетомошабинларни лол қилиб энг юқори балл олиб чиқиб кетаверди. Бу Қўқон давлат педагогика институтининг 24 ёшли талабаси Шарофат Исмоилова эди! Унинг бир жиҳатига қойил қолдим. Эътибор бердингизми, охирги тур барча учун қийин келди, 13 та иштирокчидан 3 тасигина балл олди. Шарофат ҳам Эркин Воҳидовнинг шеърини тополмади ва саҳнадан чиққач йиғлаб юборди. Журналистнинг «Нега йиғлаяпсиз?» деган саволига «Мен бу шеърни топишим керак эди, мен олтиариқликман, устоз шоиримиз Эркин Воҳидов ҳам олтиариқлик эди, мен бу ҳамюртимнинг шеърини топишим шарт эди» дея йиғлади! У балл йуқотганига эмас, буюк шоирнинг руҳи олдида уятдан, орияти келиб йиғлади. Мана сизга ватанпарварлик, мана орият! Менимча, шу вазиятда мен каби Шарофатнинг ҳамиятига тан бериб йиғлаганлар жуда кўп бўлса карак...

Шарофатга олий мукофот топширилаётган вақтда яна тўлқинландим. Унга президент совғаси — «Спарк» автомашинаси калити берилди ва уни машинага чиқишга чорлашди. Шунда у томошабинлар орасидан падари бузрукворини олиб чиқди ва калитни отасига топширди, рулга ўтирғизди, ўзи эса отасининг ёнига ўтирди! Илмли ва маърифатли қиз шу жойда ҳам бутун ўзбек ёшларига улкан намуна кўрсатди, ота-она ҳурматини, ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган ҳурматни намойиш қилди.

Биринчи марта ташкил қилинган «Энг яхши китобхон» кўрик- танлови, менимча, Ўзбекистондаги энг яхши танлов бўлди десак арзийди. Бутун Ўзбекистон халқини китоб ўқишга ундаш ва китобхонликни мана шундай юксак рағбатлантириш ишлари менга жаҳонга машҳур не-не алломаларимизни етиштириб берган Маъмун академияси давридаги ҳолатларни эслатмоқда. Ўша даврда ҳам китоб, китобхон ниҳоятда қадрлангани туфайли минг йиллардан буён ардоқланадиган буюк алломаларимиз етишиб чиққан эди. Яна шундай давр бошланаётганига ишонаман.

Ҳа, айтганча, танлов минглаб қалбларни илҳомлантиргани рост: менинг мактаб-интернатимда битта синф ўқувчилари бу танловни кўргач ташаббус билан чиқишибди, энди мактаб-интернатда шу синф ташкилотчилигида «Энг яхши китобхон учун 8-«а» синф кубоги» кўрик-танлови ўтказилади!

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг