Боғотдаги кўчалардан бирига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилади

Президент Мирзиёев шу йил 12 июнь куни Ш.Хўжаниёзованинг 70 йиллик юбилейини Хоразм вилоятида кенг нишонлашни таклиф этди.
Шу билан бирга, Боғотдаги кўчалардан бирига ва ўзи асос солган бадиий гимнастика мактабига Шакаржон Хўжаниёзова номи берилиши маълум қилди.
«Хоразм аҳли ҳурматини қозонган машҳур аёл раҳбарлардан бири бўлган Шакаржон Хўжаниёзова 8 йил олдин оламдан ўтган эди. Мен Шакаржон опани кўп йиллардан буён жуда яхши билар эдим. Ҳар сафар Хоразмга келганимда самимий мулоқот қилардик.
У инсон эл-юрт ташвиши, ўз касбига садоқат билан яшадилар. Ҳалол ва фидокорона меҳнатдан бир дақиқа ҳам тўхтамадилар», – деди Президент.
Қайд этилишича, вилоятдаги фаол хотин-қизлар ўртасида Хўжаниёзова номидаги раҳбар аёллар танлови ўтказилади. Жасоратли ва меҳнаткаш аёл сифатида Ш.Хўжаниёзованинг ҳаёти кенг ёритилади.
Маълумот учун, 1955 йилда Хоразм вилояти, Боғот туманида туғилган Шакаржон Хўжаниёзова 2017 йилнинг 28 октябрида вафот этган эди. У ўша йилнинг 25 январидан вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Бундан аввал, Хоразм вилояти ҳокимининг ташкилий, иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, шунингдек, Боғот туман ҳокими лавозимларида меҳнат қилган.
У 1998 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2004 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвонлари билан мукофотланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter